Линклар

logo-print

Бир тийин ҳам турмайдиган ҳуррият

  • Сарвар Усмон

Затоканинг ноëб калтакесакларини Ашхободда олиб қолишди.

Затоканинг ноëб калтакесакларини Ашхободда олиб қолишди.

Битта заҳарли эфа илони, битта қорни сариқ чипор илон, битта оёқсиз калтакесак, қарийб 60 та хальцид калтакесаги, иккита қора қурт, иккита қуш еяр ўргимчаккана, битта тарантул ва битта тропик қопағон геккон.

Булар - 7 ноябргача Туркманистон ва Россия, 7 ноябрдан бошлаб фақат Россия фуқароси, эколог олим Андрей Затокадан Ашхобод аэропортида божгирлар тортиб олган жониворлар.

Ҳа, айтганча, ундан 18 йиллик қадрдони – оқ илонни ҳам тортиб олишган.

Азиз блогхон, кейинги гапларга ўтишимдан олдин, Фарруҳнинг блогини ўқиб олинг.

Сарлавҳаси будир:"Ўзбекнинг журналисти бўлгандан инглизнинг мушуги бўл..."

Мен кутиб тураман.

***

Ўзбекнинг журналисти бўлгандан инглизнинг мушуги бўл...


***

Ўқиб бўлдингизми?

Ҳа, балли...

Жониворларга оид гапни бир четга қўямиз энди.

Гапни жониворшуносдан оламиз.

Жониворшунос Андрей Затоканинг қўлга олинишию судланиши қанчалик тез, яшин тезлигида ўтган бўлса, озодликка чиқарилиб, Россияга ҳайдаб юборилиши ҳам шунчалик тез ўтди.

Эколог Затока бир шахсга ўртача оғирликда тан жароҳати етказганликда айбланиб, 20 октябрь куни қўлга олинди.

29 октябрда суд бўлиб ўтди ва у 5 (беш) йилга озодликдан маҳрум қилинди.

6 ноябрь куни яна суд бўлди.

8 ноябрь куни Затока Москвага етиб борди.

Бутун можаро 16-17 кунда бошланибу якунига етди.

(Тафсилотларга қизиққанлар интертармоқдан излаб топиб ўқир)

Мен эътиборингизни бошқа нарсага қаратмоқчиман.

6 ноябрь куни Туркманистон суди Затокага белгиланган жазони ўзгартирди.

5 йилга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги аввалги қарорини жаримага алмаштирди.

Андрей Затока 350 АҚШ доллари тўлади ва озодликка чиқди.

Демак, у 5 йиллик озодлигини атиги 350 (уч юз эллик) долларга сотиб олди.

Йилига 70 доллардан, кунига 20 центдан.

Кунига бир тангадан.

Демак, Туркманистон ҳукумати ўз фуқаросининг эркинлигини кунига бир тангаданга баҳолар экан.

Агар эрксиз одам ўзини одам ҳисобламаслигини назарда тутсак, бу мамлакатда одамнинг бир кунлик нархи бир танга эканлиги маълум бўлади.

Бу ҳисоб-китобни эшитган Фарруҳ, "Э, тўхтанг, Сарвар ака", деб қолди.

-Ҳа, дедим.

-Туркманистон Ўзбекистонга қўшни-а?

-Ҳар ҳолда кеча қўшнийди. Ҳа, нимайди?

-Демак, битта ҳудуд. Одамнинг нархиям бир хил бўлса керак?

-Билмадимов...

-Бир хил, деярли бир хил. Агар шундан келиб чиқсак, ўтган йили 10 йилга қамалган журналист Солижон Абдруҳамонов ҳам 600 –700, боринг ана 1000 доллар тўлаб озодликка чиқволса бўлараканда?!

-Йўғ-е, иш 1000 доллар билан битмаса керак. Затоканинг ишига халқаро ташкилотлар аралашди.

-Солижоннинг ишигаям аралашишаяпти-ку?!

-Затоканинг ишига Россия элчихонасиям аралашди. Шунинг учун иши тез ҳал бўлгандир?

-Затока Россиянинг ҳам фуқаросийдида-а?

-Ҳа.

-Унда, биласизми, Сарвар ака, Ўзбекистонда Ўзбекистоннинг элчихонасини очиш керак. Ана шунда элчихона Солижонга ёрдам беради.

Ғалати-да, шу Фарруҳ. Ғалати-ғалати гапларни айтади.

-Бўладиган гаплардан гапирсангиз, Фарруҳ?! Ўзбекистон хоҳласа, текингаям бўшатворовради. Ана, тунов куни Санжар Умаровни озодликка чиқардику?! Эвазига давлат пул ундиргани тўғрисида бирон-бир маълумот пайдо бўлмади.

-Унда, Туркманистонда одамнинг бир кунлик эркинлиги бир танга, Ўзбекистонда эса, бир тийин ҳам турмас экан-да, деди Фарруҳ.

-Невлай, дедим мен.

***

Бугунги битикларим битди, деб турсам, бир хабар келиб қолди.

Президентнинг иккинчи қизи Лола Каримова-Тиллаева таниқли актриса Моника Белуччига 190 000 (бир юз тўқсон минг) евро (285 минг $) тўлагани тўғрисида хабар пайдо бўлди.

Маълум бўлишича, бу пулни Белуччи хонимга Лола Каримова-Тиллаева жорий йилнинг 8 апрелида Парижда ўтказган хайрия кечасида иштирок этгани учун тўлаган.

Шундан ҳам кўриниб турибдики, Ўзбекистон - бой давлат.
Аристонларнинг пулига қараб қолган ери йўқ.

Айтганча¸ Лола Каримова-Тиллаева "Сен ëлғиз эмассан" жамғармаси раҳбари - етимпарвар қиз...

Блоглашгунча!
2009 йил, 11 ноябр.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG