Линклар

Мерган-қотил қатл қилинди


Адвокатларнинг айтишича, Жон Аллен Муҳаммад 1991 йилда биринчи Ироқ урушида иштирок этган ва у ердан қайтгач “Форс Кўрфази синдроми”дан азият чеккан.

Адвокатларнинг айтишича, Жон Аллен Муҳаммад 1991 йилда биринчи Ироқ урушида иштирок этган ва у ердан қайтгач “Форс Кўрфази синдроми”дан азият чеккан.

АҚШда 2002 йил давомида мамлакатнинг шарқий штатларида снайпер ҳужуми амалга ошириб, 10 кишини ўлдирган Жон Аллен Муҳаммад Виржиния штати қамоқхонасида қатл қилинди.

Жон Аллен Муҳаммад 10 кишининг ўлимига сабаб бўлган 2002 йилги жиноятлари ортидаги мотивларни ошкор қилмай ёки бунга пушаймон бўлганини айтмай оламдан ўтди. У Виржиния штатидаги Jarratt қамоқхонасида расмийлар ва ўз яқинлари кўз олдида қатл қилинди.

-Жон Аллен Муҳаммад Виржиния штати қонунларига мувофиқ қатл қилинди. Унинг ўлими 9:11 да қайд қилинди. Жаноб Муҳаммадга сўнгги сўз ёки баёнот бериш таклиф қилинганда у бу таклифни рад этди, деди ҳукм ижросини назорат қилувчи бўлим расмийси.

2002 йилнинг октябр ойида Муҳаммад ва унинг 17 ёшли шериги Ли Бойд Малво Вашингтон атрофидаги фуқароларни қарийиб уч ҳафта мобайнида қўрқувда ушлаб турди. Улар ўз машинасида штат бўйлаб айланиб юриб, катта йўл бўйида, машиналарга ёнилғи қуйиш шаҳобчалари ёки дўконлар олдида дуч келган оддий америкаликларни нишонга олдилар.

Ислом динини қабул қилган ва АҚШ армиясида мерганлик бўйича катта малака орттирган Муҳаммад ўз ўлжаларининг барчасини битта ўқ билан ўлдирган.

Ўлим жазосини умрбод қамоқ жазосига алмаштирилишини талаб қилган Муҳаммаднинг адвокатларига кўра, унинг мияси шикастланган ва у нейрологик муаммолар, жумладан, руҳий хасталикка чалинган.

Адвокатларнинг айтишича, Жон Аллен Муҳаммад 1991 йилда биринчи Ироқ урушида иштирок этган ва у ердан қайтгач “Форс Кўрфази синдроми”, деб аталаётган касаликка чалинган.

Ҳимоячилардан бири Жонатан Шелдон эса жиддий жиноятларни кўриб чиқишда Америка суд тизими айбланувчининг руҳий хасталиги даражасини инобатга олмаётганини айтади.

Шелдон сўзларига кўра, ҳозирги кунда ўлим жазосига ҳукм қилинган маҳбуслардан 40 фоизи руҳий хаста ёки уларнинг аксари мия фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ касалликдан даволанади.

Ўлим жазосига қарши чиқувчи ташкилот фаоллари эса Жон Аллен Муҳаммад қатл қилинган қамоқхона ташқарисида тўпланиб, ўлим жазоси мавжуд муаммоларни ҳал эта олмайди, қабилидаги шиорлар кўтариб чиқдилар.

Прокурор Пол Эберт эса "жиноятчи таъзирини еди", дея таъкидлади

Айни пайтда Муҳаммаднинг шериги Ли Бойд Малво эса умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.
XS
SM
MD
LG