Линклар

Мардикорнинг ҳуқуқи кафолатланди


Бундан буён Қозоғистонда қонуний тарзда ишлаётган мардикорлар судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Бундан буён Қозоғистонда қонуний тарзда ишлаётган мардикорлар судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Қозоғистон парламенти меҳнат муҳожирлари тўғрисидаги Халқаро конвенцияни ратификациялаш билан бу мамлакатда меҳнат қилаётган юз минглаб меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини кафолатлади.

Гарчи бутун дунёда кузатилаётган глобал молиявий бўҳрон Қозоғистонга ҳам ўз таъсирини ўтказиб, мамлакатда йирик корхоналар ёпилиб, ишсизлар сони купайган эса-да, қўшни давлатлар фуқароларининг Қозоғистонга иш излаб келиши ҳамон давом этмоқда.

Шу муносабат билан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда нолегал мигрантларни овлаш бўйича рейдлар давом этаётгани ҳақида маълум қилди.

- Қозоғистонда ноқонуний яшаб келаётган кишиларни қўлга олиш ва ноқонуний миграция каналининг олдини олиш мақсадида, 2 ноябрдан то 11 ноябргача республика миқёсида “Мигрант” оператив-профилактика тадбири ўтказилди.

Ушбу муддат оралиғида Ички ишлар вазирлиги ходимлари мамлакатдаги барча автобус, поезд ва енгил автомашиналарни текширувдан ўтказдилар.

Натижада, мамлакатда яшаб келаётган 27 мингдан ортиқ нолег муҳожир қўлга олинди, уларнинг 3 мингдан зиёди Қозоғистондан чиқариб юборилди.

Ўша 3 мингдан ошиқ муҳожирнинг атиги 84 нафари узоқ хориж давлатлари фуқаролари, қолганлари эса МДҲ давлатларидан келган одамлардир,- дея маълум қилди Озодликка Қозоғистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот котиби Олег Ивашенко.

Унинг айтишича, аввалги йиллари кузатилгани каби, МДҲ давлатлари фуқаролари орасида қўлга олинган нолегал муҳожирларнинг энг кўп қисмини ҳалигача ўзбекистонликлар ташкил қилмоқда.

- Ўзбекистондан келган 1197 нолегал муҳожир қўлга олинган бўлса, Қирғизистондан 809 ва Тожикистондан келган 220 та нолега муҳожир мамлакат ҳудудида ноқонуний равишда яшаб юргани аниқланди,- деди Олег Ивашенко.

Бундан авваллари Озодлик радиоси Қозоғистонда қонуний асосда ишлаётган кўплаб меҳнат муҳожирлари, жумладан, ўзбекистонликларнинг ҳақ-ҳуқуқлари иш берувчи ва ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан қўпол равишда поймол қилинаётгани тўғрисида маълумотлар берган эди.

Ўшанда Озодлик билан суҳбатда бўлган ўзбек мардикорлари муҳожирлар ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилувчи қонуннинг қабул қилиниши интиқлик билан кутаётганларини айтиб ўтгандилар.

- Ўйлаймиз, ўзгариши керак, Ҳудо хоҳласа. Миграция масаласи ҳам ҳозир биринчи масала бўлиб турибди-ку, келаётган мигрантларга сал бўлса ҳам шароитлар яратилиши керак-да. Ҳозир бизда бу ерда ишлашга ҳам рухсат йўқ-ку,- деганди Олмаотада ишлаётган андижонлик меҳнат муҳожири.

Қозоқ ҳуқуқ-тартибот органлари мамлакатдаги нолегал муҳожирларни юртига қайтараётган бир пайтда, яъни 10 ноябр куни Қозоғистон парламенти мамлакатда қонуний асосда ишлаётган муҳожирлари ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқий мавқеи бўйича конвенцияни ратификация қилдилар.

Бу конвенция Қозоғистонда қонуний асосда ишлаётган муҳожирлар ва уларнинг оила аъзолари бундан-буён мамлакат ҳудудида қулликка олинмаслиги, таҳқирланмаслиги, ўз ҳоҳишига қарши ишлатилмаслиги, паспорт ва шахсини аниқловчи бошқа ҳужжатлари иш берувчи томонидан зўрлик билан олиб қўйилмаслигини кафолатлайди.

Шунингдек, конвенцияга кўра, Қозоғистонда қонуний ишлаётган ҳар бир муҳожир ва унинг оила аъзоси ҳақ-ҳуқуқи ҳуқуқ-тартибот органлари ҳодимлари томонидан ҳимояланиши шарт.

Олмаотадаги инсон ҳуқуқлари халқаро бюросининг муҳожирлар масаласи бўйича ходимаси Виктория Тюленева қозоқ парламенти ратификация қилган ушбу конвенциянинг афзалликлари ҳақида гапириб берди:

- Энг асосийси шуки, ратификация қилинган халқаро конвенция Қозоғистон миллий қонунчилигининг бир қисми бўлгач, у мамлакатда қонуний равишда ишлаётган муҳожирларнинг ҳуқуқини амалда ҳимоя қила бошлайди. Яъни, ҳуқуқи бузилган муҳожир ёрдам сўраб кўпгина давлат органлари, жумладан, судларга ҳам мурожаат қила олади. Аввал эса қонуний равишда ишлаётган муҳожирлар бундай ҳақ-ҳуқуқдан маҳрум эдилар. Ҳозир энг асосийси, бу қонуннинг амалда ишлашидир,- деди Виктория Тюленева.

Қайд этиш жоизки, қозоқ парламенти муҳожирлар ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқини ҳимоя қилувчи халқаро конвенция ратификациясини қўллаб-қувватлаган бўлса-да, ушбу конвенциядаги барча талабларни тўлалигича қабул қилгани йўқ. Яъни Қозоғистон ҳудудида ишлаётган муҳожир ва уларнинг оила аъзолари ҳуқуқлари қонун асосда ҳимояланса-да, мамлакат уларга ижтимоий ёрдам ҳамда мамлакат ҳудудида таълим олиш ҳуқуқини бермайди.
XS
SM
MD
LG