Линклар

logo-print

Баку блогерларни огоҳлантирди


Икки мустақил блогернинг қамалиши¸ Озарбайжондаги сўз эркинлиги вазиятининг ëмонлашганидан даракчи ўлароқ кўрилмоқда.

Икки мустақил блогернинг қамалиши¸ Озарбайжондаги сўз эркинлиги вазиятининг ëмонлашганидан даракчи ўлароқ кўрилмоқда.

Озарбайжонда икки мухолифатчи блогер безориликда айбланиб, бири 2 йилга¸ яна бири 2¸5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Ҳуқуқ фаоллари блогерларнинг сиёсий чиқишлари учун жазоланганини айтишмоқда.

30 яшар Эмин Миллий ва 26 яшар Аднан Ҳожизода Интернетда Озарбайжон расмийларини ҳажв этувчи суратларни нашр этганларидан сўнг ҳибсга олинган эдилар. Расмийлар бу икки блогер муштлашишга аралашганликлари учун жавобгарликка тортилганликларини айтишган. Ҳуқуқ ҳимоячилари эса бу икки блогер сиёсий қарашлари учун жазоланганини билдирмоқда.

Эмин Миллий ва Аднан Ҳожизодаларнинг адвокати Элтон Гулиев уларга нисбатан эълон қилинган ҳукм юзасидан юқори турувчи маҳкамага арз қилмоқчи.

- Улар нега ҳибс этилди? Уларнинг қамалиши қандай сабаблар билан боғлиқ? Бунга жавоб битта. Яъни уларнинг қамалиши ортида сиёсий сабаблар турибди. Бу икки ёшни энди сиёсий маҳбус деб атай оламиз, дейди Элтон Гулиев.

Эмин Миллий ва Аднан Ҳожизода Бокудаги тамаддихоналарнинг бирида 8 июл куни рўй берган муштлашув ортидан ҳибсга олинган эдилар. Ҳибсга олинишларидан бир неча кун аввал блогерлар Интернетда эшак қиёфасидаги шахс вазирлар маҳкамаси мажлисига раислик қилаётгани акс этган ҳажвий суратларни эълон этгандилар.

Шунингдек, март ойида ўтказилган ва мамлакат президенти Илҳом Алиевга такрор ўз номзодини сайловларда илгари суриш ҳуқуқини берган референдумни танқид остига олувчи мақолани ҳам эълон қилишган эди. Блогерларнинг қамалишига аслида ана шу сурат ва мақола сабаб бўлганини айтишади, уларнинг ҳимоячилари. Аднан Ҳожизоданинг отаси Ҳикмат Ҳожизода ўғли бегуноҳ эканини гапиради.

- Бу ҳолат Озарбайжоннинг халқаро имижига зиён етказади. Қандай қилиб суд бунақа қарор берганига тушуна олмаяпман. Биз апелляция маҳкамасига мурожаат этамиз. Чунки Аднан ва Эмин бегуноҳ, дейди Ҳикмат Ҳожизода.

Кузатувчилар маҳкаманинг блогерларни қамаш қарорига ҳукуматнинг мухолиф фикрловчилар овозини ўчириш сари қилган ҳаракати, дея изоҳламоқда. Бокулик сиёсий таҳлилчи Илғор Маммедов гапиради.

- Маҳкаманинг бу қарори барча озарбайжонлик ёшлар учун, сиёсий гуруҳларга қўшилмоқчи бўлган ёшлар учун бир огоҳлантиришдир. Яъни ҳукумат бундай ҳаракатларга қўшилсангиз¸ сизни ҳам жазолаймиз деган муждани йўлламоқда бу билан, дейди Илғор Маммедов.

Маҳкама икки блогерни қамаш ҳақида ҳукмни эълон қилар экан¸ бир гуруҳ озарбайжонлик ёшлар маҳкама биноси олдида норозилик тадбирини ўтказдилар. Прокуратура икки блогернинг ҳар бирига уч ярим йиллик қамоқ жазоси тайинлашни сўради. Суд уларнинг бирига икки йил¸ яна бирига икки ярим йиллик қамоқ жазоси тайинлади.

Ресторандаги муштлашувда қатнашган асосий гувоҳлардан бири, шикоятида милиция нима айтган бўлса¸ шуни ёзганини айтган. Ғарб давлатлари ҳукуматлари ва халқаро ташкилотлар, жумладан Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳам озарбайжонлик блогерлар Миллий ва Ҳожизодаларнинг қамалишини кескин қоралади.
XS
SM
MD
LG