Линклар

logo-print

Ядровий қабристонлар таҳдид манбаи


Табошардаги радиоактив кўл.

Табошардаги радиоактив кўл.

Сўғд вилоят Табошар шаҳрида МАГАТЭ ва республика мутахассисларнинг учрашуви бўлиб ўтди. МАГАТЭ вакиллари вилоятдаги чиқиндихоналарни зарарсизлантириш учун донорлар маблағ ажратажагини билдирди.

Сўғд вилоятидаги «Востокредмет” давлат корхонаси бош директорининг биринчи ўринбосари Музаффар Юнусовнинг айтишича, Тожикистон МАГАТЭ (Атом энергияси бўйича халқаро агентлик) билан икки дастур буйича ҳамкорлик қилади. Бу миллий ва минтақавий дастурлар. Айнан Табошар шахри ён-атрофидаги чиқиндихоналарнинг биринчи навбатда зарарсизлантирилиши ҳам бежиз эмас. Чунки собиқ иттифоқ даврида бу ердаги «Заря Востока» ҳарбий саноат корхонасида ишланган радиоактив қолдиқлар 450 гектар ерда кўмилган ва бугунги кунда минтақага катта хавф туғдирмоқда.

- Уран қабристонларини зарасизлантириш ишларини бир зумда амалга ошириб бўлмайди.Бу ишлар босқичма-босқич амалга оширилиши керак.Чунки, вилоят сейсмологик жиҳатдан ҳавфли минтақа эканлигини унутмаслик керак. Бу ерда 9 баллгача ер қимирлайди.Мана шуни ҳисобга олган ҳолда чиқиндихоналарни зарарсизлантирилиш ишлари айнан тоғли Табошар шаҳридан бошлаш кераклигини халқаро мутахассислар ҳам таъкидлашди , дейди Музаффар Юнусов.

МАГАТЭ мутахассислари, Германиядаги “Штоллер”(Stoller) компанияси директори Лутц Шнайдер “Востокредмет” давлат корхонаси раҳбарлари, табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ва фавқулодда вазият тизими вакиллари билан мулоқот қилди.

Лутц Шнайдернинг Озодлик билан суҳбатда, гарчи вилоятда ҳозир уран рудаси қазиб олинмаса-да, радиоактив моддалар кўмилган чиқиндохоналарга жиддий эътибор бериш кераклигини уқтирди.Немис мутахассиси¸ уран қолдиқларини одамлар саломатлигига зарар етказмай реабилитация қилиш ишларини Германиянинг Висмут шахрида амалга оширилган тадбирлар мисолида гапирди.

- Аввалам нима учун айнан биз бу ерга келдик?Ахир дунёда юзлаб мутахассислар бор.Назаримда, бунга радиаоктив қолдиқларни зарарсизлантириш борасида мутахассисларимиз эришган ютуқлар сабаб бўлган.Зеро, Германиянинг ўзидаги иккита радиоактив моддалар қабристонини қисқа муддатда батамом консервация килганлиги бутун жаҳонга маълум. Ҳаттоки ана шу шаҳарлардан бири Висмут, бугунги кунда сайёҳлар дам оладиган севимли диёрга айланган. Мана шу тадбирлар учун учун 7¸5 миллиард евро сарфланди. Менимча, Сўғд вилоятдаги уран қабристонларини зарасизлантириш учун бундан кам маблағ кетмайди.Лекин айни пайтда бизнинг вазифамиз, Табошар шаҳридаги қабристонларни зарарсизлантиришдан иборат, деди Лутц Шнайдер.

Мутахассисларнинг айтишларича,вилоятда айни пайтда 55миллион тонна радиоактив моддалар чиқиндиси бор. Уларнинг таркибида ишлаб чиқаришга яроқли бўлмасада, уран мавжуд.

- Биздаги ўнта радиоактив моддалар чиқиндохоналаридан фақат биттаси тўла кўмилган.Шунинг учун чиқиндихоналар кўмилган ,ташланган туманларда юз берган ҳар қандай офат ёки воқеани шу заҳоти қўшнилар сезади. Улардагисини эса биз сезмай қолмаймиз.Худо кўрсатмасин, қаттиқ сел келса,ёки ер қимирласа мана шу уран қолдиқлари Сирдарёга тушади.Дарё эса бу қолдиқларни қўшниларга олиб боради ва жиддий муаммолар юзага келади. Айтмоқчиманки,вилоят ҳудудидаги уран чиқиндихоналарини зарарсизлантириш ишларида халқаро ташкилотлари қатори қўшнилар ҳам иштирок этса, ўз хавфсизликларини таъминлаган бўларди, дейди вилоят табиатни муҳофаза қилиш бўлим раҳбари Асқар Абдувалиев.

МАГАТЭ вакилларининг айтишларича,уран қолдиқларини қайта ишлашга асло йўл қўймаслик керак.Агар чиқиндихоналар қолдиқлари ишлаш йўлга қўйилса вилоятда радиация нурланиш даражасини янада оширишга олиб келади.Боз устига қолдиқлардан уран қоришмасини олиш жуда ҳам қимматга тушади.

Таҳлилчиларнинг таъкидлашларича, айни пайтда , таркибида радиоактив моддалар бўлган жуда кўплаб чиқиндихоналар экологик вазиятга таъсир қи лиш билан баргаликда,аҳоли ўртасида турли касалликлар кўпайишига олиб келмоқда.Минтақада саратон,қон босими,сил касалликларига чалинаётган одамлар сони ошиб боряпти.Шу боис чиқиндихоналарни зарарсизлантиришни орқага ташламаслик зарур ва агар бу муҳим иш бажарилмаса, икки-уч йилдан кейин кеч бўлади.
XS
SM
MD
LG