Линклар

Туяқуш¸ томошабин ва Жовтис


Евгений Жовтисга кўра, Қозоғистонда Назарбоевнинг вориси масаласи долзарблашиб бормоқда.

Евгений Жовтисга кўра, Қозоғистонда Назарбоевнинг вориси масаласи долзарблашиб бормоқда.

Ҳозирда қамоқда қолаëтган қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис мамлакат сиёсий элитасига мурожаати йўллаб, мавжуд режимни ўзгартиришга ҳисса қўшишга чақирди.

Жорий йил 26 июлида қозоғистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис кетаётган машина билан содир бўлган автоҳалокат оқибатида 35 яшар йўловчи Қанат Мўлдабаев ҳалок бўлди.

Ушбу воқеадан сўнг ҳуқуқ-тартибот идоралари Жовтисга нисбатан жиноий иш қўзғаган¸ суд маҳкамаси эса ҳуқуқ ҳимоячисини 4 йилга озодликдан маҳрум қилган эди.

Айни пайтда жазо муддатини ўтаётган Евгений Жовтис қозоқ сиёсий элитасига очиқ хат йўллади.

Ҳуқуқ ҳимоячиси очиқ хатида айтилишича, сўнгги йиллар давомида мамлакатдаги йирик кланлар ўртасидаги кураш кескин кучайган, бунга эса, 2010 йилда Назарбоевнинг 70 ёшга тўлиши ва ҳозиргача унинг вориси ким бўлиши номаълумлигича қолаётгани сабабдир.

“Агар кексайиб бораётган Назарбоев тўсатдан ўз ваколатини бажара олмаса, мамлакатни бошқариш кимнинг қўлига ўтади?” деган савол қозоқ кланлари ўртасида жуда муҳимлашиб бормоқда. Улар буни сезгани, тушуниб етгани сабабли ҳам, ҳозир улар ўртасида ҳукуматни ўз одами қўлига ўтказиш бўйича кучли рақобат кетмоқда. Аммо ана шу кланлар четдан келган хавфни сезсалар, бирданига унга қарши бирлаша олиш қобилиятига эгадирлар. Аммо шунга қарамай, ҳозирда уларнинг бирортаси ҳам ўз хавфсизлиги тўлиқ таъминланиши, президентга хуш келмай қолганда қамалиб кетишдан кафолатланмаган”, дейилган Жовтис йўллаган очиқ хатда.

Мамлакатдаги аксар кузатувчилар, таниқли ҳуқуқ ҳимоячисининг бу каби мурожаати қозоқ кланлари томонидан қабул қилинмаслиги, сабаби ҳозирда уларнинг ҳар бири Назарбоев ҳукмронлиги тугаб бораётгани ва ана шундай шароитда давлатдан кўпроқ бойлик ўмариб олишга ҳаракат қилаётганини айтмоқдалар.

- Бир гуруҳ амалдорларни ҳозирги қозоқ режими қониқтиради. Сабаби, улар бошқа режимда ҳеч қандай мавқега эга бўлмай қолишларини тушуниб етадилар.

Яна бир гуруҳ амалдорлар эса режим тўғри эмаслигини тушуниб етадилар, аммо уларнинг қўлидан уни ўзгартириш келмайди. Чунки улар жуда қийин аҳволга тушиб қолганлар. Улар Худди туяқуш каби бошларини қумга беркитиб олиб, “ҳеч нимани кўрмадим, ҳеч нимани эшитмадим” қабилида иш тутишни хуш кўрадилар.” Балки шу ҳолатда хавф мени четлаб ўтар”, деб ўйлашади, дейди сиёсатшунос Дўсим Сатпаев.

Жовтиснинг қозоқ кланларига йўллаган мурожаатидан мана бу чақириқ ҳам ўрин олган:

“Мен уларнинг барчасини Қозоғистоннинг ҳақиқий демократик давлатга айланиши, мамлакатда қонун устиворлиги таъминланиши ва ҳар бир қозоғистонлик, у хоҳ бой амалдор бўлсин хоҳ оддий одам, мамлакатда тинч яшаш ва ҳукуматга ёқмай қолган бир пайтда бор-йўғидан айрилиб қолмаслиги учун бирлашишга ва ҳозирги режимни ўзгартириш учун ўз ҳиссасини қўшишга чақираман”.

Собиқ сенатор Зауреш Баталова, бундан роппа-роса 8 йил аввал Қозоғистоннинг ёш элитаси, бир қанча ёш сиёсатчи ва бизнесменлар мамлакатдаги вазият, жумладан, режимни ўзгартириб кўришга уринганлари, аммо уларнинг барча ҳаракатлари, ёш сиёсатчи ва бизнесменларнинг қамалиши ва мамлакатдан қочишига сабаб бўлганини айтади.

- Мен 2001 йилни, яъни қатор қозоғистонлик бизнесмен, банкир, сиёсатчи ва йирик амалдорлар “Қозоғистон демократик танлови” дея номланган ҳаракатни ташкил қилганларини эслатиб ўтсам.

Улар орасида Павлодар вилоятининг ҳокими Жакиянов, Бош вазир ўринбосари Ораз Жандосов, Меҳнат ва ижтимоий таъминот вазири Байменов, банкир Мухтор Аблязовлар бор эди.

Улар мамлакатда сиёсий ислоҳотлар ўтказиш бўйича 9 пунктдан иборат ҳужжат ишлаб чиққан эдилар. Унда мамлакатдаги рейдерлик муаммоси, судларнинг мустақил эмаслиги, сайловларнинг очиқ ва одил ўтказилмаслиги, сўз эркинилиги йўқлиги, парламент ваколатларининг чекланганлиги, ҳокимларни сайлашда муқобил номзодлар йўқлиги каби муаммолар келтирилганди.

Шундан бери саккиз йил ўтди ва шу саккиз йилда биз нимага эришдик? Жакиянов ва Аблязов сиёсий мотивлар бўйича қамоққа олинди. Нуркадилов ва Сарсембоев отиб ўлдирилди. Абилов ва яна бир қатор сиёсатчилар уйдирма айбловлар билан судланди ҳамда улар ҳозирда сайловлар бўлган тақдирда ҳам уларда номзод сифатида иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум бўлдилар.

Қозоғистон ҳукумати сиёсий майдонни тозалаш учун қўлидан келганини қилди. Ҳозир режимга мухолиф бўлган кучлар ё қамоқда, ё чет элга қочиб кетган, дейди Зауреш Баталова.

Мухолифатчи Айдос Саримов эса ҳозирда Марказий Осиёнинг ҳар бир давлатида мавжуд режимларнинг узоқ вақтдан бери ўзгармаётгани ва бунга ҳукмрон элита гуруҳлари ёки маълум бир амалдорлар сабабчи эмасликлари ҳақида гапиради.

- Мен ҳал қилувчи масалалар бўйича жавобгарликни кичик бир гуруҳ ёки маълум бир кишилар зиммасига юклаш тарафдори эмасман. Ҳозир Марказий Осиё давлатларида мавжуд кўринишнинг жуда кўп қисми жамиятнинг қандайлигига боғлиқ.

Минтақа давлатларида мавжуд жамият эса тоталитар ўтмишини унутгани йўқ. Гарчи улар мавжуд режимдан норози бўлсалар-да, айбни бошқалар бўйнига юклаб, ўзлари тамошабин ролида иштирок этишни яхши кўришади.

Ҳозир чиндан ҳам Марказий Осиёдаги ҳар бир мамлакат танлов олдида турибди, аммо демократия ва озодликни таъминлай оладиган кучлар ҳозир деярли йўқ. Айни пайтда, жамиятни яхшилаб даволаш керак, одамларимизнинг маданиятини, айниқса, сиёсий маданиятини ошириш лозим, дейди Айдос Саримов.
XS
SM
MD
LG