Линклар

Петербургда ўзбеклар жиноят содир этди


Санк-Петербургда қотиллик ва ўғирлик содир этганликда гумон қилинган Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси ва Тожикистон фуқароси қўлга олинди.

Интерфакснинг Петербург милициясига таяниб хабар қилишича, Ўзбекистон фуқаролари Паҳлавон Шарипов, Самариддин Баҳриев, Рустам Қаҳҳоров ва Давронбек Қосимов ҳамда Тожикистон фуқароси Ҳурсиёт Саъдуллоев 10 ноябр куни кеч соат 20:00да “Крис”-Масъулияти чекланган жамиятга тегишли қурилиш участкаси қоровулига ҳужум қилиб, уни калтаклаган.

Етказилган тан жароҳати оқибатида қоровул воқеа жойида нобуд бўлган. Бундан ташқари ушбу жиноятда гумон қилинаётган шахслар шу ерда ишлаётган Тожикистон фуқаросини ҳам калтаклаб, унга тан жароҳати етказганлар. Тожикистон фуқароси оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Қонунбузарлар қурилиш участкасидан қиймати 100 минг рублга тенг бўлган электр асбобларини ўғирлаб, воқеа жойидан ғойиб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Россия жиноят кодексининг бир неча моддаси бўйича жиноят иши очилган.
XS
SM
MD
LG