Линклар

logo-print

Эркин микрофон - "Буларнинг томи кетганми?"

  • Фаррух Юсуфий

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Жиззах бўйича Вазирлар маҳкамаси маъсулининг пахтакор фермерни ўзига гўр қаздиришга мажбурлаб¸ имомни унга тириклайин жаноза ўқитгани¸ воқеадан хабар топганларда ана шундай савол уйғотмоқда.

"Ўзбекларнинг куни ана шундай руҳан ноқис амалдорларга қолдими?"

- деб гап бошлади Тошкентдан қўнғироқ қилган Абдуқаҳҳор ака. У киши шу кунларда Озодлик интернет сайтида муштарийларимиз орасида муҳокамаларга сабаб бўлаётган мавзу – Ўзбекистон ҳукумати амалдорининг бир фермерга ўзи учун гўр қаздиргани ва имомни чақиртириб жаноза ҳам ўқитганига оид воқеага ўз муносабатини билдирди.

- Ўзингиздан қолар гап йўқ¸ одамларимиз ҳам ҳозир бошқачароқда. Энди бир нарсага тушунмайман. Ë у одамнинг томи кетиб қолганми¸ Ўктам Турсунов Вазирлар маҳкамасидан проверка билан борган эканку¸ фермерни олиб бориб ўзига гўр қаздириб¸ имомни олиб келиб жаноза ўқиттириб¸ энди билмадимку¸ Вазирлар маҳкамасидан борган одамнинг сал-пал анақаси, эси йўқроқми дейманда. Энди бу зўравонликда. Ўша фермерга ҳам ҳайрон қоламан. Шу даражада бу ҳам индамай турган эканми. Ўзига гўр қазиса. Бу қанақа деган гап? Наҳотки олий маълумотли одамлар шу даражада иш қилса. Тавба дейман. Бунақада яхши бўладими¸ дейди Абдуқаҳҳор ака.

Ҳукумат амалдорларининг бундай тарзда қуюшқонидан чиқиб, кўз кўриб, қулоқ эшитмаган бедодликларига ўзбекларнинг ўзида ҳам айб бор, деб давом этади сўзида тошкентлик тингловчимиз.

- Мана бир мақол борку “Балиқ бошидан сасийди” дейди. Нимагадир думидан тозалаймиз. Бизлар ҳам шу думидан тозалашимиз керак. Ўзимиздан секин. Энди ҳозир одамлар бир-бирига душман бўлиб қолган. Аҳилчилик йўқ. Мутлақ йўқ. Кимларнидир айблаб. Айб ўзимизда. Шу аҳволга тушганимизга 100 фоиз ўзимиз айбдормиз. Мана эрта-индин сайлов бўлади. Сайловда битта одам 20 та паспорт олиб боради¸ барибир. Одамларга фарқи йўқда. Ундан кўра борма. Нима қиласан? Халқимизнинг ўзида ҳам борда. Маҳаллада йиғилишиб чиқмаса. Конечно ҳамма ўзини ўзи сайлайди. Норози бўлсангиз¸ менимча ҳеч ким қамамаса керак. Бунақада бир-биримизга гапириб¸ фойдаси йўқ дейманда ўзимча. Ҳамма гап аҳилчиликда. Бой давлатмиз¸ ҳамма нарсамиз бор. Меҳнат қилишаяпти. Қанчаси чет элларда ишлаб ëтибди бечоралар. Яхши ҳам ишлаяпти. Ишламаганда нима бўларди? Бу Украина ҳам ҳолва бўларди. Ëнарди ҳамма¸ ëниб кетарди. Наҳотки шуни тепадагиларимиз озгина ўйлашмаса. Мустақил бўлсак¸ яхши бўлиб кетамиз¸ дунëда биринчи бўлиб кетамиз деб ўйлардим. Минг қилса ҳам мусулмонмиз. Раҳбарларимизга инсоф берса¸ бир-биримизни қўллаб-қувватласак¸ бизлардай бой давлат бўлмас эди. Ҳозир ҳаммаси нафс¸ нафс. Прокурур ҳам шу¸ ҳоким ҳам шу¸ милиция ҳам шу. Уларни ҳам ота-она туққандир. Наҳотки озгина виждон¸ иймон. Ҳеч буларга гапирадиган одамнинг ўзи йўқда¸ дейди Абдуқаҳҳор ака.

" Биз нима қиламиз?"


Фарғонанинг Бешариғидан қўнғироқ қилган нафақахўр, пенсиялар билан боғлиқ муаммодан гапирди.

- Бизнинг пенсияни почта орқали берарди. Ҳалиги газета¸ нима тарқатадиган почта орқали берарди. Халқ банкими қайсидир банкка ўтказармиш¸ деган гап чиқаяпти одамлардан. Кеча почтачидан “Шунақа гап чиқаяпти” деб сўрасам¸ “Амаки¸ мен ҳам билмадим” деди. Мен ўзим почтага бордим. Октябр ойининг пенсиясини энди олиб келдида. Биз кеч оламизда. Кеч беради. Ҳозирги пайтда бир-икки ой кечга қолади. Сўрасам¸ “Шунақа гапи бор” дейишди. Қайсидир бир жойда шуни текширишипти. Халқ банкигами¸ Пахта банкками ўтказишипти. Қишлоқ жойида яшаймиз. Биз бориб қанақа қилиб олиб келамиз деганимда.

Озодлик: Халқ банкининг филиали узоқми?

- Саккиз километрда. Дамаслар қатнайди. Улар боришга 500 сўм¸ келишга 500 сўм олади. Шунга ҳайрон бўлдимда мен. “Берсак¸ берамиз. Бермасак¸ ноябр ойиникини Халқ банкидан оласизлар” деган эди¸ мен қўрқиб кетдимда. Унақа қилмаса керак. Унда ким олиб келади бизга. Биз ногирон бўлсак¸ дейди Фарғонанинг Бешариғидан қўнғироқ қилган нафақахўр суҳбатдош.

Мозорнинг пулидан ҳам ҳазар қилмайдиган амалдорлар...


Бешариқлик қарияни ўз пенсияни туман марказига бориб олиш билан боғлиқ қийинчиликлардан ташвишга солаëтган бўлса, Қорақалпоғистондан сим қоққан навбатдаги суҳбатдошимиз ўз ҳудудида нафақаларнинг август ойидан бери берилмаётганини айтади.

- Бугун 11 ноябр. Қорақалпоғистон республикаси¸ Қонликўл туманида ҳеч бир пенсионер ëки биринчи-иккинчи гуруҳ ногиронлари нафақаларини олгани йўқ. Ҳали сентябрнинг пенсияси ҳам¸ нафақаси ҳам берилгани йўқ. Қанақадир пахта сотиб оладимией. Хуллас¸ пахтага боғлиқда пенсия. Пахта сотиб олаяптимией. Шунга ўхшаган миш-мишлар борда.

Озодлик: Демак¸ сентябр ойидан бери берилгани йўқ.

- Йўқ. Август ойиникини олдик. Бобом билан бувим бор. Иккаласи ҳам пенсионер. Ҳали сентябрникини олгани йўқ. Почтага деярли ҳар куни боришади. Пенсионерларку майлия¸ биринчи-иккинчи гуруҳ ногиронларига нафақани беришмади. Бунга нима деймиз энди¸ дейди Қорақалпоғистондан сим қоққан суҳбатдош.

Исмини айтмаслигимизни сўраган суҳбатдошимиз пенсионер ва ногиронларнинг ҳақини қисиб қолаётган амалдорларга бундай нисбат беради.

- Қанақадир бошқача йўл қилса бўлар эдикуя. Пенсияни олиб қолиш¸ нима деймиз энди бир¸ 9 майда мозорга борилганда¸ хайрия пули бериладию¸ ўша пулни бошлиқлар еб қўйиши билан баробарда бу пенсия ва нафақаларни еб қўйиши. Мозорнинг пулини еб қўйган билан тенг деб ўйлайман мен¸ дейди қонликўллик суҳбатдош.

***************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти маъсул эмас.
XS
SM
MD
LG