Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:08

Тўражонзода сиёсий маҳбусларга эркинлик сўради


Тожик мухолифати собиқ лидери Ҳожи Акбар Тўражонзода.
Тожик мухолифати собиқ лидери Ҳожи Акбар Тўражонзода.

Тожикистон Миллий мажлиси депутати¸ Ҳожи Акбар Тўражонзода президент Раҳмондан қамоқда қолаëтган собиқ сафдошларини озод қилишни сўради.

Тожик мухолифати собиқ лидерларидан бири Ҳожи Акбар Тўражонзода маҳаллий ахборот воситалари орқали президент Имомали Раҳмондан уч сиёсий маҳбус - Яқуб Салимов, Ғаффор Мирзоев ва Маҳмадрўзи Искандаровни авф этишини сўради.

- Ўз сиёсий ақида ва ғоялари учун қамалган собиқ Халқ фронти лидерлари Ёқуб Салимов ва Ғаффор Мирзоев ҳамда Тожикистон Халқ демократик партияси собиқ раиси Маҳмадрўзи Искандаров авф этилишини сўрайман. Чунки улар ҳам мамлакатда барқарорлик ўрнатишга ўз улушларини қўшган, буни¸ албатта¸ назарга олиш керак деб ўйлайман, дейди Акбар Тўражонзода.

Тўражонзода фикрича, бу шахслар қамоқхонадаги ҳаёти чоғида ўз қилмишларидан пушаймон бўлган¸ саломатлиги ҳам анча ёмонлашган. Шу нуқтаи назардан “... агар давлат раҳбари уларни кечириб, озод қилган тақдирда ҳам улар давлат сиёсатига, жамият барқарорлигига ҳеч қандай хавф туғдирмайди”, дея ишонч билдиради собиқ тожик мухолифати лидери.

Тўражонзода авф этилишини сўраётган мамлакат собиқ Ички ишлар вазири Ёқуб Салимов ва президент гвардияси собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоев ўз даврида Имомали Раҳмоннинг энг яқин кишилари саналган. Аммо кейинчалик турли жиноятлар содир этганликда айбланган Ёқуб Салимов 2005 йида Олий суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бироқ орадан тўрт йил ўтганига қарамай, собиқ вазир ҳамон вақтинчалик тергов изоляторида сақланиб келинмоқда. Унинг яқинлари бир неча марта президент номига очиқ хат ёзиб, Ёқубнинг қамоқхонага кўчирилишини сўраганига қарамай¸ бу мурожаатлардан бирор натижа чиқмади.

Президент гвардияси собиқ қўмондони Ғаффор Мирзоев 2006 йилда ноқонуний қурол-аслаҳа сақлаганлик, наркотиклар ноқонуний савдоси билан шуғулланганлик ва бошқа шу каби ўнлаб жиноятларда айбдор деб топилиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилган эди.

Айни шундай жиноятлар содир этганликда айбланган Тожикистон Демократик партияси собиқ раиси, собиқ мухолифат лидерларидан бири Маҳмадрўзи Искандаровга 2005 йилда 23 йиллик қамоқ жазоси тайинланган эди.

Суд жараёнларининг ёпиқ эшиклар ортида ўтказилгани сабабли уларга қўйилган айбларнинг қай даражада асосли экани жамият учун сирлигича қолди. Шунинг учун бўлса керак, тожик жамиятидаги аксарият сиёсий доиралар вакиллари ва таҳлилчилар бу уч лидерга қўйилган айблар нисбий экани, аслида улар ўз сиёсий ғоялари учун сиёсий саҳнадан четлаштирилиб, жамиятдан изоляция қилинганини айтиб келишади.

Мустақил таҳлилчи Ҳикматулло Сайфуллозода фикрича, бу уч нафар фуқаро сиёсий маҳбус саналади ва айнан шу нуқтаи назардан улар ҳеч қачон авф этилмайди.

- Бизда сиёсий маҳбуслар борлиги расман инкор этилади. Аммо сиёсий партия раиси ва сиёсий фаол одам Маҳмадрўзи Искандаровни қайсидир жиноятларда айблаб қамашган бўлмасин, унинг сиёсий маҳбуслигини инкор этиб бўлмайди. Гарчи бизда умумий авф эълон қилинса-да, "давлат сиёсатига қарши жиноятларда қўли бор", деб қаралган бундай кишилар амнистия қилинмаган, дейди Ҳикматулло Сайфуллозода.

Айни пайтда¸ Сайфуллозода бир кун келиб Тожикистон ҳукумати тепасига бошқа раҳбарлар келиши ва бу принципларнинг синишига ишонади.

Тожикистон сиёсатшунослар миллий уюшмаси раиси Абдуғани Мамадазимов бу учала собиқ лидер тожик жамяти учун ўта хатарли кишилар саналгани учун ҳам авф этилмаяпти¸ деган фикрда.

- Сиёсий маҳбуслар экани айтилаётган бу кишиларнинг қамоқхоналардан қўйиб юборилиши туфайли жамиятимизда яна беқарорлик вужудга келиши ва 1992 – 97 йиллар ( Тожикистондаги фуқаролик урушини назарда тутаяпти - таҳририят) воқеалари қайта такрорланиши мумкин, дейди Мамадазимов

Аммо Тожикистон Коммунистик партияси раиси, Авф тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокамасида қатнашган депутат Шоди Шабдолов Ёқуб Салимов, Ғаффор Мирзоев ва Маҳмадрўзи Искандаровнинг сиёсий маҳбус саналмаслигини таъкидлайди. Шунинг учун ҳам Авф тўғрисидаги қонунда сиёсий маҳбуслар учун алоҳида модда йўқлигини билдирди.

- Бу кишиларнинг авф этилиши масаласига келсак, уларнинг амнистияга тушишига оид сўнгги қарор фақат давлат раҳбари томонидан қабул қилинади. Биз депутатлар “уни авф этинг, бунга раҳм қилинг”, деб айтиш ҳуқуқига эга эмасмиз, деди қуйи палата депутати Шоди Шабдолов.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистоннинг 18 йиллик мустақиллиги даврида қабул қилинган 12 та Авф тўғрисидаги қонун асосида тахминан 61 минг киши авф этилган. Аммо улар орасида собиқ тожик мухолифати лидерлари ёки бир вақтлар ҳукумат сиёсий саҳнасида бўлиб, сўнгроқ қамалган кишилар йўқ.

Айни пайтда собиқ мухолифат лидери Тўражонзоданинг сиёсий маҳбусларни авф этиш борасидаги таклифига иқтидордаги ҳукумат расмийлари ҳеч қандай муносабат билдирганлари йўқ.
XS
SM
MD
LG