Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:27

Коммунал тўловларни "ўзбекча"сига оширишмоқчи


Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов коммунал хизматлар ҳақининг кўтарилиши оддий одамларга қандай таъсир этишини ўз мисолида синаб кўришга тайёр.
Қирғизистон Бош вазири Дониёр Усенов коммунал хизматлар ҳақининг кўтарилиши оддий одамларга қандай таъсир этишини ўз мисолида синаб кўришга тайёр.

2010 йилнинг 1 январдан бошлаб Қирғизистонда ўртача 100 доллар иш ҳақи олувчи одам, маошининг 80 фоизини коммунал хизматларга тўлай бошлайди.

2010 йилнинг 1 июлидан эса 100 доллар ҳақ олувчи ходим ойлигини тўлалигича коммунал хизматларга тўлаб, бунинг устига яна 60 доллар қарз ҳам бўлиб қолади.

Қирғизистон ҳукуматининг 13 ноябр куни коммунал хизматлар нархини 2010 йилнинг 1 январидан 5 баробарга, 2010 йилнинг 1 июлидан эса 10 баробарга ошириш тўғрисидаги қарорини ўрганган мустақил кузатувчилар мана шундай тахминни айтмоқдалар.

Коммунал хизмат ҳақининг кўтарилиши борасида қирғиз парламентига маълумот берган Қирғизистон Бош вазири Дониëр Усеновнинг айтишича, янги тарифлар қўшни давлатлардагига нисбатан анча паст.

-Масалан, Ўзбекистонни олайлик. У ерда ойлик иш ҳақи Қирғизистонга қараганда озроқ. Лекин электр энергияси учун, қирғиз валютасида ҳисобласак, 2 сўмдан ҳақ тўлашади. Бу доллар ҳисобида 6 цент бўлади. Биз эса электр энергияси тарифини 4 центдан қилиб белгилаяпмиз, деди Дониëр Усенов.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, 2010 йилнинг 1 январидан иссиқ сув ва иссиқлик учун 1050 сўмдан, яъни 24 доллардан ҳақ тўланади. 2010 йилнинг 1 июлидан эса айни мана шу хизмат тури учун 48 доллардан ҳақ олинади. Электр энергияси учун айни пайтда ҳар бир хонадон ой сайин ўртача 2,5 доллардан тўлаётган бўлса, 1 январдан бошлаб ўртача 6 доллардан пул тўлайди.

Қирғизистон энергетика вазири Илёс Давидов парламент депутатларига тақдим этган ҳисоб-китобига кўра, янги тарифлар бўйича коммунал хизматлар учун 1 хонали уйда яшовчилар бир ойига ўрта ҳисобда 48 доллар, 2 хонали уйда яшовчилар 66 доллар, уч хонали уйда яшовчилар эса 85 доллар атрофида ҳақ тўлайдилар.

Коммунал хизматларнинг бу даражада кўтарилиши депутатларнинг асосий қисмида норозлик уйғотди.

- Мен ҳам ҳамкасбим Гулнора Дербишеванинг айтганларини қайтаргим келаяпти. Менинг ойлик маошим ҳам ҳамма коммунал хизматлар ҳақини тўлаганимдан кейин аранг кун кечиришга етмаяпти. Шундоқ экан, бор-йўғи 150 доллар атрофида ойлик оладиган оддий ўқитувчи қандай тирикчилик қилади?

Мен коммунал хизматлар ҳақининг кўтарилиши оддий одамларга нақадар оғир келишини ўзимизда ҳис қилиб кўриш учун, барча давлат амалдорлари ва депутатларининг ойликларни ўқитувчи ойлиги билан тенглаштиришни таклиф қиламан, деди депутат Ирина Карамушкина.

Бош вазир Дониёр Усенов депутатнинг бу таклифини қабул қилишини айтди:

- Қўллаб-қувватлайман. Бу ташаббусни эртадан бошлабоқ Усенов ва Карамушкинага нисбатан тадбиқ этамиз, деди Дониёр Усенов.

Қирғиз ҳукуматининг коммунал хизматлар ҳақининг ошириши Бишкек шаҳар мэри Наримон Тюлеевда ҳам норозилик уйғотди. У қирғиз ҳукумати йиғилишида бу борада кескин муносабат билдирди.

- Бугунги кунда бюджетдан бериладиган ўртача ойлик 4235 сўм ( 97 доллар-таҳрририят)ни ташкил этади. Агар 4 кишилик оилада 2 киши ишласа, уларнинг ойлиги 8470 сўм (194 доллар)ни ташкил этади. Коммунал хизматлар учун бу оила 3238 сўм тўлайди. Қолган 5000 сўмни 4 кишига бўлсак, ҳар бир оила аъзосига 1307 сўмдан тўғри келаяпти. Қирғизистондаги ўртача истеъмол савати эса 2470 сўмдир. 2001 йилнинг 1 июлидан коммунал хизматлар ҳақи яна 5 баробарга кўпаяди. Шунда бу оила коммунал хизматлар учун 6 минг сўм тўлар экан. Ундан ошиб қолган пулни 4 кишига бўлсак, ҳар бир оила аъзосига 400 сўм, яъни 8 доллардан тақсимланади. Бу пулга тирикчилик қилиш мумкинми? Тарифларнинг оширилиши қашшоқларни кўпайтиради, холос, деб фикр билдирган ҳукумат йиғилишида Бишкек шаҳар мэри Нариман Тюлеев.

Бироқ қирғиз ҳукуматига кўра, бугунги кунда мамлакат энергетикаси жуда оғир вазиятда қолган. Ускуналар, тармоқлар ва ишлаб чиқариш технологиялари эскирган. Ҳукумат аъзоларига кўра, энергетикани фақат нархларни ошириш йўли билангина жонлантириш мумкин.

-Ҳукумат энергетика саноатини сотувга қўйган эди, лекин харидор чиққани йўқ. Харидорлар ҳақиқий вазият билан танишгач, ҳукуматдан нархларни кўтаришни талаб қилмоқдалар. Улар нархлар кўтарилгачгина сотиб олиш ҳақида ўйлаб кўришларини билдирганлар. Бугунги нарх кўтарилиши бошланиши, холос. Энергетика саноати хусусий қўлларга ўтгач, коммунал хизматлар ҳақи янада кўтарилади, деди мустақил кузатувчи Тошпўлат Болтабоев.

Қирғизистон ҳукумати коммунал хизматлар нархи 10 баробарга кўтарилгани тўғрисидаги қарорни эълон қилар экан, фуқароларни ҳам ижтимоий ҳимоялашни назаридан қочирмаганини билдирмоқда.

Ҳукуматнинг бишкекликлар орасида кулгига сабаб бўлган қарорига мувофиқ, бундан буён аҳолининг кам таъминланган табақаларига ва ойлик маоши 120 доллардан кам бўлган фуқароларга ой сайин 5 доллардан ёрдам пули берилади.
XS
SM
MD
LG