Линклар

Каримовдан товон пули ундирса бўладими?

  • Барно Анвар

Каримовнинг самарқандлик юртдоши¸ тортиб олинган мол-мулкини қайтариб олиш илинжида эканини яширмаëтир.

Каримовнинг самарқандлик юртдоши¸ тортиб олинган мол-мулкини қайтариб олиш илинжида эканини яширмаëтир.

Ўзини Марк Рупперт деб таништирган асли самарқандлик тадбиркор¸ айни шу ишга бел боғлаганини айтаëтган бир пайтда¸ ҳуқуқшунослар бундай истиқболга шубҳа билан қарамоқдалар.

Европада пайдо бўлган “Against Karimov” – “Каримовга қарши” ҳаракати Ўзбекистон президенти Каримовни судга бериш ва бундан ўзи кутган натижага эришишга комили ишонч билан қарамоқда.

Куни кеча “Фарғона.ру” интернет нашрига берган интервьюсида ўзини ҳаракат асосчиси, деб таништирган Марк Рупперт исмли шахс Каримовни судга бериш ва ундан товон пули ундириш нияти ифода қилинган 300 га яқин ариза тўпланганини айтган.

Ҳаракатнинг бу даъвосидан бир иш чиқишига ишонмаётган ўзбекистонлик ва хорижий ҳуқуқ ҳимоячиларидан фарқли равишда, Марк Рупперт, бу давъолар Европа давлатлари судлари томонидан қондирилиши ва талаб қилинган товон пулини ундириш мумкинлигига ишонмоқда.

Гапнинг индаллосиданоқ очиқ айтамиз, Марк Рупперт жанобларини топишга бўлган қарийб бир ҳафталик уринишимиз самара бермади.

Аниқлаганимиз шу бўлдики, Фарғона.ру ахборот агентлигига берган интервьюсидан сўнг турли оммавий ахборот воситаларидан ёғилиб кетган телефон қўнғироқларига Марк Рупперт жавоб бермаслик ва маълум муддатга матбуотда кўринмай туришга қарор қилган.

Фарғона.ру таҳририятига маълум бўлишича, Рупперт ўзи бошлаб қўйган жиддий ишга бундан зарар етиши мумкин, деган хавотирда.

Маълум бўлишича, Марк Рупперт асли самарқандлик тадбиркор ва Ўзбекистон режимининг тазйиқ-таъқибларидан азият чекиб¸ Швециядан бошпана олганлардан бири.

Шу боис, “Фарғона.ру” нашрига берган интервьюси аввалидаёқ, уни бундай ишга қўл уришига шахсий мотивлари сабаб бўлганини очиқ тан олган. Унинг сўзларидан иқтибос келтирамиз:

“Европа давлатлари ҳудудида бўлсангиз, даъво аризасини Европа судига берасиз ва ўзингизга Ўзбекистон ҳукумати томонидан етказилган ноқулайликлар учун товон пулини ундиришингиз мумкин. Бундай товон пулини судда ўзининг ҳақлигини исботлаган исталган одам ундириб олиши мумкин...

Биз Ўзбекистон ҳукуматини товон пули тўлашга мажбур қилиш имконсиз эканини биламиз. Лекин, агарда Каримов ёки унинг ҳукумати томонидан маънавий ёки моддий зарар етказилгани Европа суди томонидан тасдиқланса, Европа суди Ўзбекистоннинг хориждаги мулкини ҳибсга олиши мумкин. Мисол учун, кўчмас мулк, транспорт воситалари ва ҳоказо”.

Асли самарқандлик тадбиркор экани айтилаётган Марк Рупперт Европада ташкил қилган “Against Karimov” ҳаракатининг нияти ҳозирча шундай ва унинг фикрича, ҳозирга қадар 300 нафарга етиб қолган қувватловчилар кўмагида бу ниятга етса бўлади.

Аммо, бир қарашда анчагина асосли кўринган бу ҳаракатдан аксарият ҳуқуқшунос ва ҳуқуқ фаоллари деярли натижа кутмаяпти.

Бир тарафдан, бундай ҳаракатни амалга ошириш учун етарли ҳуқуқий асос йўқ, иккинчидан, асос бўлган тақдирда ҳам ундан фойдаланишга имкон йўқ.

Шундай фикрда бўлган ҳуқуқ фаолларидан бири россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли ва ўзбекистонлик қочқинлардан бир нечасининг ишини Марк Рупперт кўзлаб турган Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди муҳокамасигача олиб чиққан Елена Рябининадир.

- Кўпчилик давлатларда судлар ҳудудий дахсизлик мақомига эга. Яъни, улар ҳар қандай шахсга нисбатан исталган бошқа давлатда содир этилган жиноятларни кўриб чиқиш ҳаққига эга. Аммо, бунда ҳам ҳар қандай ишлар эмас, балки фундемантал ҳуқуқлар, масалан, яшаш ҳуқуқи, шахс эркинлиги ва қийноқларга солинмаслик каби ҳуқуқлар бузилишига оид ишларни кўриши мумкин¸ дейди россиялик ҳуқуқ фаоли Елена Рябинина.

Швеция судлари бу мақомга эга бўлган тақдирда ҳам Каримовнинг шахсан ўзи ёхуд унинг режимига қарши ҳукм чиқариши ҳамда бу ҳукмни ижро этиши мумкинлигига ҳуқуқ фаоли ишонмайди.

- Агар ёдингизда бўлса, Германия суди ўз вақтида Ўзбекистон Ички ишлар вазири Алматовга қарши илгари сурилган шундай даъволарни қондира олмаган ва унинг мамлакатдан чиқиб кетишига имкон берган эди. Шу боис, мен бу амалга ошадиган ҳаракат, деб ўйламайман. Биринчидан, бунга жуда жиддий исботлар керак. Иккинчидан, исбот бўлган тақдирда ҳам Европа иттифоқи санкцияларни бутунлай бекор қилган, Ғарб Тошкент билан муносабатларни тиклашга зўр бериб уринаётган паллада¸ бунга эришиш имконсиз, менимча, дейди россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Елена Рябинина.

Аммо, Марк Руппертнинг сўзларига ишониладиган бўлса, Каримовни судга бераман ва ундан товон пулини ундираман, дея астойдил енг шимарганлар сони 300 нафарга етиб қолган. Бизга маълум бўлишича, булар орасида эътиқоди учун қийноққа солинганлардан тортиб, бизнеси режим томонидан ноҳақ ўзлаштириб юборилган йирик тадбиркорлар ҳам бор.

Бунча даъвогарнинг даъво аризаси бир жойга йиғилса, бу ҳақиқатда ҳам жиддий истакка айланмайдими ва Европа судлари буни инобатга олмайдими, деган савол туғилади.

Марказий Осиё инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаевага кўра, албатта, бу жуда катта куч. Аммо, уни юридик ҳужжатга айлантириш учун ҳуқуқий майдондан тўғри фойдаланиш лозим.

Зеро, шундоқ ҳолида бу аризаларни Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди ва Халқаро жиноят судига топширишдан маъни йўқ.

- Фақатгина инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари тўғрисидаги Европа конвенциясини ратификация қилган давлатлар фуқаролари Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига ариза топшириши мумкин. Ўзбекистон бундай давлатлар сафида эмас ва шу боис, бирор давлат ташкилоти ходими томонидан ҳуқуқи поймол этилгани юзасидан Страсбург судига индивидуал тарзда мурожаат қила олмайди¸ дейди Надежда Отаева.

Ҳаага трибуналига мурожаат қилиш бобида ҳам хорижда юрган ўзбекистонликларнинг имкони мутлақ чекланган.

- Биринчидан, Ҳаага трибуналида даъво аризаси кўриб чиқилиши учун БМТ Хавфсизлик кенгашининг қарори бўлиши керак. БМТ хавфсизлик кенгаши эса, асосан, икки ҳолат - инсониятга қарши содир этилган жиноят ва геноцид бўйича киритилган даъво аризаларини кўриб чиқиши мумкин, дейди Надежда Отаева.

Демакки, Марк Руппертнинг “Against Karimov” номли ҳаракати атрофида бирлашаётган даъвогарларнинг юридик жиҳатдан ҳеч қандай имкони йўқ экан-да, деган саволимизга жавобан Надежда Отаева оптимист бўлишга чақирди. Унинг фикрича, Ўзбекистонда¸ айниқса¸ Андижон воқеалари чоғида ва ундан кейин режим томонидан мунтазам қийноқлар қўлланилмоқда, тинч аҳолига қарата ўқ узилган ва андижонлик қочқинларнинг бу борада судга арз қилса, ютиб чиқиш эҳтимоли катта.

- Фақатгина, “Against Karimov” ҳаракати йиғаётган даъво аризаларини юридик жиҳатдан тўғри тузиш ва уларни БМТ нинг инсон ҳуқуқлари ва бошқа йўналишлари бўйича маърузачиларига топшириш лозим. Бу маърузачиларнинг аризани қабул қилиши ва уни ўрганиб чиқиб, йиллик ҳисоботга киритишининг ўзиёқ катта бир қадам бўлади. Шунга эришилса, у ҳолда БМТ Ўзбекистондаги вазиятни ўрганиш учун махсус вакилни тайинлашига тўғри келади, деб ҳисоблайди Надежда Отаева.

Ҳуқуқ фаолининг сўзларига кўра, юридик жиҳатдан иш шундай ташкил қилиниб, хориждаги даъавогарларнинг асосланган даъволари етарли даражада йиғилса ва БМТ нинг тегишли қўмиталари томонидан қабул қилинса, шунинг ўзи ҳам даъвогарлар манфаатини ҳимоя қилувчи кучли механизмга айланиши мумкин.

- Чунки, бундай ҳолда бундай жиноий режимни ҳимоя қилиш ва у билан мулоқот қилиш мутлақо ахлоқсизлик бўлади. Бунга йўл қўйган ва Каримовга қўл чўзган амалдор ва ҳукуматлар уларни сайлаган жамиятлар томонидан қораланади, конкрет, аниқ ва жуда тезкор саволларга тутилади. Шундан сўнг эса БМТ Хавфсизлик кенгашида ҳам бу борада бир қарор қабул қилиш мажбурияти пайдо бўлади. Яъни, бу масалада мен мутлақо оптимист бўлиш ва ҳаракатни тўғри ташкил қилган ҳолда, тўхтатмай давом эттириш тарафдориман, дейди Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси раҳбари Надежда Отаева.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG