Линклар

Афғонистонда коррупция тафтиш қилинмоқда


Афғонистонда ҳукумат даражасидаги коррупция билан боғлиқ ҳолат юзасидан тергов ишлари бошлаб юборилди.

Афғонистон Бош прокурори, генерал Эшоқ Алеконинг Озодлик радиосига билдиришича, коррупцияда гумон қилинаётган шахслар орасида бир нечта вазирлар ҳам бор.

-Аслида контрактлар, ҳукумат эҳтиёжи учун бирон маҳсулот сотиб олиш ёки логистикага оид ҳужжатларни имзолашда катта хатога йўл қўйилган. Қонунга мувофиқ мен бу ишга алоқадор шахслар исмини ошкор қила олмайман, боиси улар коррупцияда гумон қилинмоқда ва суд уларга нисбатан ҳозирча ҳеч қандай қарор қабул қилгани йўқ,-деди Эшоқ Алеко.

Афғонистон Бош прокурорига кўра, давлат амалдорларини суд қилиш учун мамлакат қонунларига мувофиқ махсус маҳкама ташкил этилиши лозим.

-Биз президентдан махсус маҳкама ташкил этишни сўрадик. Президент ўз розилигини бергандан сўнг, коррупцияда гумон қилинаётган шахслар ҳужжатлари ушбу маҳкамага юборилади,-дея қўшимча қилди прокурор.

Ғарб ҳукуматлари коррупция масаласида Афғонистон президенти Ҳамид Карзайга босим ўтказиб келаётган эди.

Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун яқинда қилган чиқишида Афғонистоннинг янги ҳукумати мамлакатдаги коррупцияга қарши кескин чоралар кўрмагунча, Британия у ердаги ўз ҳарбийлари ҳаётини хавф остига қўймаслигини маълум қилган эди.
XS
SM
MD
LG