Линклар

logo-print

Душанбе ҳам чўчқа гриппини бекитмоқда

  • Гулнора Равшан

Душанбедаги айрим мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар дока маска тақиб¸ даср ўтишмоқда.

Душанбедаги айрим мактабларда ўқувчи ва ўқитувчилар дока маска тақиб¸ даср ўтишмоқда.

Тожикистонда 166 кишининг чўчқа гриппига чалингани гумон қилинаётганлигига қарамай, республика расмийлари, матбуоти ва соғлиқни сақлаш тизими бу борада сукут сақламоқда.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Аъзам Мирзоевнинг маълум қилишича, сўнгги бир ой давомида Душанбе аэропорти, темир йўллари ҳамда вазирлик қошида ташкил этилган махсус штаб лабараторияларида мавсумий тумов билан оғриган тахминан 500 нафардан ортиқ тожикистонлик ва хорижлик фуқаро қони махсус текширувдан ўтказилган.

- Ана шу қони анализ қилинган 500 дан ортиқ бемор орасидан чўчқа грипини юқтирганликда гумонланаётган тахминан 166 кишининг қонини Буюк Британиядаги референс лабараторияларга юбордик.

Ҳозирча анализлар жавоби келмади. Лекин қонида чўчқа гриппи вируси борлиги гумонланаётган беморлар жамиятдан изоляция қилингани йўқ. Чунки улар даволаниб, ҳозирда дўхтирлар назоратида бўлиб туришибди, деди вазир ўринбосари Мирзоев.

Тожикистон Соғлиқни сақлаш расмийсининг маълум қилишича, шу кунгача Тожикистонда чўчқа гриппини юқтирган бирор киши расман қайдга олинмаган.

Бундан бир кун аввал эса АҚШ нинг Душанбедаги элчихонаси интернет сайтида Тожикистонда икки киши чўчқа гриппи вирусини юқтиргани ҳақида хабар тарқалган эди.

АҚШ элчихонаси Тожикистондаги¸ шунингдек Тожикистонга сафар қилмоқчи бўлган америкаликларига мурожаат этиб, бу мамлакатда H1N1 вируси тарқалса, “ ҳукумат мамлакатга кириш, чиқишни тақиқлаши, карантин эълон қилиши ва изоляцияловчи муолажаларни йўлга қўйиши мумкин”лигидан огоҳлантирган эди.

Тожикистон расмийси Аъзам Мирзоев ҳам республикада чўчқа гриппининг тарқалиш эҳтимоли борлигини инкор этмади.
-Аммо,- дейди расмий,- ҳозиргача Тожикистонда бу вирусга қарши вакцина йўқ.

Вазир ўринбосарига кўра, бундай вакцина Тожикистонга келгуси йилнинг январ ёки феврал ойларида олиб келинади.

Мавзу юзасидан фикр билдирган тожикистонликларнинг аксарияти чўчқа гриппи, унинг оқибатлари ҳақидаги зарур маълумотларни фақат Россия каналлари, рўзномалари орқали олаётганларини айтишди.

Тожикистонга қўшни мамлакатлар, жумладан, Қирғизистон ва Афғонистонда H1N1 вирусининг тарқалганидан ташвишга тушган тожикистонликлар, чўчқа гриппининг бу ёққа ҳам ўтиши ёки ҳатто ўтган бўлиши ҳам мумкинлигидан ташвишдалигини айтишди.

- Ҳай, ким билсин, бизга ҳам келгандир, шу чўчқа гриппи. Уни очиқ айтмаётганлари хавотирга солади, одамни. Эмлаш у ёқда турсин, ҳатто бирор тушунтириш ишлари олиб борилмаяпти. Биз ўзимизча чоралар кўраяпмиз, дейди суҳбатдошимиз Аслиддин.

- Ҳар куни болаларимга бир неча мартадан “Қўлларингни совунлаб юв, тоза кийин”, деб таъкидлаб турибман. Бешта болам мактабда ўқийди, ҳаммасига тиббий маска олиб берганман. Шундай тумов тарқалибди, мен ҳам уйимга дори заҳира қилсаммикин, деб ўйлаяпман, дейди Душанбе шаҳридаги Ойдин кўчасида яшайдиган Муҳтарамхон.

Муҳтарамхон ўз маҳалласида ва у тижорат қилаётган шаҳар бозориларида шу кунгача бирорта тиббиёт ходимининг чўчқа гриппи ҳақида тушунтириш ишлари олиб бораётганини кўрмаганини айтади.

Тожикистонлик мустақил таҳлилчи Абдурауф Муродий Тожикистон ҳукумати аҳолига чўчқа гриппи ҳақида тўла маълумотни ўз ичига олган китобчалар тарқатиши, телевизор ва радиоларда дастурларни йўлга қўйиши зарур деб билади.

- Афсуски, бутун дунё бу грипп билан курашаётган айни пайтда Тожикистон ҳукумати мудраётир. Менимча, бундай бир даҳшатли вабога юзма-юз келиб ҳам аҳолини огоҳлантирмасликнинг ўзи жиноят.

Тожикистонда “юқоридаги”ларнинг ишорасига қараб иш юртиш одат тусига кирган. Юқоридагилар эса эл орасида ваҳима тарқатмаслик учун бўлса керак, ҳамон сукут сақлашмоқда, дейди мустақил таҳлилчи.

Хитой, Афғонистон, Қирғизистон каби қатор мамлакатларда H1N1 вируси эпидемиясининг олдини олиш борасида турли чора - тадбирлар кенг йўлга қўйилган эсада, Тожикистон давлат телевидение-радиоси ва матбуотида чўчқа гриппи ҳақида умуман маълумот берилмаяпти.
XS
SM
MD
LG