Линклар

ҲРВ ҳуқуқ фаолларини таҳқирламасликка ундади


Ҳюман Райтс Вотч ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари фаолларини таҳқирлашни тўхтатишга чақирди.

Қароргоҳи Ню Йўркда жойлашган ташкилотнинг 13 ноябр куни ёйинланган ҳисоботида айтилишича, биргина 2009 йилнинг 7 ноябридан буён маҳаллий расмийлар олтита жойда камида етти нафар ҳуқуқ фаолини ҳибс этган. Улардан уч нафари калтакланган, бир ҳуқуқ фаоли эса етказилган тан жароҳати туфайли шифохонага мурожаат қилишга мажбур бўлган.

Баёнотга кўра, расмийлар бу орқали ҳуқуқ фаолларининг яқинда АҚШдан Ўзбекистонга қайтган "Бирдамлик" ҳаракати етакчиси Баҳодир Чориев ва ушбу ҳаракатнинг яна бир фаоли Дилором Исҳоқова билан учрашишига йўл қўймасликка ҳаракат қилган.

-Жорий ҳафта Ўзбекистонда рўй берган воқеаларни инсон ҳуқуқлари борасида очиқ фикр билдираётган фаолларни қўрқитиш ва ҳар қандай сиёсий фаолиятнинг олдини олишга бўлган уриниш деб биламиз. Бу каби ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт, -деди Ҳюман Райтс Вотчнинг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўлими раҳбари Ҳолли Картнер.
XS
SM
MD
LG