Линклар

Обама савдога эътибор қаратмоқчи


Президент Обама глобал иқтисодий инқироз даврида савдо-сотиқ халқаро муносабатларнинг яхшиланишига хизмат қилади, деган умидда.

Президент Обама глобал иқтисодий инқироз даврида савдо-сотиқ халқаро муносабатларнинг яхшиланишига хизмат қилади, деган умидда.

АҚШ иқтисодиёти улкан бўҳрондан чиқиш учун курашаётган бир пайтда, президент Барак Обама Осиё давлатларига тўққиз кунлик сафарини бошлади.

АҚШ раҳбари Япония, Хитой, Сингапур ва Жанубий Кореяга ташрифи чоғида ўзаро савдо алоқаларини ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиши режаланган.

15 йил олдин АҚШ ва Япония ўртасида савдо борасида келишмовчилик юзага келганидан бери Вашингтон ва Токио муносабатлари таранглигича қолаётгани айтилмоқда.

Бунга Японияда 50 йил давомида ҳокимият тепасига биринчи марта келган Демократик партия вакилларидан иборат янги ҳукумат АҚШдан Япония ҳудуди, айниқса, Окинава оролидаги Америка аскарлари сонини камайтиришни талаб қилаётгани сабаб бўлди.

Маълумотларга кўра, ҳозир Япония ҳудудида АҚШнинг 33 минг аскардан иборат ҳарбий кучлари бор.

АҚШ президентининг Осиёга сафари чоғида хавфсизлик кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиши айтилмоқда.

Хитой коммунистик давлат бўлса-да, капиталистик қудратга эга. Шу йил бошида ҳокимиятни Обамага торширган собиқ АҚШ президенти Жорж Буш ва унинг маъмурияти Хитойни АҚШнинг “стратегик рақобатчиси” деб таърифлаган эди.

Вашингтондаги “American Enterprise Institute”нинг АҚШ-Осиё муносабатлари бўйича таҳлилчиси Клод Барфилд фикрича, ўша пайтдан бери Хитой ўз ҳарбий қудратини мустаҳкамлаб, минтақадаги ҳукмрон сиёсий кучга айланган.

- Хитой, албатта, душман эмас. У минтақада пайдо бўлаётган янги қудратли давлат. Хитой қудратининг ошиб бораётгани иттифоқчиларимиз, яъни демократик сайланган ҳукуматлар орасида асабийлик пайдо қилаётганини тушунса бўлади. Биз бунга қандайдир жавоб беришимиз керак. Нафақат жавоб беришимиз, балки унга етакчилик қилишимиз керак, - дейди америкалик таҳлилчи.

Като институтининг савдо сиёсати тадқиқотлари директори Даниел Грисволдга кўра, барча масалаларда савдонинг ролини бўрттириб кўрсатиш ярамайди. Грисволд “уруш ва тинчлик ўртасида фарқ бўлиши керак”, деган фикрда.

- Савдо ташқи сиёсатни белгиловчи катта омилдир. Иккинчи жаҳон урушидан кейин савдо Ғарбий Европа, Япония ва стратегик аҳамиятга эга бўлган бошқа давлатлар билан иттифоқчилик алоқаларни йўлга қўйишда муҳим рол ўйнади. Аммо савдо урушлари ҳақиқий урушларга сабаб бўлиши мумкин. Иқтисодий таназзул, 1930 йиллардаги иқтисодий урушнинг авж олиши дунёни уруш сари етаклади, - дейди америкалик таҳлилчи.

Ҳозирда Хитой билан муқаррар уруш хавфи йўқ. Аммо Хитой ҳам, Америка ҳам Эрон ва Шимолий Корея ядровий қуролга эга бўлишининг олдини олишни хоҳлайди.

Грисволд Вашингтон ва Пекин битта нарсани хоҳлайди ва шу боис улар муштарак мақсад йўлида бирга ишлаши керак деган фикрда. Аммо таҳлилчига кўра, бир мақсадга турли томондан ёндошилса, ҳар доим ҳам осон бўлмайди. Мана шундай вазиятда савдо масалалари хавфсизлик борасида ҳамкорликни йўлга қўйишда ёрдам бериши мумкин.

Грисволд президент Обама Хитой билан самимий савдо алоқаларини давом эттиришда эҳтиёт бўлиши кераклигини айтди. Унга кўра, АҚШ раҳбари яқинда Хитойда ишланган автомобил шиналарига белгиланган тарифларни оширгани америкалик ишлаб чиқарувчиларни қувонтирган бўлиши мумкин. Аммо бу хитойликларга ёқмаган. Таҳлилчига кўра, энди президент Обамага уларнинг яхши нияти керак бўлади.
XS
SM
MD
LG