Линклар

logo-print

Демократия ўрта синф қадриятими?

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистонлик экспертлар ва айрим фуқаролар фикрича, динга берилиш кўпроқ ўртаҳоллар орасида учрайди.

Ўзбекистонлик экспертлар ва айрим фуқаролар фикрича, динга берилиш кўпроқ ўртаҳоллар орасида учрайди.

Бугун тилга оладиганимиз мавзунинг муҳимлигига ҳазрат Навоий кафил:“Эл нетиб топгай мениким, мен ўзимни топмамон...” Мавзу-ки, унга ой бошида тўхталган эдик.Ўзбекистонда кимларни ўртаҳол, деб атайдилар?

Ўртаҳолман дея олиш учун ўзбекистонлик бир ойда неча пул топиши керак?

Ўртаҳоллар қатлами қанчалик қалин?

Бу саволлар жавобидан ҳосил бўлган эди ой бошидаги эшиттиришимиз.

Бугун мавзунинг бошқа жиҳатига тўхталмоқчимиз.

Мавзу учун муаллифлик ҳуқуқини талаб қилмаймиз: ўртаҳоллар синфини ўрганиш йўлида кўплаб мақолалар, китоблар ёзилган, тадқиқотлар ўтказилган.

Ўшандай тадқиқотлардан бирини бош қароргоҳи Вашингтонда жойлашган Pew Research Center ўтказган.

Мазкур тадқиқот маркази жаҳоннинг 13 мамлакатида ўтказган изланишлари натижаси ўлароқ муайян хулосаларга келган.

Pew Research Center ўз тадқиқотларида ўртаҳоллар синфининг демократия ва динга муносабатини ҳамда ҳаётдан қониқиш даражасини ўрганган.

Тадқиқот натижалари жорий йил февралида эълон қилинган эди ва унда келтирилган хулосаларни мана бундай жамлаш мумкин:

“Ўртаҳоллар синфи демократик институтлар ва индивидуал эркинликларга катта аҳамият беради, дин ўз ҳаётида марказий ўринни эгаллайди, деб ҳисобламайди”.

Тадқиқотда бошқа хулосалар ҳам бор, лекин бугунги эшиттиришимиз тилга олганимиз икки хулоса атрофидагина бўлади.

Эшиттиришимизда социолог ва сиёсатшунос олим Камолиддин Раббимов, ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов, андижонлик пенсионер Шокиржон ака ва бошқалар иштирок этади.

Демак, иккита конкрет савол жавобини излаймиз.

Ўзбекистонлик ўртаҳоллар учун демократик институтлар ва индивидуал эркинликлар қанчалик аҳамиятли?

Ўзбекистонлик ўртаҳоллар учун дин қанчалик аҳамиятли?

Биринчи суҳбатдошимиз Камолиддин Раббимов.

Унинг фикрича, Ўзбекистонда ўртаҳоллар синфи демократик институтлар ва индивидуал эркинликларга катта аҳамият беради, дейиш қийин. Чунки,

- Биринчидан¸ Ўзбекистонда демократик либерал қадриятлар тўғрисида тўлақонли тушунча мавжуд эмас. Демократия термини билан жамиятимиз яхши таниш. Лекин демократия¸ либерализм фалсафаси тўғрисида жамиятимиз таниш эмас.

Афсуски¸ вазият айнан худди шундай. Ўзбекистонда мана шу пайтгача бир қанча сиëсий ғоялар олдинга сурилди. Мана, 90 йилларнинг ўрталаригача шарқона демократия деган назария олдинга сурилди. Шарқона демократия параметрлари аслида Ўзбекистон конституциясида айтилган демократик тамойилларни ва институтларни чиппакка чиқарадиган эди.

Лекин кейинчалик бу ғоя сўлиб борди. Мана, кейинги пайтларда Ўзбекистон ҳаттоки ўзининг авторитар эканлигини тан ҳам олди. Мана, 2000 йилларнинг бошларида Ислом Каримов Москвага келганда¸ Москва давлат унивеситетининг ректори Садовничий билан учрашганида “Ўзбекистон авторитар давлат. Лекин биз авторитарликдан демократияга ҳаракат қилаяпмиз”, деган фикрни айтган эди.

Ўзбекистон¸ Каримовнинг таъбири билан айтганда¸ авторитар давлат. Шунинг учун ўрта синфнинг қадриятлари жуда ҳам зиддиятли. Ўзбекистонда кейинги пайтда¸ айниқса Андижон воқеаларидан кейин қизиқ феноменни кузатиш мумкин бўлаяпти. Жамиятда одамларнинг нимагаки мойиллиги бўлса¸ ўша мойиллик томон кучайиш ҳолати кузатилган. Жамиятнинг маълум бир қисми дунëвий давлатчиликка ëки дунëвийлик эмас¸ мутлақ диндан ҳоли бўлган қадриятлари¸ оғишувлари бўладиган бўлса¸ ўша тенденция кучайган.

Жамиятнинг динга ҳурматли бўлган ëки диндор қатламининг диний томонга оғишуви кучайган. Яъни мана шундай кучайиш тенденцияси кузатилаяпти¸ - дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонлик ўртаҳоллар учун демократик институтлар ва индивидуал эркинликлар қанчалик аҳамиятли?

Шу савол жавобини излаяпмиз ҳозирча. Ўз фикрлари билан ўзбекистонлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов ўртоқлашади.

- Ҳозирги пайтда¸ бизнинг фикримизча¸ Ўзбекистонда мустақиллик давридан кейин, мана,18 йил ўтаëтган бўлса¸ ҳали ҳозиргача¸ кузатишлар шуни кўрсатадики¸ мамлакатда миллий ғоя шаклланиб улгурмади. Демократик ғоя¸ ҳуқуқий давлат ғояси¸ миллатпарвар давлат ғояси шаклланиб улгурмади.

Ҳукумат жуда ҳам ҳаракат қилаяпти катта пропаганда ресурслари билан¸ агитация ресурслари билан¸ йилма-йил кадр тайëрлаш ресурслари билан миллий мустақиллик ғоясини миллий ғояга айлантиришга. Лекин бу ғоя ҳеч ҳам халқимизнинг қалбига ўтиришмаяпти. Бунга албатта ҳозирги пайтда халқимизнинг кўпчилиги бошидан кечираëтган қийинчилик сабаб.

Агар вазият бошқача бўлганда¸ балки миллий мустақиллик ғояси миллий ғояга айланиб улгурарди ва мана шунинг ичида халқимизда демократияга нисбатан ҳам¸ ҳуқуқий давлатга нисбатан ҳам¸ либерал ғояларга нисбатан ҳам ишонч ортган бўлар эди. Мана шу сабаблар ҳаммаси таъсир этган ҳолда биз ҳозир ўйлаймизки¸ халқимизда демократияга нисбатан ишонч йўқ.

Масалан¸ Ўзбекистон парламентининг ўзида қонунлар қабул қилинишини олиб кўрадиган бўлсак¸ қонунлар демократик йўллар билан қабул қилинади. Лекин бу чекланган¸ бошқариладиган демократия. Депутатлар тортишишади¸ бир-бирларининг фикрларини инкор этишга уринишади¸ лекин буларнинг ҳаммаси асосан ижроия ҳокимият нима йўналишларни белгилаб берган бўлса¸ нима масалаларни кўтарасизлар деган бўлса¸ қайси бирига тегмайсизлар деган бўлса¸ мана шу йўналишда кечади.

Шунинг учун халқимизнинг кўз ўнгида демократия¸ либерализм¸ ҳуқуқий давлат каби доимо ҳукумат агитаторлари¸ прорагандистлари бонг урадиган ғояларга нисбатан ишонч тескари тарафга қараб кетаяпти. Кўпчиликда¸ айниқса ëшларда: “Демократия дегани шу бўлса ëки либерализм¸ эркин давлат¸ ҳуқуқий жамият дегани шу бўлса¸ ҳаммаси тушунарли экан”, деган фикр уйғонаяпти.

Шунинг учун мен ўйлайманки¸ айнан бизга ўхшаган жамиятларда ҳақиқатан ҳам халқаро тадқиқот маркази ўтказган ва кўпинча Ғарб давлатларига тўғри келадиган таърифлар тўғри келмайди¸ -дейди Суҳроб Исмоилов.

Ҳа, чиндан ҳам тўғри келмайди шекилли.

Эслатиб ўтаман, Pew Research Center жаҳоннинг 13 мамлакатида ўтказган тадқиқотларига асосланиб “ўртаҳоллар синфи демократик институтлар ва индивидуал эркинликларга катта аҳамият беради”, деган хулосага келган эди.

Икки экспертининг фикрларига иллюстрация тариқасида андижонлик Шокиржон аканинг гапларини келтирмоқчиман:

Шокиржон ака:
Бундан 15 йиллар муқаддам ўртаҳолларнинг Ўзбекистонда эркинликка¸ демократик тузумга муносабати яхши бўлган. Лекин ҳозирги кунда оши йўқ¸ нони йўқ тўйда карнай чалган билан баробар. Ўзбекистондаги ўрта ҳоллар эмас, барча учун демократия амалга ошириладиган тушунча эмас.

Озодлик: Нима учун?

- Ҳозирги пайтда демократия эмас¸ бир муаммони идорага бориб қонуний ечишнинг ўзи катта проблема. Қонунда¸ конституцияда кўрсатилган нарсалар амалга ошмагандан кейин халқнинг орзу-истаги бўлаëтган нарсалар қанақасига амалга ошиши мумкин?

Битта оддий воқеа. Машинаси борлар Госстрахга мажбуран ҳам¸ ихтиëран ҳам аъзо қилинган. Булар “Бирор кор-ҳол бўладиган бўлса¸ тўлаймиз” дейишади-да¸ кейин ўйин қилишади. Шартномада тузилмаган нарсаларни рўкач қилишиб¸ бир-икки миллионлик нарсани тўламасдан ўзини у ëққа¸ бу ëққа ташлайди. Буларни бирор-бир судга берсангиз...

Суднинг олдига аризани киргизиб¸ эшикдан кириб бу аризани ташлаб чиқиб¸ киролмайсиз. Катта бинога кириладиган эшикнинг тагида энг камида бешта милиция ходими туради. “Ҳа нимага келдингиз?”. “Ҳа¸ шунақа аризам бор эди судга”. “Ҳўв нариëққа бориб туринглар. Ўзимиз чақирамиз. Шунда келасизлар” дейди. Турасиз¸ турасиз. Борсангиз¸ “Э қанақа тушунмаган одамсан. Нарироққа бориб тур, дедимку сенга. Ҳали келасан. Ҳали ҳаммангни чақирамиз”, дейди. Обед бўлади¸ бошқа бўлади. Шу билан қайтиб кетаверасиз, дейди андижонлик Шокиржон ака.

Экспертлар ва оддий тингловчимизнинг гапларидан келиб чиқадиган хулоса будир: ўзбекистонликлар, хусусан, уларнинг ўртаҳол қатлами демократик институтлар ва индивидуал эркинликларга катта аҳамият бериши учун аввало ўша қадриятлар қачондир устивор бўлишига ишонч пайдо бўлиши керак. Бундай ишонч эса, ҳозирча йўқ.

Энди иккинчи масала муҳокамасига ўтайлик.

Ўзбекистонлик ўртаҳоллар учун дин қанчалик аҳамиятли?

Pew Research Center ўз тадқиқотлари натижаларига асосланиб мана бундай хулосага келган: “ўртаҳоллар синфи динни ўз ҳаётида марказий ўринни эгаллайди, деб ҳисобламайди”.

Экспертларимиз фикрича, бугунги ўзбек жамиятида бу фикрнинг аксини кузатиш мумкин.

Социолог ва сиёсатшунос олим Камолиддин Раббимовнинг фикри:

Камолиддин Раббимов: Кейинги йилларда 90 йилларга қараганда ўзлик¸ идентификация масаласида борган сари¸ мана жамиятга савол берилганда¸ “Сиз биринчи ўринда ўзингизни ким деб ҳисоблайсиз? Ўз миллатингизнинг вакилими ëки ўз динингизнинг вакилими?” ëки бошқача айтганда “Сиз биринчи ўринда ўзингизни ўзбек деб ҳисоблайсизми ëки мусулмон деб ҳисоблайсизми?” деганда¸ миллий ўзлик йилдан йилга пасайиб бораяпти ва диний ўзлик секин-секин бўлса-да¸ барқарор ошиб бораяпти.

Озодлик: Бу жамиятнинг ҳамма қатламлари учун характерлими ëки муайян қатлам учунгинами?

- Айнан шундай ҳолат жамиятнинг барча қатламларига хос. Мана, Ғарб тадқиқотлари айтадики¸ “Ўрта синф энг дунëвий бўлган синф”. У диний оғишувлар энг паст бўлган синф деб айтилади¸ лекин бу тенденция мусулмон дунëсида кузатилмайди. Умуман мусулмон дунëсида ижтимоий муносабатлар қанчалик интенсивлашса¸ яъни аҳолининг зичлиги¸ катта шаҳарлар¸ ўрта шаҳарларда одатда аҳолининг диндорлик даражаси қишлоққа нисбатан ҳар доим юқори бўлган. Мана шу ҳолат кейинги пайтларда кучаяяпти холос¸ -дейди Камолиддин Раббимов.

Ўзбекистонлик ўртаҳоллар учун дин қанчалик аҳамиятли, деган савол жавобини излаяпмиз.

Келинг, шу ўринда яна бир иллюстрация қўшайлик.

Мавзу юзасидан саволимизга Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигранти Одилжон жавоб берди.

Озодлик: Ўртаҳоллар билан камбағалларни солиштирса¸ диндорлик даражаси қайси бирида кучлироқ?

Одилжон: Динга муносабат ўртаҳолларда кучлироқ.

Озодлик: Нима учун?

- Чунки ўртаҳолларда, мен ўйлайманки¸ ўзининг оиласидан озгина бўлса ҳам тинчи бор-да, маблағ билан таъминлагандан кейин. Уларда дин ҳақида¸ ҳаëт ҳақида фикрлаш кенгроқ. Ўта камбағаллар оиласи маблағ¸ таом топиш учун кўпроқ овора. Уларнинг фикрига бошқа нарса сиғмайди. Шундай деб ўйлайман. Ўртаҳоллар эркинроқ¸ кенгроқ фикрлайди. Чунки уларнинг хотиржамлиги камбағалларникидан кўра баландроқ. Оиласи хотиржамлиги учун бўлса керак¸ дин ҳақида¸ сиëсат ҳақида кўпроқ фикрлайди булар¸ -дейди Россияда ишлаётган ўзбекистонлик меҳнат мигранти Одилжон.

Энди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоиловнинг фикрларини эшитамиз.

Шуниси қизиқки, бу экспертимиз иккинчи масалада ҳам биринчи экспертимиз билан деярли бир хил фикрда.

- Нима учун Ўзбекистон каби мамлакатларда диннинг ўрни ўсган бўлади деб таъкидлаяпмиз? Чунки ҳозирги жамиятимизни биз таҳлил қиладиган бўлсак¸ кўпчилиги мусулмон ҳисобланган жамиятда яшаяпмиз. Кўп манбаларда аҳолининг 90 фоиздан юқориси мусулмон деб айтилади. Шундан келиб чиқиб ҳозирги пайтда кузатишларимиз кўрсатаяптики¸ инсонлар учун¸ кўпчилик учун диннинг роли ошиб бораяпти.

Жамиятнинг динийлашиши чуқурлашиб эмас¸ кенгайиб бораяпти. Диний билимларнинг сифати чуқурлашмаяпти ëки ошмаяпти. Фақатгина жамиятнинг турли қатламларининг динга яқинлашуви ошаяпти. Чунки кўпдан-кўп инсонлар кун сайин дин масалаларида ўзларини жамиятнинг бошқа жабҳаларида қидирадиган саволларига жавоб топишади. Чунки динда жуда кўп нарсалар оддийгина¸ лўндагина тушунтирилади. Мана шу оддий ва содда жавоблар кўпчилик инсонларимизни ҳозирги пайтда маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан ололмаëтган саволларига жавоб ëки ҳукумат дастурларидан¸ қонунларидан ëки амалдаги сиëсатидан ололмаëтган саволларига жавоб берганлиги учун биз ҳозирги кунда Ўзбекистонда динийлашишнинг кенгайишини кузатишимиз мумкин.

Ҳозирги пайтда кўпчилик¸ мана охирги ҳолатда диний тенденциянинг ўсиши¸ баъзи бир ҳукумат ва диний гуруҳлар ўртасида келишув тўқнашувлар келиб чиқаëтганлигини ҳам биз фақатгина шунга боғлай оламиз. Муқобил ўзининг фикрларини билдириш имкони бўлмаган бир жамиятда бошқа бир воситалар ишга туширилишига эҳтиëж туғилади¸ - дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Мана энди баъзи хулосалар қилиш пайти келди.

Жаҳоннинг 13 мамлакатида тадқиқот ўтказган Pew Research Centerнинг хулосалари бу эди: “Ўртаҳоллар синфи демократик институтлар ва индивидуал эркинликларга катта аҳамият беради, дин ўз ҳаётида марказий ўринни эгаллайди, деб ҳисобламайди”.

Экспертларимиз бу иккала хулосани ҳам "Ўзбекистонга тўғри келмайди", деди.

Яъни уларнинг фикрича, ўзбекистонликлар, хусусан, уларнинг ўртаҳол қатлами демократик қадриятларга аҳамият бермаяпти, аксинча, ўзбек жамиятида диний қадриятларга катта эътибор берилмоқда.

Менимча, икки ўзбек экспертининг хулосалари бир қарашда Pew Research Centerнинг хулосаларига зид кўрингани билан, аслида улар мазмунан бир хил хулосалардир.

Келинг, шу ўринда Суҳроб Исмоиловнинг жавобидан бир парчани яна бир бор эшитайлик.

- Диний билимларнинг сифати чуқурлашмаяпти ëки ошмаяпти. Фақатгина жамиятнинг турли қатламларининг динга яқинлашуви ошаяпти. Чунки кўпдан-кўп инсонлар кун сайин дин масалаларида ўзларини жамиятнинг бошқа жабҳаларида қидирадиган саволларига жавоб топишади. Чунки динда жуда кўп нарсалар оддийгина¸ лўндагина тушунтирилади.

Мана шу оддий ва содда жавоблар кўпчилик инсонларимизни ҳозирги пайтда маҳаллий оммавий ахборот воситаларидан ололмаëтган саволларига жавоб ëки ҳукумат дастурларидан¸ қонунларидан ëки амалдаги сиëсатидан ололмаëтган саволларига жавоб берганлиги учун биз ҳозирги кунда Ўзбекистонда динийлашишнинг кенгайишини кузатишимиз мумкин. Муқобил ўзининг фикрларини билдириш имкони бўлмаган бир жамиятда бошқа бир воситалар ишга туширилишига эҳтиëж туғилади¸ - дейди ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов.

Ўта чигал, балки фалсафий, балки, Камолиддин Раббимовнинг таъбири билан айтганда, сиёсий-фалсафий масалада фикр юритишга ҳаракат қилиб кўрдик.

Экспертларимиз билан ўтказганимиз катта-катта суҳбатлардан келтирганимиз парчалар, балки, мавзуни очишимиз учун етарли бўлмагандир.

Балки, билиб-билмай уларнинг фикрларини нотўғри талқин қилгандирмиз, кўпчилик қабул қилиши қийин хулосалар чиқаргандирмиз.

Шунинг учун бугунги эшиттиришни ҳали яна давом эттириш мумкин бўлган суҳбат, деб тушунинг.

Суҳбат мавзуини ёдингизга солай:

Ўзбекистонлик ўртаҳоллар учун демократик институтлар ва индивидуал эркинликлар қанчалик аҳамиятли?

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG