Линклар

АҚШ элчиси қўшин кўпайтирилишига қарши


Элчи Айкенберри¸ афғон жумбоғини яна минглаган қўшин юбориш билан ҳал этиш истиқболига жиддий шубҳа билан қарамоқда.

Элчи Айкенберри¸ афғон жумбоғини яна минглаган қўшин юбориш билан ҳал этиш истиқболига жиддий шубҳа билан қарамоқда.

АҚШнинг Афғонистондаги элчиси Карл Айкенберри президент Барак Обамага йўллаган мактубида Афғонистондаги ҳарбийлар сонини ошириш борасида ўз хавотирларини изҳор қилди.

АҚШнинг Кобулдаги элчиси Карл Айкенберри президент Обамага йўллаган мактубида Афғонистонга қўшимча америкалик ҳарбийларни киритиш масаласида жиддий ташвиш билдирган.

"The Washington Post" нашрининг хабар қилишича, Айкенберри Оқ уй раҳбарига ўтган ҳафта иккита мактуб юборган ва унда АҚШ қўмондонларининг Афғонистонга қўшимча ҳарбий куч юбориш тўғрисидаги талабларини савол остига қўйган.

АҚШ ҳукумати расмийларига кўра, Айкенберри ўз мактубида Афғонистон президенти Ҳамид Карзайнинг ноизчил ҳатти-ҳаракатлари ҳамда ҳукумат доирасида урчиган коррупция ҳолатларидан жиддий ташвиш билдирган.

Элчи этиб тайинланишдан аввал Айкенберри Афғонистонда ҳарбий қўмондон лавозимида ишлаган ва бу ердаги хавфсизлик вазияти собиқ генерал учун янгилик эмас.

Айни пайтда Барак Обама ўз ҳарбий қўмондонлари билан Афғонистонга оид янги стратегия борасида маслаҳатлашувлар олиб бормоқда. Айтилишича, Обама муҳокамасига тўртта режа тақдим қилинган.

Биринчи режада, Афғонистонга қўшимча 10 ёки 15 минг ҳарбий юбориш назарда тутилган. Ҳарбийларнинг кўп қисми Афғонистон миллий армияси малакасини ошириш билан машғул бўлади.

Қолган режаларда эса Афғонистонга 20, 30 ва 40 минг ҳарбий киритиш чақириғи бор. Бу режаларда эса АҚШ қўшинларининг толиблар назорати остида бўлган ҳудудларда тўғридан-тўғри жангларда иштирок этиши мумкинлиги инобатга олинган.

Чоршанба куни Оқ уйда ўз ҳарбий қўмондонлари билан учрашган Барак Обама, айтилишича, қўмондонларга ҳар тўрталла режани синчковлик билан ўрганиб чиқишни тавсия қилган.

Чоршанба кунги учрашувда АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтс, Бирлашган қўшинлар бош штаби раҳбари адмирал Майк Маллен, Марказий қўмондонлик бош қўмондони Дэвид Петреус ҳамда АҚШнинг Афғонистон ва Покистон бўйича махсус вакили Ричард Ҳолбруклар иштирок этди.

АҚШнинг Афғонистондаги қўшинлари қўмондони¸а генерал Стэнли МакКристал эса телеконференция орқали Оқ уй билан алоқда бўлди.

Сентябр ойида генерал Стэнли МакКристал Обаманинг хавфсизлик масалалари бўйича гуруҳига йўллаган махфий ҳисоботида яқин келажакда Афғонистонга қўшимча ҳарбий юборилмаса, АҚШнинг у ерда мағлубиятга учраши мумкинлиги хусусида хавотир билдирган эди.

МакКристал, шунингдек, Афғонистон ҳукуматидаги коррупция кўламидан ҳам жиддий ташвиш билдирган эди.

Айни пайтда Афғонистондаги Қайта қуриш жараёни бўйича АҚШ нозири Арнолд Фиелдс коррупция муаммоси нафақат Афғонистонга қўшимча ҳарбий киритиш масаласи, балки мамлакатни қайта тиклаш ва донор мамлакатлар ёрдамини фуқароларга етказиб беришга тўсиқлик қалаётганини айтди.

-Қайта қуриш жараёни учун маблағ ажраётган давлатлар ишончини сақлаб қолишимиз лозим. АҚШ бу мақсадлар учун 40 миллиард, халқаро ҳамжамият эса¸ жами 63 миллиард ажратган. Бу ишонч ва пулларнинг Афғонистонга келишини таъминлаш учун, донор мамлакатлар ажратилаётган пулларнинг аниқ мақсадлар учун сарфланаётганини кўриши шарт¸дейди Арнолд Фиелдс.

АҚШ нозири, шунингдек, Ҳамид Карзай ҳукуматига бўлган ишончни йўқотмаганини айтади:

- Коррупция долзарб муаммолардан биридир. Таъкидлаш жоизки, Афғонистон ҳукумати ҳам бу муаммони тан олган. Афғонистон раҳбари билан уч маротаба учрашишга муяссар бўлганман ва ҳар сафар Ҳамид Карзай коррупция муаммосини тилга олган ва бу масалада биздан ёрдам сўраган,деди АҚШ расмийси.
XS
SM
MD
LG