Линклар

Шошилинч хабар
27 март 2024, Тошкент вақти: 09:58

Тожикистонда буйрак кўчирилди


Тожикистонлик шифокорлар мамлакатда яна 50 одам буйрак алмаштириш амалиётига навбатда турганлигини айтмоқдалар.
Тожикистонлик шифокорлар мамлакатда яна 50 одам буйрак алмаштириш амалиётига навбатда турганлигини айтмоқдалар.

Тожикистон тиббиёти тарихида илк бор одам буйрагини кўчиришга оид ноёб амалиёт ўтказилди - беш кун давомида уч нафар тожикистонликнинг буйраги трансплантация қилинди.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Соҳиб Раҳмоновнинг маълум қилишича, тожик тиббиёти тарихида илк бор ўтказилган бу ноёб жарроҳлик Душанбе шаҳридаги Диякова номли касалхонанинг урология бўлимида, мамлакатнинг танланган шифокорларидан иборат махсус гуруҳ томонидан амалга оширилган.

- Тиббиётимизда бунгача бармоқлар, қўл ва бурун каби одам аъзосини кўчириш жарроҳлиги ўтказилган. Аммо одам буйрагини трансплантация қилишга оид операция Тожикистон тарихида илк бор амалга оширилди. Бу операция хорижлик мутахасислар иштирокисиз, тиббиёт соҳасида танилган мутахассисларимиз томонидан ўтказилди, деди вазир ўринбосари.

Соҳиб Раҳмонов урология бўлимида анчадан буён даволанаётган уч бемор мазкур синов операцияси учун танлангани ва улар бир ярим ой давомида бу жарроҳлик учун тайёрланганини билдирди.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг маълум қилишича, асосан ўртаҳол ва кам таъминланган оила вакилларидан иборат бу беморлар учун жарроҳлик текинга амалга оширилган. Беморларга кўчирилган буйраклар чинакам бўлиб, донорлар бевосита уларнинг яқинлари экани билдирилди. Жарроҳлик учун маблағни эса ҳукумат тўлаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсининг билдиришича, одам буйрагини кўчиришга доир учта жарроҳлик ҳам муваффаққиятли ўтган ва беморлар ўзларини яхши ҳис қилишмоқда экан.

Экспериментал жарроҳлик амалиётида касал буйрагини алмаштиришга розилик берган Данғара туманида яшовчи 38 ёшли Музаффар Азизовга онасининг буйраги кўчирилган.

Жарроҳларнинг билдиришича, ўғли учун донор бўлган она ҳозирча оёққа турмаган бўлса -да, аммо аҳволи яхши.

- Анча вақт буйрак касалидан азоб чекардим. Бир неча касалхоналарда ётиб даволандим. Аммо духтурларимиз буйрагимни алмаштириш зарурлигини айтишарди. Хорижда жарроҳлик қилиш учун имкониятим йўқ эди. Мана бугун омад кулиб боқди, бу жарроҳлик мен учун текин амалга оширилди. Ҳозир ўзимни жуда яхши ва тетик ҳис қилаяпман, худди онадан қайта туғилгандек. Иштаҳа ҳам пайдо бўлди, дейди Музаффар.

Суҳбатдошимиз Тожикистонда буйрак касали билан оғриганлар кўпчиликни ташкил қилишини айтар экан, бугун тожик тиббиётида ҳам бошқа хориж давлатларидаги сингари буйракни трансплантация қилишнинг йўлга қўйилиши улардан кўпчилигига қайта ҳаёт бағишлаши мумкинлигига ишонади.

- Буйрагини алмаштириш ниятида бўлган яна 50 нафар беморимиз бор. Аммо бизда уларнинг ҳаммаси учун текин жарроҳлик қилиш имконияти йўқ. Лекин Тожикистонда шундай бир жарроҳликнинг йўлга қўйилиши фуқароларимиз учун хориждаги операциялардан ўн баравар арзонга тушади, деди Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Соҳиб Раҳмонов.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсига кўра, донорларни беморларнинг ўзлари излашлари лозим. Негаки ҳозирча буйрак трансплантацияси учун ихтиёрий донорлар Соғлиқни сақлаш вазирлигида қайдга олинмаган.

Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосарининг билдиришича, тожикистонлик шифокорлар бир қатор хорижий мамлакатларда сунъий буйраклар ўрнатиш тажрибасини ўзлаштириб келганлар, аммо Тожикистонда сунъий буйрак ишлаб чиқарадиган технология йўқ.

- Келгусида Япония, Арабистон, Яман каби мамлакатлар билан ўзаро ҳамкорликлар доирасида мамлакатимизга сунъий буйраклар ишлаб чиқарадиган замонавий технология киритишни режалаштирганмиз, дея маълум қилди расмий.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийсига кўра, ўтказилган мазкур учта жарроҳлик учун сарфланган маблағлар назарга олинган ҳолда, яқин кунларда Тожикистонда одам буйрагини кўчиришга доир жарроҳлик амалиётининг нархи эълон қилинади.

Тожикистонлик табиблар буйрак учун жарроҳлик неча сомоний туришини ҳисоб-китоб қилиб турган айни пайтда, бу операцияни ўзи учун жуда зарур деб билган тожикистонликлар мамлакат ташқарисига нажот излаб чиқиб кетишмоқда.

Душанбелик Бадриддин Сайфиддинов улардан бири. Бундан бир ой аввал Эрон Ислом жумҳуриятидаги шахсий клиникалардан бирида буйрагини трансплантация қилдирган Бадриддиннинг акаси Муҳриддин билан суҳбатлашдик.

- Тожикистонда амалга оширилиши режалаштирилган буйрак трансплантацияси амалиётининг муҳлати ортга сурилаверганидан сўнг укамни Эронга юборишга мажбур бўлдик. Чунки дЎхтурларнинг айтишича, унинг бир буйраги 100 фоиз ишдан чиқиб, иккинчиси ўз функциясини атиги 15 фоизга бажарган. Бу эса унинг ҳаёти учун ўта хавф солган.

Шундан сўнг шаҳардаги бир хонали уйимизни сотдик ва яна қариндош- уруғдан пул тўплаб, Бадриддиннинг ҳар иккала буйрагини Эрондаги шахсий клиникалардан бирида 40 минг доллар эвазига алмаштирдик. Ҳозир унинг аҳволи анча яхши, дейди икки кун аввал Эрондаги укаси Бадриддин билан телефонда ҳол-аҳвол сўрашган акаси Муҳриддин.

Буйрагини алмаштириши зарур бўлган тожикистонликларнинг ҳаммаси ҳам Бадриддин сингари хорижда жарроҳлик қилдира олмайди.

Оиладаги молиявий шароит бунга изн бермагани баробарида, Тожикистон ҳукуматининг ҳам фуқароларини хорижда даволатиш учун маблағ ажратишга ожизлиги кузатилади.

Соҳа бўйича мустақил таҳлилчилар Тожикистон тиббиётида йўлга қўйилган буйрак трансплантацияси хориждагидан қанча арзон бўлмасин, барибир у қўли юпқа оилалар учун оғирлик қилишини урғулашмоқда.

Мустақил таҳлилчи Исмоил Раҳматов фикрича, бугун тожик тиббиёти тарихида буйрак трансплантациясининг йўлга қўйилишининг яхши томонлари борлиги баробарида, унинг ёмон жиҳатлари ҳам бор.

- Мамлакат аҳолисининг тахминан 75 фоизи қашшоқликда кун кечирмоқда. Ана шундай муҳтож одамлар орасида ўз буйрагини сотиб бўлса ҳам тирикчилик ўтказишига рози бўладиганлар топилиши табиий. Ёки бўлмаса мана ҳозир жамиятда криминал шахслар талайгина. Ана шундай кишилар одам ўғирлаб, уларнинг аъзосини пуллашгача тайёр. Менимча мутассадди шахслар бу жиҳатларини ҳар томонлама таҳлил қилиб, фуқаролар хавфсизлигини кафолатлаш лозим, дейди таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG