Линклар

Ўлим жазоси қайта тикланадими?


Қирғиз парламенти депутатлари ўлим жазосини қайта тиклаш тарафдорлари эканини билдирмоқдалар.

Қирғиз парламенти депутатлари ўлим жазосини қайта тиклаш тарафдорлари эканини билдирмоқдалар.

Қирғизистон Конституциясида мамлакатда ўлим жазоси қўлланилмаслиги қайд этилган бўлса-да, қирғиз парламенти бу ҳақдаги халқаро шартномани имзолашга розилик беришдан бош тортди.

Ўлим жазосини бекор қилишга қартилган Сиëсий ва фуқаровий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2-факултатив протоколи парламентнинг асосий қисмини ташкил этадиган “Оқ йўл” фракцияси муҳокамасида рад этилди. Бу эса мазкур ҳужжат парламентда овозга қўйилмаслигини англатади.

Қирғиз парламентидаги “Оқ йўл” фракцияси аъзоларининг бир қисми мамлакатда бир умр қамоқ жазосига ҳукм қилинганлар учун шароитлар етарли эмаслигини ва давлат бюджетидан уларни йил сайин таъминлаш учун керак бўладиган 400 минг доллар маблағни ажратиш мушкуллигини айтиб, мазкур протоколнинг тасдиқланишига қарши чиқдилар.

Фракция аъзоларининг асосий қисми эса “Қирғизистонда ўлим жазосини қайта тиклаш шарт, жиноятчиларни давлат бир умр таъминламаслиги керак”, деб фикр билдирдилар.

- Ўта раҳмсизлик билан одамларни, болаларни ўлдирган қотилларга нега биз инсонпарварлик кўрсатишимиз керак? Уларни нега умрбод таъминлашимиз керак? Фуқаро сифатида мен бу нарсага тушунмайман, деди депутат Галина Сидоренко.

Депутат Асқар Салимбеков эса Қирғизистонда ўлим жазосини қайта тиклаш бугунги кун талаби бўлиб қолаётганини айтди:

- Жамоатчиликнинг 80-90 фоизи бугун ўлим жазосини қайта тиклаш тарафдори эканига ишонаман. Қирғизистон Конституциясида ўлим жазосининг бекор қилиниши эса энг янглиш қарор бўлган, деди депутат Асқар Салимбеков.

Қирғизистонда ўлим жазосига 1998 йилда мораторий эълон қилинган эди. 2006 йилда эса Конституцияга ўлим жазоси қўлланилмаслиги тўғрисида ўзгартиш киритилган.

Расмий маълумотларга кўра, 1998 йилдан то шу кунгача 200 киши умрбод қамоқ жазоcига ҳукм қилинган. Бу маҳбусларнинг ҳар бирига бир йиллик таъминот учун 2000 доллардан маблағ ажратилади. Бир йилда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганларни таъминлаш учун давлат бюджетидан 400 минг доллар сарфланади.

Айни пайтда умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган маҳбуслар ўта оғир бўлган шароитларда сақланади. Чунки улар учун шу кунгача махсус қамоқхона қурилмаган.

Қирғиз ҳукуматининг парламентдаги вакили Нурқанбек Мўмуналиев, агар халқаро протокол имзоланса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинганларга шароит яратиш ва алоҳида қамоқхона қуриш учун халқаро ташкилотлар кўмак кўрсатишини айтиб, депутатларни ҳужжатни тасдиқлашга розилик беришга даъват этди.

Бироқ депутатлар ҳукумат расмийсининг сўзларини инобатга олмадилар.

Бишкеклик айрим сиёсатшунослар парламентдаги ҳукуматпараст депутатларнинг халқаро ҳужжатни тасдиқлашга розилик беришдан бош тортганларини қирғиз ҳокимиятининг ўлим жазосини қайта тиклаш сари ташлаган илк қадами сифатида баҳоламоқдалар.

Парламент депутати Гулнора Дербишеванинг айтишича, бундай тахминларда жон бор. Чунки ўлим жазосини қайта тиклаш масаласи Қирғизистон Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилинган ва кенгаш котиби ҳамда Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўлим жазосини қайта жорий этиш тарафдорлари эканини билдирган эдилар.

Айни пайтда қирғиз парламентидаги коммунистлар фракцияси Конституцияга ўзгартиш киритиш йўли билан ўлим жазосини қайта тиклашни талаб қилиб, президент Қурмонбек Бакиев номига мурожаат йўллаётганлари хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG