Линклар

logo-print

Қирғизлар демократ президентни унутгани йўқ


Кўплаб қирғизистонликлар интернет орқали ўз биринчи президентлари Асқар Ақаевни 65 ёши билан табрикламоқдалар.

Кўплаб қирғизистонликлар интернет орқали ўз биринчи президентлари Асқар Ақаевни 65 ёши билан табрикламоқдалар.

Қирғизистон Компартиясининг собиқ биринчи котиби билан кетма-кет ўз таваллуд кунини нишонлаган Асқар Ақаевни¸ аввалгисидан фарқли режим эмас¸ халқ вакиллари қутлади.

Қирғизистон Коммунистик партиясининг собиқ биринчи котиби Турдақун Усубалиевнинг 90 йиллиги Бишкекдаги миллий филармонияда президент Қурмонбек Бакиев иштирокида ўтди.

Юбилейда нутқ сўзлаган президент¸ Турдақун Усубалиев мамлакат ривожи учун ва миллий кадрларни тарбиялашда катта хизмат қилганини таъкидлаб, 90 ёшли собиқ биринчи котибга “Жип” русумидаги автомашина совға қилди.

10 ноябр куни Қирғизистоннинг биринчи президенти, 2005 йил март инқилобидан сўнг ҳокимиятдан кетган Асқар Ақаев ҳам 65 ёшга тўлди.

Турдақун Усубалиев юбилейидан фарқли ўлароқ, Асқар Ақаевнинг юбилейи ҳақида расмий Бишкек¸ табиийки¸ эслагани йўқ.

Аммо Қирғизистон расмийларидан фарқли ўлароқ қирғиз матбуоти бу санага кўпроқ эътибор қаратди. Матбуотда Асқар Ақаев шахсини улуғловчи ва унга танқидий муносабат билдирилган кўплаб мақолалар пайдо бўлди.

Қирғиз матбуоти Ақаев Қирғизистонни Марказий Осиёнинг “Демократик оролчаси”га айлантирганини, собиқ постсовет давлатлари орасида энг биринчи бўлиб миллий валюта жорий этгани ва колхозларни йўқ қилиб, ерларни мерос қолдириш ҳуқуқи билан хусусий мулк қаторида деҳқонларга бўлиб бергани ҳақида ёздилар. Шу билан бир қаторда, қирғиз матбуоти Ақаев президентлигининг сўнгги икки-уч йилида халқдан узоқлаша бошлаганини ҳам таъкидлади.

Қирғиз мухолифати лидерларидан бири Ўмурбек Текебаев фикрича, 2005 йил март инқилобидан сўнг мамлакатда юзага келган вазият учун ҳам энг аввало Асқар Ақаев жавобгардир.

- Асқар Ақаев биринчи президент сифатида қўшни давлатларга солиштирганда юмшоқроқ, демократикроқ режим тузди. У халқ ва халқаро ҳамжамият фикри билан ҳамиша ҳисоблашишга ҳаракат қилди. Бироқ президентлигининг сўнгги йилларида у оилавий бошқарув тизимини мустаҳкамлади, ҳокимиятни ўз қўлига жамлашга ҳаракат қилди. Инқилобдан кейин ҳокимиятга келган янги ҳукумат ҳам айни Ақаев президентлигининг сўнгги йилларида асос солинган тузимни ривожлантирмоқда. Бугунги кунда оилавий бошқарув тизими ўзининг энг юқори чўққисига етди, деди Ўмурбек Текебаев.

Қирғизистон ноҳукумат ташкилотлари коалицияси раҳбари Тоқтайим Уметалиева фикрича, Ақаев шахсига бир томонлама ёндашмаслик лозим. Суҳбатдошимиз Қирғизистонда бугунги кунда кузатилаётган иқтисодий ўсишга айнан Ақаев даврида замин яратилганини айтади:

- Асқар Ақаевнинг даврида 2010 йилгача комплексли ривожланиш дастурини ва мана шу дастур доирасида қашшоқликка қарши кураш лойиҳасини қабул қилганмиз.

Бу дастурни амалга ошириш икки босқичдан иборат бўлиб, кўплаб хориж давлатлари билан шартномлар имзоланган. Бугун Қирғизистонга катта миқдорда келаётган техник воситалар, хорижий сармоялар ва кўплаб қурилишлар Ақаев даврида имзоланган шартномалар асосида бўлмоқда.

Асқар Ақаевнинг президент сифатидаги энг катта ютуғи сўз эркинлиги ва ҳурлик ғоясини қирғиз халқи юрагига мужассам эта олганидир, деди Тўқтайим Уметалиева.

Асқар Ақаев президент сифатида Қирғизистонни 15 йил бошқарди. Қирғиз Конституциясига мувофиқ унинг президентлик муддати 2000 йилда якунланиши лозим эди.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар фикрича, агар Ақаев 2000 йилда ҳокимиятдан кетганида, у қирғиз давлатчилиги учун катта ҳисса қўшган сиёсий арбоблар қаторидан жой олган бўларди.

Ақаевнинг ҳокимиятни муддатидан кўп бошқариши, президент оиласининг давлат ишларига аралаша бошлаши эркинлик ва ҳурлик таъмини тотган қирғиз халқида норозилик уйғота бошлади.

Президент Ақаевнинг икки фарзанди парламент депутатлигига сайлангани эса халқ норозилигини янада кучайтириб, 2005 йилги март воқеаларига сабаб бўлди.

- Қирғизистонга ҳокимиятни алмаштириш тажрибаси керак эди. “Президент бу хон эмас, уни алмаштирса бўлади ва буни қилиш шарт”, деган тушунча халқ онгига сингиши зарур эди.

Шунинг учун ҳам Ақаевни ҳокимиятдан ағдарган март инқилоби нафақат ҳукумат, балки халқ учун ҳам катта тажриба бўлди ва янги ҳокимият ўз фаолиятида бу тажрибани эсдан чиқармаслиги керак, деб ўйлайман, дейди сиёсатшунос Мирсулжон Мамасолиев.

Асқар Ақаев 2005 йил март инқилобидан сўнг Қирғизистонни тарк этишга мажбур бўлди. У ўзининг 65 ёшини Москвада кутиб олди. Россия матбуоти хабарига кўра¸ физика соҳаси бўйича академик Асқар Ақаев айни кунларда сиëсатдан узоқлашган ва Москва давлат университетида талабаларга дарс бериб, илмий фаолият билан шуғулланмоқда.
XS
SM
MD
LG