Линклар

Болалар декабрга қадар далада қолади


Пахтазорда қолган йилт этган оқлик изидан болалар кунни ҳамон далада ўтказмоқда.

Пахтазорда қолган йилт этган оқлик изидан болалар кунни ҳамон далада ўтказмоқда.

Ўзбекистондан олинган хабарларга қараганда¸ нафақат Жиззах¸ балки мамлакатнинг қолган вилоятларида ҳам¸ ҳаво совиб¸ ëмғир ва қор ëққанига қарамай¸ мактаб болалари ҳамон далага ҳайдалмоқда.

Жиззах ҳокими пахта теримини 20 ноябргача чўздирган бўлса, мамлакатнинг айрим ҳудудларида теримнинг 1 декабргача давом этиши айтилмоқда.

Самарқанднинг Каттақўрғон туманида яшовчи суҳбатдошимизнинг айтишича, вилоятда пахта терими 1 декабргача давом этиши кутилаяпти.

- Ўқитувчилар чиқаяпти. Коллежларни бир қайтарди-ю¸ қайтариб яна олиб кетди ëтоққа.

Озодлик: Демак¸ пахта терими шу кунда ҳам давом этаяпти.

-Ҳа¸ давом этаяпти. Пахта мажбурийда.

Озодлик: Мактаб ўқувчилари ҳам пахтадами?

- Мактаб ўқувчиларидан 9-синфларни олиб чиқаяпти. Маҳаллада ҳам шу аҳвол. Пособие олаëтганларни олиб чиқаяпти. Пособие олаëтганлардан ким чиқмаса¸ пахтага чиқмагани учун 20-30-40 мингдан пул олаяпти. Агар битта бола бўлса¸ 20 минг. Иккита бола бўлса¸ 30-40 минг.

Озодлик: Пулни “пахтага”, деб олаяптими?

-Ҳа.

Озодлик: Пахтага чиқмаса¸ шунча пул бериши керакми?

- Ҳа¸ ë пахтага чиқиши керак ëки пул бериши керак. Пахта 1 декабргача деган гап бор¸ дейди самарқандлик аёл.

Фарғоналик ўқитувчи Шарифжон акага кўра, водий ўқувчилари 15 ноябргача пахта даласида бўлишади.

- Пахтага 6 октябрдан чиққанмиз. Роса бир ой 8- 9- синф ўқувчилари ва 40 нафар ўқитувчи пахтада бўлдик. Дастлаб пахтани “октябр ойининг охиригача”, дейишган эди. Кейин 5 ноябргача¸ кейин 10 ноябргача дейишди. Кеча эса 15 ноябргача деган гап айтишди, дейди фарғоналик ўқитувчи.

Қорақалпоғистонлик ўқувчилар эса пахта теримининг қачон тугашидан ҳам бехабар. Абдулла ака исмли ўқитувчининг айтишича, Қорақалпоғистон далаларида пахта деярли қолмаган бўлса-да, ўқувчилар, талабалар ва ишчи-ходимлар мажбурий равишда далага ҳайдалмоқда.

Абдулла ака:
Теришга пахта йўқ-ку, лекин ҳали 5-синфдан юқори ўқувчилар далада юрипти.

Озодлик:
Ҳамма синф ўқучиларими?

Абдулла ака:
5-6-7-8-9-синфлар.

Озодлик:
Яна кимлар пахтада ҳозир?

Абдулла ака: Ўқитувчилар пахтада. Умуман ҳамма. Мактабларнинг ҳаммаси ëпилган¸ пахтага сафарбар қилинган.

Озодлик: Менимча¸ Қорақалпоғистонда ҳам ҳаво анча совиб қолди-а?

Абдулла ака: Ҳа¸ совиб қолди.

Озодлик: Шунда ҳам далада пахта терими бўлаяптими?

Абдулла ака: Болалар кунига беш-олти кило теришаяпти. Пахта йўқ-ку. Қидириб¸ айланиб теришаяпти. Сарсон-саргардончилик. Талаб шу. Ноилож. Ҳамма шунга сафарбар этилган.

Озодлик: Терим қачонгача бўлиши ҳақида бирор гап-сўз борми?

- Ҳеч қанақа гап йўқ. Бу ҳақда ҳали ҳеч қандай кўрсатма бўлгани йўқ, дейди қорақалпоғистонлик Абдулла ака.

Қашқадарёлик Бухар аканинг айтишича, ўқувчи ва талабалар пахтадан уйларига қайтарилган бўлса-да, ҳануз терим тўхтагани йўқ.

Бухар ака: Ëтоққа олиб кетган болаларнинг ҳаммасини олиб келган.

Озодлик: Ҳозир пахта бўлмаяптими?

Бухар ака:
Пахта бор. Узоқ жойларга олиб кетилган коллеж ва мактаб болаларининг ҳаммасини олиб келган. Ҳозир мактаб болаларини ҳам¸ ишловчиларни ҳам кунликка чиқараяпти. Эрталаб пахтага кетиб кечқурун қайтарилаяпти.

Озодлик: Нечанчи синф ўқувчилари пахтага чиқаяпти?

Бухар ака: 6-синфдан юқориси.

Озодлик:
Ҳозир Қашқадарëда об-ҳаво қанақа?

Бухар ака: Икки кундан бери яхши. Ҳаво очиқ.

Озодлик: Далаларда пахта борми?

Бухар ака: Бор, ҳали кўп. Кун ҳам очилиб кетди, дейди қашқадарёлик Бухар ака.

Кўринадики, Қашқадарёда бир томондан кунлар исиган бўлса, иккинчи томондан далада пахта ҳали кўп бўлса, вилоят мактабларида ҳали-бери дарс машғулотлари бошланмаса ҳам керак.

Хоразмда ҳам ҳамон пахта терими давом этаяпти. Хоразмлик 13 ёшли Фарангиз синфдошлари билан 20 сентябрдан буён далада пахта теради.

Лекин Фарангиз бугун далага чиқмади. Фарангизнинг пахтага бормагани сабабини билишдан аввал ундан кеча неча кило пахта терганини сўрадик.

Фарангиз кеча 2 кило пахта терган. “Чунки ҳаво жуда совуқ эди”, дейди Фарангиз.

- Далага соат 10 ларда бориб тушдик. Палтода эдим. Лекин барибир совуқ бўлди. Пахта кўп термадик. Аввал кўрак тердик ва кейин ўтириб ундан пахтани ажратиб олдик. Қаттиқ совуқ бўлди. Кейин биз ўтин йиғдик. Директоримиз уни бизга ëқиб берди. Кейин оловнинг теварагида ўтириб исиндик, дейди Фарангиз.

Бизнинг Фарангиз билан суҳбатимиз у мактабга отланаётган бир пайтга тўғри келди. Айтишича, 11 ноябрдан уларга дарс машғулотлари бошланган.

Сирдарёлик Ҳазратқул Эрназаровнинг Озодликка билдиришича, бу вилоятнинг айрим мактабларида ҳам дарслар бошланган.

Ҳазратқул Эрназаров: Кеча пахтадан қайтди болалар.

Озодлик: Ҳозир ҳеч ким далага чиқмаяптими?

Ҳазратқул Эрназаров: Иш билан банд бўлмаган бекорчи аëлларни чиқартираяпти ҳали ҳам.

Озодлик: Ўқитувчи¸ докторларчи?

Ҳазратқул Эрназаров: Уларнинг ҳаммаси қайтди. Студентлар¸ коллеж ўқувчилари уйларига қайтган. Ўтган кун ëмғир бўлди¸ қор бўлди. Шундан кейин ўқувчиларни пахтадан қайтарди.

Озодлик: Мактабларда ўқиш бошландими?

Ҳазратқул Эрназаров: Ҳа¸ мактабларда ўқиш бошланди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG