Линклар

Сиëсийларга "сим-сим" йўқ

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган "сиëсийлар" ҳужраси эшиги очилиш ўрнига¸ уларга осилган қулфлар кўпайгандан кўпаймоқда.

Ўзбекистон қамоқхоналарида сақланаëтган "сиëсийлар" ҳужраси эшиги очилиш ўрнига¸ уларга осилган қулфлар кўпайгандан кўпаймоқда.

Санжар Умаровнинг оиласи "Серқуëш Ўзбекистон" коалицияси етакчисининг амнистияга кўра озодлик этилгани учун Сенатга раҳматлар айтаëтган бир пайтда¸ бошқа сиëсий маҳбуслар яна амнистиядан мосуво қолди.

“Серқуёш Ўзбекистон” коалицияси етакчиси, деб танилган Санжар Умаровнинг яқинда қамоқдан озод қилиниши сиёсий мотивлар билан қамалган бошқа мухолифатчилар, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистларнинг ҳам озод қилинишига умид уйғотди.

Боз устига уларни озод қилишга шу кунда ҳуқуқий асос ҳам бордек: Ўзбекистон мустақиллигининг 18 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистия муддати ҳали якунига етгани йўқ.

Хўш, қамоқхонанинг Санжар Умаров учун очилган эшиклари бошқалар учун ҳам очиладими?

11 ноябр куни Озодлик радиоси Умаровлар оиласи номидан гапириш ваколатини олган PR компания вакили Nicole Cotrill дан хат олди.

Мактубга Умаровлар оиласининг баёноти илова қилинган бўлиб, унда оиланинг хурсанд эканлиги билдирилган.

Санжар Умаровнинг турмуш ўртоғи ва фарзандлари уни авф этгани учун Олий Мажлис Сенатига миннатдорчилик изҳор этган.

Бугунги мавзуни ўрганишимиз учун, сўнгги жумладаги "авф этмоқ" ибораси муҳимдир.

Хўш, Санжар Умаров амнистияга тушдими ёки бошқа сабабларга кўра озод қилиндими?

Биринчи бўлиб, Бош прокуратура билан боғландик. Мазкур идора матбуот котиби Светлана Ортиқова бу масала юзасидан бугуноқ информация беришга тайёр эмаслигини билдирди.

Ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов Санжар Умаровнинг ҳимояси билан шуғулланган сўнгги адвокат. У куни кеча бир эшиттиришимизда Умаров амнистияга тушмаган бўлса керак, деган эди.

- Мен “Амнистия Санжар Умаровга қўлланилмади” деб инкор қилганим йўқ. Лекин мен Санжар Умаровнинг иши бўйича охирги адвокат сифатида қатнашганимда¸ оиласи билан бир хил тузилган илтимосномамиздаги энг асосий талабимиз Санжар Умаровни соғлиғи ëмонлашганлиги туфайли ва қамоқ шароитларида соғлиғини тиклашга шароитлар етарли эмаслигини инобатга олиб¸ жазо муддатидан олдин илгари озод қилишини сўраб жуда кўплаб жойларга мурожаат қилганмиз. Оиласи номидан ҳам мана шунақа мурожаатномалар жуда кўп Ўзбекистондаги давлат органларига топширилган. Мен амнистия қўлланилганини инкор этмаган ҳолда¸ соғлиги сабабли деган мазмунда муддатдан илгари озод қилинган бўлса керак¸ деб тахмин қилган эдим ўтган гал¸ дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти сиёсий мотивлар билан қамалган бошқа ўнлаб ўзбекистонликлар қатори Санжар Умаровнинг ишини ҳам доим диққати марказида тутган ташкилот.

“Эзгулик” вакили Абдураҳмон Ташановнинг фикрича, Умаровга нисбатан амнистия қўлланилгани йўқ.

- У касаллигига кўра озод қилинди. У касаллиги туфайли 64/47 муассасасидан Товоқсойдаги учинчи колонияга олиб келинган эди. У 240 кун давомида изоляторда сақланган. Ҳар қандай одам 240 кун давомида жазо изоляторида сақланадиган бўлса¸ у албатта соғлиғини йўқотади. Охири марта бизнинг жамиятнинг раиси билан бизнинг жамиятимизнинг адвокати унинг олдига борганида¸ унинг аҳволи жуда ëмон эди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Демак, Санжар Умаровнинг озод бўлишига амнистиянинг алоқаси борлигидан йўқлиги кўпроққа ўхшайди.

Унинг қамоқдан бўшашига Вашингтон-Тошкент муносабатлари таъсирига, мавзудан чиқиб кетмаслигимиз учун тўхталмаймиз.

Суҳбатдошларимизга кўра, якунига етаётган амнистия жараёнида сиёсий мотивлар билан қамалганларнинг озод бўлгани тўғрисида маълумотлар йўқ.

- Кейинги пайтларда ўзи биз сиëсий маҳбуслар деб ҳисоблаëтган ҳуқуқ ҳимоячилари¸ мухолифатчиларнинг бирортасига бу амнистия теккани йўқ. Масалан¸ бир типик мисол сифатида амнистия қўлланиши керак бўлган ва озод қилиниши керак бўлганлардан биттаси Абдурасул Худойназаров эди¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Абдурасул Худойназаров Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг Ангрен шаҳридаги бўлими раиси эди. У

- 2005 йилда қамалган эди. Қийноқлар туфайли ўтган йил ўзининг жонига қасд қилган эди. Бахтли тасодиф туфайли омон қолган эди. Лекин мана ўтган йили амнистия эълон қилиниши арафасида унга нарушение ëзишди. “Гимнни айтмадинг. Каравотингда нотўғри ëтдинг” деб нарушение ëзишаверади. Сиëсий маҳбуслар амнистия мурувватидан бебаҳра қолаверади. Жиноятчилар ëки коррупционерлар амнистия туфайли чиқиб кетаверади¸ дейди Абдураҳон Ташанов.

Амнистияга умид қилаётганлардан бири “Мазлум” инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Аъзам Турғуновдир.

У бир йил аввал Қорақалпоғистонда, бир фуқаронинг жамоатчилик ҳимоясини амалга ошираётган чоғида ҳибсга олинган ва кейинчалик Қорақалпоғистон суди қарори билан товламачиликда айбланиб, 10 йилга қамалган эди.

Шу кунда Қаршидаги қамоқхонада сақланаётган Турғуновнинг турмуш ўртоғи Мўътабар опа билан гаплашдик.

Мўътабар опа: Сентябр ойида ўғлим бориб келди. Олдиларида бир сутка бўлиб қайтиб келди.

Озодлик: Аҳволи яхши эканми?

Мўътабар опа: Нима дейсиз энди. Озиб кетганлар. Шу 40 килолар бўлиб қолганлар.

Озодлик: Шу даражада озиб кетибдиларми?

Мўътабар опа: Шунақа озиб кетганлар. Шунақа озиб кетган. Кўрсанглар ўзинглар ҳам ҳайрон қоладиган даражада.

Озодлик: Амнистияга тушиши ҳақида гап-сўзлар бўлгандир. Бировларга мурожаат қилгандирсизлар.

- Йўқ¸ йўқ. Амнистияга тушмаптилар. Унақа нарса йўқ экан¸ дейди Аъзам Турғуновнинг турмуш ўртоғи Мўътабар опа.

Ўзбекистонлик мухолифатчилар ва инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи маҳаллий ва халқаро ташкилотлар қўлидаги ўзбекистонлик сиёсий маҳбуслар рўйхатида кўплаб кишиларнинг исмлари бор.

Мана ўша рўйхатдагиларнинг баъзилари:

Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Рашид Бекжонов, Муҳаммаджон Бекжонов, Юсуф Рўзимуродов, Самандар Қўқонов, Исоқ Абдуллаев, Руҳиддин Фахруддинов, Акром Йўлдошев, Баҳодир Қамбаров, Юсуф Жумаев, Машраб Жумаев, Солижон Абдураҳмонов, Исроил Холдоров, Мамаражаб Назаров, Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов, Ғайрат Михлибоев, Абдусаттор Ризаев, Норбой Холжигитов...

Яна давом эттириш мумкин бу машъум рўйхатни.

У йилдан йилга узайиб бормоқда.

Амнистиянинг бу рўйхатдагиларга дахли йўқлигича қолмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG