Линклар

logo-print

Жиззахда ҳуқуқ фаоллари калтакланди


Бахтиëр Ҳаморев ўзи ва ҳамкасбининг калтакланишини Жиззахни ҳуқуқ фаолларидан "тозалаш" кампанияси билан боғлайди.

Бахтиëр Ҳаморев ўзи ва ҳамкасбининг калтакланишини Жиззахни ҳуқуқ фаолларидан "тозалаш" кампанияси билан боғлайди.

11 ноябр куни жиззахлик ҳуқуқ фаоли Бахтиëр Ҳамроев номаълум шахслар томонидан дўппосланган бўлса¸ яна бир фаол Маъмуржон Азимовни милиция ходимлари калтаклаган.

Жиззахга қўнғироқ қилиб ҳуқуқ фаоли Маъмуржон Азимов билан боғланганимизда, унинг тўшакда ётгани, соғлиги кечаги калтаклашдан кейин унчалик яхши эмаслигидан хабар топдик.

Маъмуржон Азимовга кўра, калтаклаш воеқаси 11 ноябр куни Тошкентдан келган Баҳодир Чориев билан учрашувдан кейин содир бўлган.

Маъмуржон Азимов: Жиззах туман Ички ишлар бўлимига олиб кетишди. “Сен нимага бу ерга учрашувга келдинг?” деяпти.

Озодлик: Қайси учрашувга?

Маъмуржон Азимов: Ўша Баҳодир билан учрашувга нимага келдинг¸ деган мақсадда айтаяптида буни.

Озодлик: Чориевнинг ўзини ҳам олиб кетишдими?

Маъмуржон Азимов: Йўқ¸ Чориевнинг ўзини олиб кетишгани йўқ. Мени Жиззах туман Ички ишлар бўлимига олиб боришди. Жаҳонгирнинг хонасига олиб кирди. Кейин зам. началник милиция Нурулла кириб келди. Кейин “Ифлос¸ эшшак¸ ҳароми” деб бошларимга уриб¸ орқаларимга тепиб¸ шапатилаб ураяпти. Ҳароми деб¸ ифлос деб ҳақоратлаб уриб ëтибди.

Озодлик: Нима билан уришди?

Маъмуржон Азимов: Қўл билан уришаяпти. Тепаяпти¸ белларимга¸ биқинларимга тепаяпти. Бошимга муштлаб ураяпти.

Озодлик: Бу ҳолат қанча давом этди?

Маъмуржон Азимов: Бир соатлар давом этдида.

Озодлик: Бир соат уришган бўлса¸ ҳолингиз нима кечди?

Маъмуржон Азимов: Энди одам ҳамма нарсага чидар эканда. Бирпас дам олади¸ кейин туриб келиб яна уради. Иккаласи навбатма- навбат уришди. Бир соат уриб кейин стул кўтартириб қўйди.

Озодлик: Соат нечада уйингизга рухсат беришди?

Маъмуржон Азимов: Мен у ердан соат 6.10 да чиқдим.

Озодлик: Маъмуржон ака¸ мени сизнинг аҳволингиз қизиқтираяпти. Сизни бир соат уришибди. Сиз уйга ўз оëғингиз билан кетдингизми?

Маъмуржон Азимов: Ҳа, ўзим кетдим. Бир ҳолатда чиқдим. Аъзойи баданим қақшаб кетаяпти. Бошим қаттиқ оғриди. Миямга ҳам урганда булар. Шу аҳволда бир амаллаб машинамни уйга ҳайдаб келдим.

Озодлик: Шунча калтакдан кейин бирор жойингиз кўкаргандир, шишгандир?

- Биласизми¸ уларнинг тажрибаси ортганда. Улар урса кўкармайдиган¸ тепса из қолмайдиган ҳолатда урган, дейди Маъмуржон Азимов.

Баҳодир Чориев билан учрашганларга аталган калтак зарбасидан яна бир ҳуқуқ фаоли Бахтиёр Ҳамроев ҳам "баҳраманд" бўлди.

Ҳуқуқ фаолининг айтишича, улар Баҳодир Чориев билан машинада суҳбатлашиб ўтирган пайтида номаълум киши келиб¸ айнан уни калтаклаган.

Бахтиёр Ҳамроев: Машинада ўтирганимизда 40 ëшлар атрофидаги бир киши келди. Мен уни сал-пал танийман. Лекин исмини ҳам билмайман. У аниқ ички ишлар бошқармасида ëки бошқа идорада ишлайди. Келдида¸ жанжал кўтарди. Машинани ол¸ у ëқ¸ бу ëқ деб.

Озодлик: Бу одам формадими ëки фуқаролик кийимидами?

- Уларнинг бирортаси ҳам формада эмас эди. Бир пайт ҳеч нарса демасдан¸ орқа эшикни очдида¸ бирданига ëқамга тирмашиб кетди. Машинадан тушишга ҳаракат қилдим¸ албатта¸ қаршилик кўрсатдим. Юзимга иккита мушт қаттиқ тушди. “Энди бу ердан кетиш керак” деб гапирганимни биламан¸ яна иккита-учта мушт тушдида, дейди Бахтиёр Ҳамроев.

Жиззахлик ҳуқуқ фаолларининг калтакланиш воқеаси юзасидан Жиззах туман Ички ишлар бўлимига қўнғироқ қилдик. Телефон гўшагини кўтарган навбатчи ходим бу юзадан раҳбарлар билан маслаҳатлашгач¸ жавоб беришини билдирди. Шу билан биз Жиззах туман ИИБга бошқа боғлана олмадик.

“Бирдамлик” ҳаракати раҳбари Баҳодир Чориев Жиззахдаги воқеани ўзига нисбатан ҳукумат томонидан бўлаётган провокация дея баҳолади.

Баҳодир Чориев: Бу ҳукумат томонидан бизга нисбатан қилинган провокация деб биламан.

Озодлик: Агар сизга нисбатан провокация бўлаëтган бўлса¸ унда нима учун кўнгилсизликлар сизга нисбатан эмас¸ сиз билан учрашганларга нисбатан бўлаяпти?

- Энди билмадим. Чунки мен ҳозирчалик баëнот билан келиб турибман Ўзбекистонга. Унчалик вазиятни ўргана олганим йўқ. Лекин ҳаракат қилаяпман. Ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳукумат мулозимлари доимо орқамдан кузатув олиб бораяпти. Шу сабабли ҳозирчалик бу саволингизга ҳеч нарса дея олмайман, деди Баҳодир Чориев.

Бахтиёр Ҳамроев фикрича¸ калтакланиш воқеаси жиззахлик ҳуқуқ фаолларига нисбатан бўлаётган мунтазам тазйиқларнинг бир кўриниши бўлиб, уни Баҳодир Чориев билан боғлаш ноўрин.

- Жиззахда бўлаëтган воқеаларни инсон ҳуқуқлари фаоллари тарқатгани муносабати билан Тошкентда жуда катта резонанс берган ва ўша ëқдан менинг фикримча¸ жуда катта буйруқ келган. Яъни Жиззахда сақланиб қолган ҳуқуқ ҳимоячиларини таг-томири билан қўпориб ташлаш. Бошқа нарса йўқ бу ерда. Чунки Чориев келмасидан икки кун олдин ҳам шундай тазйиқлар рўй берди. Ҳамма ҳуқуқ фаолларининг уйи доимий кузатувда, деди Баҳтиёр Ҳамроев.

Айни пайтда Жиззахда ўндан зиёд маҳаллий ҳуқуқ фаоллари фаолият кўрсатмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG