Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 18:32

Эркин микрофон - Бойваччалар завод қурса бўлмайдими?


SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.
SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

Озодликка сим қоққан айрим ўзбекистонликлар бразилиялик тренер Сколарига ойига 2 миллион доллардан кўпроқ маош тўлаëтганларга ана шундай савол билан мурожаат қилдилар.

“Чироқсиз соатлар кўпайгандан кўпаймоқда”

Ўзбекистон Марказий Осиё энергетика тизимидан чиқишни эълон қилганидан бери, электр энергияси таъминоти янада ёмонлашди, дейди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида истиқомат қилаётган Усмон ака.

- Одамларнинг уйида чақалоқ бор¸ пенсионер бор¸ қария бор¸ беморлар бор. Свет масаласида гапирмоқчи эдим. Жуда кўп ўчиришаяптида. Анави куни ягона энергетика тизимидан чиқди¸ деб айтдингизлар. “Алоҳида бўлдик. Хўжайин бўлдик. Эгаси ўзимиз” деб булар светни мунтазам ўчиргани ўчирган. Мана бизнинг оилада уч киши пахтага чиқади. Кечқурун келиб чироқни ëқиб чўмилишади¸ овқат ейишади. Айниқса¸ соат 5 дан 9 гача свет ўчган. Кундузи ўчиради¸ кечаси ўчиради¸ эрталаб ўчиради. Пенсия масалалари¸ мана ҳозир ноябр ойи бўлса¸ сентябрникини бергани йўқ. Қачонгача давом этади бу? Шуни мутасадди кишилар эшитса¸ хулоса қилсин деган мақсадда сизга қўнғироқ қилган эдим¸ дейди Усмон ака.

“Халқ қарздор эмас!”

Ўзбекистондаги газ ва электр чироғи тақчиллигини расмийлар аксарият ҳолларда аҳолининг қарздорлиги билан изоҳлашади. Бироқ, Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида яшовчи Набижон аканинг айтишича, бу гапларнинг ҳаммаси асоссиз. У ўз тажрибасидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда газ ва электр чироғининг етарли эканлиги, бироқ аҳоли тўлаётган пулларнинг ярми мансабдорлар чўнтагига кириб кетаётганини айтади:

- Ҳозир республика бўйича газ¸ свет муаммоси ëмон кетаяптида. Йўқ. Ҳамма жойда газ йўқ¸ свет йўқ дейди. Мен икки йил ҳаракат қилиб¸ сабабини аниқлаб чиқдим. Сабаби шундай. Ҳозир Ғаллаорол тумани давлатдан 2 миллиард 800 миллион қарз. Лекин булар “Халқ қарз. Биз халқнинг қарзи ҳисобига светни бера олмаймиз” деб айтади. Йўқ¸ халқ қарз эмас. Икки йилдан бери ëзмаган прокуратурам қолмади. Республика прокуратурасига очиқ хат ëздим¸ Каримовга очиқ хат ëздим. Сабаби¸ бу ерда битта касаллик бор. 2004 йилда Вазирлар Маҳкамасининг қарори чиққан. Агар кимки коммунал хўжаликдан нақд пул йиғса¸ ҳатто жиноий жавобгарликка тортилсин¸ деган қарори бор. Булар ҳозир шундай иш қилаяпти. Уйма-уй юриб нақд пул йиғаяпти. Болаларнинг пособиесидан олиб қолаяпти¸ пенсиядан олиб қолаяпти. Ўқитувчи¸ директорларнинг ҳаммасини ҳокимият уйма-уй юргиздириб¸ йиғиб олаяпти. Қаерда бу ерда халқ қарз бўлади? Нақд пул тушгандан кейин булар хоҳлаганча олиб қолаяпти¸ хоҳлаганча банкка топшираяпти. Энди шунинг ўрнини тўлдириш учун булар светни ë газни ўчиради. Мисол учун¸ газопроводдан Ғаллаоролга бир кунда бир миллион сўмлик газ берса¸ ўша газнинг пули бир миллион бўлиб давлатга қайтиб бориши керак. Ваҳоланки¸ булар ярмидан кўпини ейдида¸ лекин пул қайтиб бормайди. Ҳа¸ деса¸ халқ қарз дейди. Ана шунинг ўрнини тўлдириш учун булар газни ўчираяпти. Ана шу касалликни йўқотса¸ нақд пул йиғишни йўқотсагина¸ газ ҳаммага етади. Газ ҳаммага етарли¸ дейди Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида яшовчи Набижон ака.

“Сколарига берган пулига завод қурса бўлмайдими?”

Ўтган ҳафта Ўзбекистон чемпиони "Бунëдкор" клубининг жорий мураббийси¸ асли бразилиялик Луиз Фелипе Сколарининг дунëда энг кўп ҳақ тўланаëтган футбол мураббийси эканлиги ҳақида ҳикоя қилган эдик. MIGnews.com халқаро спорт агентлиги хабарига кўра¸ Сколари Ўзбекистон пойтахтида йилига аввал айтилгани каби 13 миллион эмас¸ балки 16 миллион 600 минг евро маош олмоқда. Бу эса¸ бугунги курс билан 25 миллион доллар демакдир. Тошкент шаҳридан қўнғироқ қилган Абдуқаҳҳор Мусаев бунга ўз муносабатини билдиради.

- Энди бундай ўйлаб кўрсангиз¸ олиб келган одамлар¸ ўртада турган одамлар ким булар¸ бу пул ўзи қаердан келган¸ шу озгина эшитиб¸ халқимизнинг аҳволи мана бунақа. Шуларга бергандан кўра¸ ўзининг халқига сарфласа¸ деб ўйлаган эдимда. Бу жуда нотўғри нарсада. Шунча пулни битта одамга бериш. У ҳам бўлса чет элдан келган. Наҳотки 28 миллион халқнинг ичида¸ ëшларни мана 65 фоиз деб белгиладию¸ шуларнинг ичидан наҳотки битта тренер топилмаса? Қанча тренерларимиз бор. Мана мустақил бўлганимизга 20 йил бўлаяпти. Мен ўзим ҳам кўп юраманда. Қишлоқларда шунақа болалар борки¸ Пахтакорни ҳам нол қилиб ташлайди. Ҳаммаси қариндош-уруғчилик¸ бер-бер. Жон куйдирадиган ҳақиқийси йўқ. Биродар Абдураимов жуда яхши гапирди. Яна Маслаченко ҳам зўр гапирди. Шуларнинг гапини тепадагилар эшитармикан дейманда. Ҳеч бўлмаса Вазирлар Маҳкамасидагилар. Биринчидан¸ бу халқнинг пули бўлса керак менимча. Ўзидан ўзи келмаган бу пул. Тавба-тавба дейману¸ битта чет элдан келган одам ойига икки миллиондан ишласа¸ унда билмадим Вазирлар Маҳкамасининг ойлиги қанча экан. Уларники бундай ўйлаб кўрса¸ беш-олти миллион эканда. Озгина хафа бўлдим¸ дейди тошкентлик Абдуқаҳҳор.

Россиянинг Санкт Петербург шаҳридан қўнғироқ қилган тингловчимиз Иброҳим аканинг айтишича, бу пулга бирор вилоятда катта бир корхона ёки завод қуриш ва бу билан минглаб одамларни иш биланг таъминлаш мумкин эди:

- Оддий битта тренерга шунча маблағни қайси бойвачча бераяпти? Шунинг ўрнига ўзимизнинг хоҳлаган вилоятнинг битта-яримта туманига завод¸ фабрика қуриб¸ ҳеч бўлмаса 500 нафар одам иш билан таъминланса¸ оиласини боқса¸ шу яхши эмасмиди? Спорт тинчлик элчиси дейди. Спорт ҳам керакдир. Шунча маблағ сарфлашнинг ҳожати йўқдир¸ менимча. Мен ҳозир 62 ëшга кираяпман. Мен Россияда юрибман. Ҳозир Санкт Петербургдан телефон қилаяпман. Реал¸ Барселона каби командалар ҳам бунча сарфламайди тренерига. Рағбатлантиради¸ у қилади¸ бу қилади¸ бунчалик бўлмайди. Одамлар Россияда ишсиз юрибди. Вилоятнинг битта туманига завод ëки корхона қурибми¸ одамларни ишга жойласа бўладику¸ дейди Иброҳим ака.

*****************************

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 602 612 713 рақамига йўлланг.

“Эркин микрофон” сизга мунтазир!

"Эркин микрофон " рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас.
XS
SM
MD
LG