Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:15

Маҳбус қамоқда қолишни истайди


Гуантанамода сақланаётган Тожикистон фуқароси Умар Абдуллоев ватанига қайтишдан кўра, қамоқда қолишни афзал билмоқда.
Гуантанамода сақланаётган Тожикистон фуқароси Умар Абдуллоев ватанига қайтишдан кўра, қамоқда қолишни афзал билмоқда.

Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасида қолаётган тожикистонлик сўнгги маҳбус - 30 ёшли Умар Абдуллоев Америка судидан ўзини Тожикистонга қайтармасликни илтимос қилди.

Саккиз йиллик умри Гуантанамо қамоқхонасида ўтган тожикистонлик сўнгги маҳбус Умар Абдуллоевнинг кейинги тақдири номаълум қолмоқда.Чунки у ватанига қайтишдан кўра, Гуантанамода қолишни афзал кўради.

Умар Абдуллоевнинг оқловчиси Метю О Ҳара “ Озодлик” радиосининг тожик бўлими мухбири билан суҳбатда ўз ҳимоясида бўлган тожикистонлик маҳбус гуантанамолик бошқа маҳбуслар сингари ўз ватанида қайта қамоқхонага ташланиши ва у ерда қийноқларга дуч келиши мумкинлигидан қўрқаётганини билдирган.

Оқловчи судга ариза ёзиб, Умар Абдуллоев устидан жиноят ишининг тўхтатилиши нотўғри экани ва у давом эттирилиши лозимлигини сўраган.

“Агар Америка Қўшма Штатлари тожикистонлик фуқарога бошқа мамлакатдан бошпана топмаса, у ҳолда у Америкада қолишга ҳақли”лигини айтади оқловчи Метю О Ҳара.

- Тожикистонлик расмийлар ва Тожикистон Ички ишлар вазирлиги масъуллари Гуантанамода Умар билан учрашув чоғида у ватанига қайтарилгач, қайта қамоққа олиниши билан таҳдид қилишган.

Ҳимоямдаги Абдуллоев тожик расмийлари ўз айтганларини қилиши мумкинлиги ва унга қийноқлар қўллашлари, ҳатто ундан қутилишга урунишлари ҳам мумкинлигидан қўрқади, - дейди оқловчи.

О Ҳара Умар Абдуллоев билан шу йилнинг август ойида учрашганида, у Тожикистонга қайтарилишидан хавотирда эканини айтган.

- У мен билан суҳбатда озод бўлишни жуда истаётганини, аммо Тожикистонга қайтишдан, қийноқларга дуч келишликдан қўрқаётгани сабабли Гуантанамода қолиш ўзи учун хавфсизлигини айтди. Ҳимоямдаги Абдуллоев Тожикистонга қайтишни умуман хоҳламайди, -дея таъкидлаган О Ҳара.

Барак Обама ҳукумати маҳбуснинг Тожикистонга қайтарилиши ҳақидаги қарорини имзолагани ва судя Регги Велтон ҳам маҳбусга нисбатан жиноят ишини тўхтатганидан сўнг Умар Абдуллоев оқловчиси ўз ҳимоясидаги одам АҚШда қолиши мумкинлиги тўғрисида судга ариза юборган.

Умар Абдуллоев Афғонистонда террорчиларга қарши амалиёт эълон қилинган 2001 йилда Покистонда қўлга олиниб, сўнгра Гуантанамога юборилган эди.

Умар суд жараёнида Покистон Миллий хавфсизлик ходимлари нафси қурбони бўлгани ва инъом олиш учун уни ёлғон ҳамда қийноқлар йўли билан Америка Миллий хавфсизлик ходимларига топширганларини айтган.

Умар 13 ёшлигида, яъни 1992 йил Тожикистонда бошланган фуқаролик уруши чоғида оила аъзолари билан Афғонистонга қочиб ўтгани, 1994 йилгача Қундуз шаҳри яқинидаги Имом Соҳиб лагерида яшаганини айтади.

Сўнгра отасининг Тожикистонда ўлдирилгани ҳақидаги хабарни эшитгач, Умар ватанига қайтиш орзусини хаёлидан чиқариб, онаси билан Покистоннинг Пешоваридаги лагерлардан бирига кўчиб ўтган.

2001 йилнинг 25 ноябрида эса у Покистон Миллий хавфсизлик ходимлари томонидан қўлга олиниб, тақдир тақозоси билан Гуантанамога тушиб қолган.

Америка Конституциявий ҳуқуқ ҳимояси маркази масъулларининг билдиришича, Умар Абдуллоевнинг ватанига қайтишдан қўрқишига асос бор. Чунки тожикистонлик икки нафар маҳбус - Руҳиддин Шарипов ва Собит Валихонов Тожикистонга қайтарилганидан сўнг бу мамлакат Олий суди ҳукми билан узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилган.

Америка Қўшма Штатлари президенти Барак Обама шу йил сўнгига қадар Гуантанамони ёпишни ваъда қилган эди. Ана шу ваъда ортидан Гуантанамо маҳбусларининг жиноят ишлари бекор қилиниб, уларнинг ватанларига қайтарилиши кутилмоқда.

Таҳририятдан: Шуни эслатиш жоизки, Гуантанамо қамоқхонасида сақланаётган яна 50 нафар маҳбус ўз юртига қайтишни хоҳламаган.

“Халқаро ҳимояга муҳтож”, деб тан олинган бу маҳбуслар Жазоир, Хитой, Фаластин, Россия, Сурия, Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларидир.

Гуантанамо қамоқхонасида қарийб етти йил сақланган ўзбекистонлик икки маҳбус ҳам Ватанга қайтишни хоҳламаган эди. Уларни 27 сентябр куни Ирландия қабул қилган эди.
XS
SM
MD
LG