Линклар

АҚШ да чўчқа гриппидан 4000 одам ўлди


АҚШ Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмийларига кўра, мамлакатда чўчқа гриппидан камида 4000 фуқаро, жумладан, 500га яқин вояга етмаган бола нобуд бўлган.

Бу рақамларни АҚШдаги Касалликлар олдини олиш ва назорат қилиш маркази ошкор қилди. Дастлаб АҚШ бўйлаб 672 шахснинг ўта хавфли H1N1 вирусидан нобуд бўлгани айтилаётган эди.

Жорий йил бошида Мексикада бошланиб¸ кўп ўтмай жаҳон бўйлаб тарқала бошлаган чўчқа гриппи шу кунгача жаҳоннинг 199та давлатида қайд этилди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти агар ҳомиладор аёллар, ёш болалар ва касаликка тез чалиниши мумкин бўлган фуқароларда чўчқа гриппи аломатлари аниқланса, уларга дарҳол вирусга қарши Тамифлу дориси беришни тавсия қилмоқда.

Бундан аввал ЖСТ шифокорларга касаллик ташхиси аниқланган тақдирдагина, беморларга дори беришни тавсия қилган эди.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти май ойидан буён қарийб 72та давлат, жумладан, Афғонистон, Монголия, Беларус ва Украинага вакцина юборди. Ташкилот, шунингдек, яқин кунлар ичида чўчқа гриппига қарши вакциналар Озарбайжон ва Қирғизистонга етказиб берилишини маълум қилди.
XS
SM
MD
LG