Линклар

logo-print

Ана шу савол жавобидан туғилган ҳақли саволга машҳур футболчи ва футбол шарҳловчилари - Владимир Маслаченко¸ Биродар Абрураимов¸ Қуралбек Ордабаев¸ Хайрулло Ҳамидов ва Кассиано Гоббетлар жавоб беради.

Ниҳоясига етаëтган ҳафтанинг илк кунида Ўзбекистон чемпиони "Бунëдкор" клубининг жорий мураббийси¸ асли бразилиялик Луиз Фелипе Сколари Тошкентда ўзининг 61- таваллуд кунини нишонлади. Айни шу ҳафта қатор спорт агетликлари Сколарини дунëда энг кўп ҳақ тўланаëтган футбол мураббийси деб эълон қилди.

"Жозе Моуриньо, Алекс Фергюсон, Арсен Венгер, Гус Ҳиддинк. Бу номлар жаҳон тренерлар цехининг элитасидир. Аммо бу "олийнасаб"ларнинг бирортаси маош бобида Тошкентдаги "Бунëдкор" клуби бош мураббийси Луиз Сколарига яқин ҳам келолмади"¸ деб ëзди MIGnews.com халқаро спорт агентлиги жумладан.

Айни шу манбага кўра¸ Сколари Ўзбекистон пойтахтида йилига аввал айтилгани каби 13 миллион эмас¸ балки 16 миллион 600 минг евро маош олмоқда. Бу эса¸ бугунги курс билан 25 миллион доллар демакдир.

Энг кўп ҳақ тўланаëтган футбол тренерлари рўйхатининг иккинчи ўрнига тушган Италиядаги машҳур "Inter" клуби тренери Жозе Моуриньо йилига 11¸3 миллион евро¸ Англия терма жамоаси бош мураббийси Фабио Капелло 8¸8 миллион евро¸ дунëнинг энг бадавлат футбол клуби саналмиш "Manchester United" тренери Алекс Фергюсон 7¸6 миллион евро¸ Aнглиянинг "Chelsea" клуби тренери Карло Анчелотти эса йилига 6 миллион маош олади¸ деб ëзди ушбу агентлик.

Агар "Бунëдкор" футбол клуби матбуот котиби Озодлик билан телефон суҳбати давомида тасдиқлашдан ҳам¸ рад қилишдан ҳам бош тортган бу рақам тўғри бўладиган бўлса¸ бундай ҳолда жаноб Сколари Тошкентда ойига қарийб 2 миллион 100 минг доллар маош олаëтган бўлиб чиқади.

Бундай ҳолда¸ Ўзбекистонда ўртача ойлик маош¸ ҳатто Каримов таъкидлаëтган каби 300 АҚШ долларига тенг бўлган тақдирда ҳам¸ жаноб Сколарига Тошкентда ўзбекистонликларнинг ўртача ойлигидан қарийб 7000 маротаба кўп ойлик берилмоқда. Ўзбекистонда энг кам иш ҳаққи расман 33 минг 645 сўм ва буни ҳукуматнинг расмий курси бўйича АҚШ долларига айлантирсак¸ бу рақам 20 долларнинг нари-берисида бўлади. Бундай ҳолда эса жаноб Сколари¸ энг кам миқдорда иш ҳақи олаëтган миллионлаб ўзбекистонликлардан қарийб 105 минг баравар кўп ойлик олаëтган бўлиб чиқади.

Бундай ҳисоб-китобдан сўнг исталган одам хаëлидан:

"Бир мураббийга¸ унинг шуҳрати ва ўтмиш ютуқларидан қатъий назар¸ Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақидан 105 минг баробар¸ ўртача иш ҳақидан эса 7000 марта катта бўлган бундай ойлик тўлаш¸ халққа нисбатан беадаблик эмасми?" деган савол туғилмай қолмайди.

Биз айни савол билан футбол олами билағонларидан бештасига мурожаат қилдик.

Биродар Абдураимов
¸ "Пахтакор" футбол жамоасининг 70-йиллардаги машҳур ўйинчиси¸ Абдураимовлар футбол сулоласининг асосчиси:

Биродар Абдураимов
Биринчидан¸ мен буни сиздан эшитаяпман. Рус газеталарида ëзиб чиқди¸” катта ойлик олади” деб. Мен энди аниқ била олмадим. Мен ўйлайманки¸ бу шунча маблағ оладиган бўлса¸ бу умуман нотўғри. Менимча¸ дунë бўйича бундан кучли мураббийлар ҳам бунча олмайди. Ҳақиқатан бу кўп маблағ. Сколари зўр тренер бўлса ҳам бунча пулга арзимайди. Айниқса¸ Ўзбекистон шароитида. Бошқа мураббий бўлса ҳам “Бунëдкор” чемпион бўлаверади. Бизда бу йил умуман рақобат бўлмади. “Пахтакор” жамоаси унча ўйнай олмади. Шунинг учун тўртта тур олдин “Бунëдкор” чемпион бўлди.

Бу томондан гапирадиган бўлсак¸ Сколари учун бу катта маблағ. Энди ким билади дейсиз¸ шу одам бу ерда керакмиди¸ керак эмасмиди? Раҳбарлар биладида буни. Ўша клубнинг раҳбарлари¸ бошқалари.

Сколари олаëтган бу пулни маҳаллий тренерлар ойлиги билан¸ ҳатто таққослашнинг ҳам кераги йўқ. Мураббийлар жуда етарли эмас¸ меъëрида олади улар. “Пахтакор”нинг мураббийи борми¸ “Насаф”нинг мураббийи борми. Масалан¸ менинг ўғлим Самарқанднинг “Динамо” командасининг бош мураббийи. Мен билмайман унинг қанча маош олишини. Нимага деганда бу клуб билан мураббий ўртасидаги гап. Лекин улар олаëтган ойликнинг Сколариникига яқин ҳам бормаслиги аниқ. Менинг фикрим бўйича¸ Сколари шунча пулга арзимайди.

Сколари ўзини бу йил оқлай олмади. Мана Ўзбекистон кубогини ололмади¸ Осиë чемпионлар лигасида чорак финалдан чиқиб кетди. Билмадим янаги йилга қандай ваъда беради. Лекин “қоламан” деб айтди. Кўрамиз энди қанақа ваъдалари бор экан. Менимча¸ бу команда билан Осиë чемпиони бўлиш қийин. Нимагаки¸ командада кўп муаммолар бор. Ҳужумчилар унча айтарли эмас. Бундан ташқари¸ бир хилларининг ëши ўтиб қолган. Билмадим¸ реклама учунми¸ бошқа нарса учунми сарф қилишаяпти пулларни.


Владимир Маслаченко¸ собиқ СССР нинг энг машҳур футбол шарҳловчиларидан бири¸ ҳозирда НТВ телеканали спорт шарҳловчиси:

Владимир Маслаченко
Очиғини айтсам¸ сиз Сколари деган йигитнинг ойлигига оид аниқ рақамни келтириш билан мени бир оз довдиратиб қўйдингиз. Мен тўғрисини айтаман сизга – Сколарини мен ҳеч қачон зўр тренер деб билган эмасман. Мен футбол дунëсида кимнинг кимлигини яхши билганим учун¸ шундай дангал гапиришдан истиҳола қилмайман.

Агар Сколари бугун Ўзбекистонда 2 миллиондан ошиқ ойлик маош олаëтган бўлса¸ бу биринчи навбатда унинг ўз-ўзини ҳурмат қилмаслигини кўрсатади. Чунки ақли бор одам¸ биринчи навбатда ўзидан: “Мен ўзи неча пул тураман?” деб сўраши керак. Агар Сколари ўз соҳасида 25 миллион долларлик билимга эга бўлса¸ бундай ҳолда у икки карра нокамтардир. Сколари Суқрот кимлигини билиши¸ унинг бразилиялик футболчи эмаслигидан хабардорлигига шубҳа қилсам-да¸ бирров Суқротга қайтайлик – доно одам ўз ютуқлари ҳақида эҳтиëткордир¸ деган эди. Бу биринчидан.

Иккинчидан¸ албатта бу вазиятда халққа нисбатан очиқ ҳурматсизлик кўриниб турибди. Аммо бу ҳурматсизликни Сколаридан кўра кўпроқ¸ унга шунча пулни тўлаëтганлар кўрсатмоқда. Бу занжир Сколарини тренер қилиб олиб келишни таъминлаган агентлардан тортиб¸ клуб хўжайинларию улар тепасида турганларни ўз ичига олади. Аслида бу саволни "Бунëдкор" клубига ҳомийлик қилаëтган ва унинг Сколари деган йигитга шунча пулни жарақлатиб санаб беришига изн бериб қўйган ширкат эгаси бўлмиш хонимга бериш керак ("Бунëдкор"нинг бош ҳомийси Зеромакс ширкати экани¸ Зеромакснинг эгаси эса президент Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова экани айтилади - таҳр.).
Аммо бу хоним ҳокимиятни ушлаб турганлар сирасига киргани боис¸ бунинг имкони йўқлигини тушунаман. Чиройликкина қиз¸ балки футболни¸ балки футболчиларни яхши кўрар... Лекин нима бўлган тақдирда ҳам мен буни мутлақ нотўғри иш деб биламан. Мен бундай вазиятда¸ давлат манфаатлари¸ ўз халқинг манфаатлари ва кўзи фақат пул билан ëпиб қўйилган айрим йигитлар манфаати ўртасида бир мувозанат топиш керак¸ деган фикрдаман.


Хайрулло Ҳамидов¸ ўзбекистонлик таниқли спорт шарҳловчиси¸ "Чемпион" газетаси мухбири:

Хайрулло Ҳамидов
Авваламбор, ўша тарқатилган хабарга тўхталиб ўтаман. Чунки ўзим нашриëтда ишлайман. "Чемпион" газетасида ишлайман. Биз бунақа маълумотни норасмий сайтлардан¸ ҳатто расмий сайтлар бўлса ҳам¸ миш-мишроқ хабар деб ўқияпмиз. Ўзим аниқ билмайман ва ўша маълумотларга тўғриси ишона олмайман ҳам¸ шунча пул беришаëтганига шахсан ўзим ишонмайман. Чунки Сколари бугунги кунда жуда кучли мураббий ҳисобланмайди. Бразилия терма жамоасини бошқа исталган мураббий жаҳон чемпиони қилиши мумкин эди. "Chelsea"да унинг аҳволини кўрдик. Шунинг учун Сколарига нари борса ўша айтилаëтган сумманинг тўртдан бирини беришлари мумкин.

Ҳозир тарқатилаëтган хабарлар нимага асосланганлигини очиғи билмайман. Чунки "Бунëдкор" клуби матбуот атташеси бу хабарни тарқатмаган ва бу хабарни ҳатто айтишмайди ҳам. Шу томондан қараганда¸ олдин маълумотни аниқлаш керак. Мабодо¸ ўша сумма берилаëтган бўлса¸ бу нотўғри бўлади. Чунки ҳозир Ўзбекистондаги шароитни ҳамма билади. Шароитдан ташқари футболимизга назар ташлайдиган бўлсак¸ кучли мураббийни Ўзбекистонга фақат битта жамоага олиб келиш жуда ҳам самарали бўлмаслигини Сколари фаолиятида кўрдик. Сколари келди ва "Бунëдкор" ҳозир мураббийсиз чемпион бўладиган аҳволда. Бошқа жамоалар билан солиштирганда жуда кучли. Бунақа пайтда агар Ўзбекистон Футбол федерацияси ëки бошқа бировлар Ўзбекистон футболини ривожлантирмоқчи бўлса¸ Ўзбекистон терма жамоасининг дунëда ном таратишини исташса¸ Сколари даражасида бўлмаса ҳам¸ Россия ëки Украинадан кучли мураббийлардан иккита-учтасини олиб келиш керак.

Рақобат бўлмаган жойда ўсиш бўлмайди. Ҳозирги кунда "Бунëдкор"нинг заҳирада ўтирган ўйинчилари ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлиши мумкин. Бунақа жамоани эса Сколари ҳам ўзи хоҳлаган таркибни тузиб¸ истаганича ўйната олмайди. Чунки рақобатчининг ўзи йўқ. Мана яқинда Маслаченконинг интервьюси чиқди. Ўша ерда “Гус Ҳиддинк агар беш йил олдин Россияга келганида¸ бу қадар натижаларни қайд эта олмас эди. Биз Гус Ҳиддинк даражасига кўтарилдик. Биз кўтарилганлигимиз учун Гус Ҳиддинк яхши натижаларни қайд этди” деб айтди. Худди шунингдек Ўзбекистон футболининг ҳам¸ мухлисларининг ҳам¸ футболчиларию мураббийларининг савияси ҳам олдин Сколари даражасига кўтарилиши керак. Ўшандагина Сколаридан бирор-бир натижа кутишимиз мумкин бўлади.


Кассиано Гоббет¸ (Cassiano Gobbet) Бразилиядаги энг йирик Lance спорт газетаси шарҳловчиси:

Кассиано Гоббет
Аввало¸ мен бир тренерга шунча пул сарфлашнинг ўзини мутлақ бемаънилик – абсурд деб биламан. Аммо бу ерда икки жиҳатни унутмаслик лозим.

Биринчидан¸ фақат Ўзбекистон эмас¸ балки футбол ўйналадиган давлатларнинг барида¸ хусусан Бразилияда ҳам шунга яқин ҳолат.

Иккинчиси¸ Сколари "Бунëдкор"да қилаëтган ҳозирги ишни бошқа исталган мураббий ҳам қилиши ва айни шу самарага эришиши мумкин. Аммо "Бунëдкор" хўжайинлари айни иш учун Ўзбекистондаги мураббийга маҳаллий даражада эмас¸ айнан Сколарига 25 миллион доллар тўлашни истаган экан¸ "Нега?"¸ деган саволни Сколарига эмас¸ балки клуб эгаларига бериш керак. Сколари қайда бўлмасин¸ айни ишни қилади ва шу ишни ҳозир Тошкентда қилаяпти. Қайси тренерга шунча пул таклиф қилсангиз¸ у йўқ дейди? Афсуски¸ бугун футбол борган сари спортдан узоқлашиб¸ тобора кўпроқ мўмай пул қилиш бозори¸ бизнесга айланиб бормоқда. Бу жуда афсусланарли жараëн. Менга қолса¸ футболчи ва футбол тренерларига бунақа астрономик пул тўлашни халқаро майдонда тақиқлаш керак. Келгусида балки бу каби вазиятларни мувозанатга солувчи бирор тизим топилар¸ деб умид қиламан.

Футболчи ëки тренер ҳам ëлланма хизматчи тоифасига киради ва уларга йўқ деб бўлмайдиган катта пул таклиф қилсангиз¸ албатта¸ улар буни жон деб қабул қилади. Бугун нафақат "Бунëдкор"¸ масалан Manchester City (хўжайини Абу-Даби амирлик оиласидан бўлган шайх Мансур ибн Зайд ал-Наҳëн -таҳр.) каби клуб хўжайинлари миллион-миллион долларни шунчаки бир ўйинда ғолиб бўлиш учун¸ мантиқан қараганда¸ беҳудага сарфламоқдалар. Аҳолисининг ярмидан кўпи тўйиб овқат емаëтган¸ миллионлаб болалар мактаб нималагини билмайдиган¸ арзимаган касалликдан ўлиб кетаëтган¸ очлик ва уруш¸ ишсизлик ва қашшоқлик кўпайиб бораëтган ҳозирги дунëда бундай “бизнес” ўзини ҳурмат қилган ҳар бир одам учун ҳақоратдир.

Мен футболнинг бунчалик абсурд бизнесга айланишида¸ футбол ишқибозларининг ҳам айби бор деб ўйлайман. Улар "бугун менинг клубим ўйнайди¸ менинг клубим ғалаба қилади"¸ деб стадионларни тўлдириш ўрнига клублар сарфлаëтган пулларнинг қайдан келиб¸ қайга кетаëтгани ҳақда бир ўйлаб кўришса¸ ëмон бўлмас эди. Ахир клубларнинг жон-жаҳди билан¸ ким ўзарга миллионларни шамолга совураëтгани ортидаги асосий мақсадлардан бири¸ айнан ана шу ишқибозларни стадионга йиғишу¸ улар пулларини олиш эмасми?


Қуралбек Ордабоев, 70-80-йилларда Қозоғистондаги машҳур "Қайрат" жамоасининг афсонавий дарвозабони¸ Қозоғистон футбол уюшмасининг собиқ президенти:

Қуралбек Ордабаев
Мен бугун ўзбекистонликларнинг қандай яшаëтгани¸ уларнинг қандай оғир меҳнат эвазига қанча ҳақ олаëтганини ўз кўзим билан кўриб турибман. Зотан мен Жанубий Қозоғистондан - Чимкентданман. Тошкент шундоққина қўшнимиз¸ бунинг устига биз тарафда қанча ўзбеклар тирикчилик учун тер тўкишаяпти. Мен Сколарига 25 миллион доллар ҳақ тўлаш нафақат миллионлаб ўзбеклар¸балки Ўзбекистоннинг бошқа футбол клубларига мураббийлик қилаëтганларга¸ айниқса Ўзбекистон миллий терма жамоасини тарбиялаëтган мураббийларга нисбатан ҳам ҳурматсизлик¸ деб ўйлайман.

Мен бир бразилиялик тренерга шунча пул тўланаëтганидан хабар топган ўзбекларнинг жунбушга тушишини жуда яхши тушунаман. Аммо гапнинг олдисини айтганда¸ бердисини ҳам айтайлик. Агар шунча пул¸ Ўзбекистон миллий терма жамоасига зўр тренер олиб келишга сарфланса ва бу тренер жамоани 2014 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионатига олиб чиқса¸ унда шунча харажат ўзини оқлади¸ дейиш мумкин.

Аммо 25 миллионни борган жойи Ўзбекистон чемпионлиги бўлган бир клубнинг биргина тренерига сарфлаш¸ ўзини оқламайди¸ деб ўйлайман. Буни ўзбек халқи ва ўзбек тренерларига нисбатан ҳурматсизлик¸ дейишдан бошқа сўз йўқ. Аммо бу ҳурматсизликни¸ менимча Сколари эмас¸ унга шунча пулни таклиф қилган клуб эгалари кўрсатишмоқда. Албатта¸ хусусий клуб чўнтагига қараб¸ ўзи истаган тренерни таклиф қилиш ҳаққига эга. Аммо биродарлар¸ бундай “сахийлик” ўз халқинг ва ўзингдан чиққан талантли мураббийлар зиëнига бўлмаслиги лозим ахир! Қозоғистон Ўзбекистондан бойроқ бўлса-да¸ бугун бизда иқтисодий аҳвол қўшнимизникидан яхшироқ бўлса-да¸ бирорта бой қозоқ клуби хорижлик тренерга бунча пул таклиф қилгани йўқ.

Азиз муштарий!

Сиз нима дейсиз:

"Бир мураббийга¸ унинг шуҳрати ва ўтмиш ютуқларидан қатъий назар¸ Ўзбекистондаги энг кам иш ҳақидан 105 минг баробар¸ ўртача иш ҳақидан эса 7000 марта катта бўлган бундай ойлик тўлаш¸ халққа нисбатан беадаблик эмасми?"

Сизнинг мулоҳазаларингизни кутиб қоламиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG