Линклар

logo-print

Тожикларнинг умиди туркманлардан

  • Гулнора Равшан

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашув пайтида Туркманистон энергетика ва саноат вазири Яригули Оразгулиев энергетик ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдилар.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашув пайтида Туркманистон энергетика ва саноат вазири Яригули Оразгулиев энергетик ҳамкорликни ривожлантириш масаласини муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиш ниятида бўлиб турган айни пайтда, Туркманистон билан Тожикистон ўзаро энергетик ҳамкорликларни ривожлантирмоқчи.

Бу борада 13 ноябр куни иш сафари билан Душанбега борган Трукманистон энергетика ва саноат вазири Яригули Оразгулиев оммавий ахборот воситалари вакилларига маълум қилган.

Президент Имомали Раҳмон билан учрашувдан сўнг матбуот анжумани ўтказган Туркманистон энергетика ва саноат вазири Яригули Оразгулиев ўз мамлакати Тожикистон билан энергетик ҳамкорликни ривожлантириш ниятида эканини билдирди.

- Тожикистон президенти билан учрашувда иқтисодий, қишлоқ хўжалиги, таълим соҳасидаги ҳамкорликлар, жумладан, энергетика ягона бозорини ривожлантириш борасида келишиб олдик,-деди Яригули Оразгулиев.

Туркманистон энергетика вазирининг энергетик ҳамкорликлар борасидаги давлатлараро муносабатларни ривожлантиришга оид айтганлари Ўзбекистон билан Қозоғистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши мумкинлиги ҳақида баёнотлар бераётган бир пайтга тўғри келди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ягона энерготизимдан чиқиш борасидаги қарорларини Тожикистон Марказий Осиё умумий қозонидан “электр ўғирлаётгани” билан изоҳлашган.

Соҳа бўйича тожикистонлик мустақил таҳлилчи Ғуломиддин Сайфиддновнинг маълум қилишича, Тожикистон шу пайтгача фақат Ўзбекистон электр тармоқлари ёрдамида Туркманистондан электр энергияси импорт қилган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиши Тожикистон - Туркманистон энергетик ҳамкорлигини муаммога айлантириши мумкин.

- Шўро ҳукумати қулаб, давлатлар мустақил бўлгач, Марказий Осиё ягона тизими ҳам йўқ бўлиб кетган эди. Фақат Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида бу система амал қилиб келарди, холос.
Тожикистон энергетика ва саноат вазири: “Агар Ўзбекистон бу тизимдан чиқиб кетмаса, биз шартномада белгиланган миқдордаги электр қувватини туркманлардан импорт қила оламиз, бўлмаса йўқ” деди, - дея маълум қилди Ғуломиддин Сайфиддинов.

Ўзбекистон ва Қозоғистон ўзларининг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишлари учун асосли далилларга эга бўлсалар-да, Тожикистон расмийлари уларнинг иддаолари асоссиз эканини уқтиришмоқда.

13 ноябр куни “Барқи тожик”очиқ ҳиссадорлик ширкати қўшнилари даъвосига расман раддия билдирган.

- Қанақ Озунбаев Тожикистон гўё ягона энерготизимдан Қозоғистонга тегишли электрни ноқонуний ўзлаштирганини даъво қилибди. “Барқи тожик”ширкати бу даъволарни қатъий рад этади.

Ширкатимиз шу йилнинг 29 октябридан буён, яъни Ўзбекистон энергетик ҳамкорликларни тўхтатганидан бери автоном тарзда фаолият юритмоқда ва ягона тизимдан электр қувватини ўзлаштиришнинг техник имконияти йўқ,- дейди “Барқи тожик” ширкати расмийси Нозиржон Ёдгорий.

Ўзбекистон ва Қозоғистон Марказий Осиё ягона энерготизимидан
чиқиб кетса, Тожикистон Туркманистонга чегарадош ҳам бўлмаса, у ҳолда бу икки мамлакат ўзаро энергетик ҳамкорликларни қай тарзда йўлга қўйиши мумкин?

Ғуломиддин Сайфиддинов фикрича, Қирғизистоннинг Боткен шаҳридан Исфара ва Конибодом орқали Тожикистонга электр тармоқлари тортилса, муаммога ечим топилиши мумкин.

Нозиржон Ёдгорий эса Тожикистон ҳукумати туркманлар билан ўзаро энергетик ҳамкорлик борасидаги бир қатор лойиҳалар аллақачон ишлаб чиқилганини айтади:

- Туркманистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорлик қилишнинг қатор йўллари мавжуд. Жумладан, Тожикистонга Афғонистон орқали Туркманистондан электр импорт қилиш мумкин ва бу жуда қулай бўлади. Ҳозирда бунга оид қатор лойиҳалар ишланган, яқин вақт ичида уларнинг амалга оширилиши кутилмоқда, - деди “Барқи тожик” очиқ ҳиссадорлик ширкати масъули.

2007 йили Тожикистон ва Туркманистон ўртасида имзоланган ўзаро энергетик шартномага кўра, Тожикистон туркманлардан йилига 1 миллиард 200 миллион киловат – соат электр қуввати сотиб олади.

“Барқи тожик” ширкати расмийларига кўра, агар Тожикистон бу миқдордаги электр қувватини мамлакатга импорт қилишнинг техник имкониятларини топа олса, у ҳолда тожикистонликлар қишин - ёзин электр қуввати билан узликсиз таъминланишлари мумкин.
XS
SM
MD
LG