Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:42

Покистон ядровий қуроллари хавфсиз ... ми?


Покистон ҳукумати ядровий қуроллар ўта кучли ва мустаҳкам қўриқланаётганлигини билдирмоқда.
Покистон ҳукумати ядровий қуроллар ўта кучли ва мустаҳкам қўриқланаётганлигини билдирмоқда.

АҚШ президенти Барак Обама Исломободнинг ядровий қуроллари хавфсиз эканига ишониши ҳақида баёнот берганига қарамай, матбуотда Оқ уй расмийлари бу борада Покистон билан музокара олиб бораётгани айтилмоқда.

"The New Yorker" журналининг интернет сайтида Покистондаги беқарор вазият мамлакат ядровий қуроллари хавфсизлигига таҳдид солаётгани ҳақида мақола эълон қилинди.

Таниқли америкалик журналист Сеймор М. Хершнинг мақоласида томонлар ўртасидаги музокараларда Покистонда бўҳронли вазият юзага келса, мамлакат ядровий қуроллари хавфсизлигини таъминлаш учун махсус тайёргарликдан ўтган Америка кучлари ёрдамга келиши муҳокама қилингани ҳақида гап борган.

Бироқ Хершнинг мақоласига Покистон расмийлари тезда рад жавобини берди.

Покистон армияси Бирлашган штаби қўмитаси бошлиғи генерал Тариқ Мажид "The New Yorker" журналининг мақоласидаги маълумотни рад қилиб, уни “мантиқсиз ва зарарли”, деб атади.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги чиқарган баёнотда эса бу мақола “янглиш фикрга олиб борувчи ва асоссиз”, дея баҳоланган.

Айни пайтда, мустақил экспертлар: “Экстремизм Покистон хавфсизлиги ва барқарорлигига жиддий таҳдид солаётган бўлса ҳам Исломободнинг ядровий қуроллари хавфсиз”, деган фикрда.

Покистонлик таниқли физик ва тинчлик фаоли Абдул Ҳамид Наййарнинг Озодликка айтишича, у ҳам ядровий қуроллар хавфсизлиги борасида олдин ташвиш билдирган.

Айниқса, шу йил баҳорида Толибон жангарилари Сват водийсининг шимоли-ғарбий минтақасини ўз назоратига олиб, Исломободга яқин келганидан кейин хавотирлар янада кучайган.

Бироқ Покистон ҳарбийлари Наййарни ядровий қуроллар хавфсизлиги таъминлангани ва экстремистлар уни қўлга кирита олмаслигига ишонтирган.

- Ўша пайтда биз жуда хавотирга тушганмиз ва жангарилар ўз назоратига олган минтақаларда ядро қуроли сақланадиган қанча жой борлигини билмаганмиз.

Ишончимиз комил бўлмагани учун биз Покистоннинг ядровий қуроллари ва бундай қуролларни бошқарадиган қўмондонлик хавфсиз эканини савол остига қўйганмиз.

Расмийлар эса жангарилар ядро қуроллари хавфсизлигига таҳдид сола олмаслигига бизни ишонтиришган, - дейди покистонлик Абдул Ҳамид Наййар.

Ядро физикаси бўйича покистонлик мутахассис, ядровий қуролсизланиш фаоли Первез Худбой Исломободдан Озодликка берган интервюсида америкалик журналист Хершнинг мақоласида Покистоннинг ядровий қуроллари хавфсизлиги ҳақида янгилик йўқлигини айтди.

- Покистоннинг ядровий қуроллари қанчалик хавфсиз экани очиқ масала бўлиб қолмоқда. Бирор воқеа юз бермагунча , бу борада ҳеч ким мамлакат ядровий дастури борасида ишонч билан аниқ гап айта олмайди. Ядровий қуролларни ҳимоя қилиш механизми ва уни сақловчи ҳукумат бу ҳақдаги барча маълумотни махфийлаштирган ва уни кенг жамоатчиликдан сир сақлайди, - дейди Худбой.

Хершнинг мақоласида Толибон Исломободни эгаллаб олиши энг катта ва ягона хавотир эмаслиги, Покистон армиясидаги экстремистлар давлат тўнтаришини амалга ошириб, ядровий қуролларнинг бир қисмига эга бўлиши мумкинлиги асосий таҳдид экани билдирган.

Бироқ покистонлик экспертлар фикрича, мамлакатда олдин амалга оширилган давлат тўнтаришлари генераллар томонидан уюштирилган. “Полковниклар исёнлари” эса муваффақиятсизликка учраган. Уларга кўра, ҳозирда Покистон армиясини дунёвий генераллар бошқармоқда.

XS
SM
MD
LG