Линклар

Обама илк бор Пекинга келди


Оқ уй раҳбарини Хитой президенти қарши олди.

Оқ уй раҳбарини Хитой президенти қарши олди.

Осиё сафарини давом эттираётган АҚШ президенти Хитой пойтахтида ўз ҳамкасби Ху Цзинтао ва ҳукумат расмийлари билан сўзлашувлар олиб бормоқда.

Барак Обама ва Хитой президенти Ху Цзинтао ўртасида бўлиб ўтадиган сўзлашувларда савдо-савдо сотиқ масаласининг энг баҳсли мавзулардан бири бўлиши айтилмоқда.

Обаманинг сешанба куни ўтказиладиган сўзлашувларда хитойлик ҳамкасби Ху Цзинтаодан икки давлат олди-сотдисидаги номутаносибликни бартараф этиш мақсадида миллий пул бирлиги юан қийматини оширишни сўраши кутилмоқда.

Вашингтон расмийларига кўра, Хитой раҳбарияти мамлакатда ишлаб чиқарилган махсулотларнинг жаҳон бозорида арзонроқ сотилишини таъминлаш мақсадида юан қийматини сунъий тарзда паст даражада ушлаб келмоқда. Пекин эса АҚШнинг бу каби эътирозларини инкор этмоқда.

Айни пайтда Хитой Савдо вазирлиги матбуот вакили Барак Обама сафари арафасида қилган чиқишида АҚШнинг юан қийматини ошириш талабини “адолатсизлик” дея атади.

Матбуот вакил фикрича, АҚШ жаҳон бозоридаги ўз рақобат бардошлигини ошириш мақсадида доллар қийматини кескин тушиб кетишига ҳеч қандай тўсқинлик қилмаган.

Хитой Савдо вазирлиги матбуот вакили, шунингдек, АҚШни протекционизмда айблади.

Пекинга боришдан аввал Барак Обама Шанхайда бўлиб, бу ерда Хитой Давлат универститети талабалари билан учрашди.

-Ташрифимдан асосий мақсад Хитой ва унинг келажакка бўлган қарашларини янада чуқурроқ англашдан иборатдир. Мен президент Хи Цзинтао билан бир неча бор учрашганман. Биз биргаликда глобал молиявий бўҳрон мавзуида ўтказилган Катта йигирмалик саммитида иштирок этганмиз. Бир қатор масалалар юзасидан маслаҳатлашувлар ҳам олиб борганмиз, Фикримча, ҳар иккала давлатнинг ўзаро ҳамфикрлигини янада кенгайтириш жудаям муҳимдир, деди Барак Обама.

Ўзаро муносабатлар масаласига тўхтатлаган Обама АҚШ ва Хитой бир-бирига душман этиб яратилмаганини таъкидлади.

-Биз душман бўлишимиз шарт, деган тушунча бизнинг қисматимиз эмас. Ўтмишга қарасак ҳам бу нотўғри тушунча. Аксинча, ўзаро ҳамкорлигимиз туфайли АҚШ ва Хитой тобора тараққий этаётган ва хавфсиз давлатларга айландилар. Ўз алоқаларимизни ўзаро ҳурмат ва ўзаро манфаат тамойилларига асосланиб қурсак¸ нималарга эриша олишимизга бугунги кунда гувоҳ бўлиб турибмиз, деди Барак Обама.

Талабалар билан учрашувда Оқ уй раҳбари инсон ҳуқуқлари масаласини ҳам тилга олиб, барча фуқаролар, жумладан хитойликлар ҳам сўз эркинлиги, диний эркинликлар ва маълумот олиш ҳуқуқига эга эканликларини билдирди.

Барак Обама Хитойдан сўнг Жанубий Кореяга боришни режалаган. Хитойга келишдан аввал эса АҚШ президенти Япония ва Сингапурда бўлди.
XS
SM
MD
LG