Линклар

logo-print

Ўзбек зиëратчилари ҳам ҳажга ҳозирланмоқда

  • Барно Анвар

Саудий расмийлари¸ зиëратчилар орасида чўчқа гриппи тарқалиши олдини олишга уринмоқда.

Саудий расмийлари¸ зиëратчилар орасида чўчқа гриппи тарқалиши олдини олишга уринмоқда.

Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг охирги гуруҳи 17 ноябр куни ҳаж зиёрати учун Саудия Арабистонига жўнаб кетади.Мусулмонлар идорасига кўра, бу йил ҳам ҳажга 5000 зиёратчи жўнатилмоқда.

Шу кунларда Суадия Арабистонида бўлган Абдулҳамиднинг сўзларига кўра¸ ўзбекистонлик зиёратчилар яхши етиб борган ва Масжидул Ҳарам яқинидаги меҳмонхонага жойлаштирилган. Шаҳарда эса чўчқа гриппи билан боғлиқ дунёни қамраган хавотир руҳи сезилмайди.

- Мадинада Ҳарамга яқин жойда туришибди. Бунақа касаллик билан биров касал бўлганини эшитмадик. Ўзининг касаллиги туфайли бир одам¸ бу одам ҳам ëши катта¸ ҳам юраги оғир экан¸ шу киши вафот этди¸ деб эшитдик¸ дейди Абдулҳамид.

Абдулҳамиднинг сўзларга кўра, чўчқа гриппидан хавотир боис бўлса керак, бу йил зиёратчиларнинг чўғи кам. Ҳатто, Қирғизистон ва Қозоғистондан борган зиёратчиларнинг ҳам сони озайгани айтилмоқда.

Аммо, Ўзбекистондан келганлар ўтган йилгидан сал кўпроқ. Абдулҳамид ўзбекистонлик зиёратчилар жойлаштирилган меҳмонхонадан олган маълумотга кўра, 16 ноябрга қадар Ўзбекистондан расмийлар айтгани каби 5000 эмас, балки 5200 зиёратчи етиб келган.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси масъуллари эса яна бир гуруҳ зиёратчининг 17 ноябр куни ҳажга кузатилишини билдирди.

- Ўзбекистондан 5200 нафар одам кетди. Яна одамлар бор. Бошқалардан анча камайган. Қирғизистондан анча камайган. Иқтисод жиҳатдан бўлса керак бу. Ҳожилар кам бўлса керак. Чунки Ҳарамда олдинги йилга қараганда одам жуда ҳам кам. Ҳозирги ҳукуматлар касал бўли қолишидан қўрқиб анча-мунча одам юбормаган бўлиши мумкин¸ дейди Ўзбекистон мусулмонлар идораси масъули.

Саудияда истиқомат қилаётган Абдулҳамиднинг сўзларига кўра, чўчқа гриппи билан боғлиқ хавотир кўпроқ мамлакатга келаётган зиёратчиларда сезилмоқда.

Зиёратчилар кела бошлаган 10 ноябр санасидан бироз аввал эса Саудия Арабистони Ҳаж вазири доктор Фуад Абдусалом ал-Форсий халқаро оммавий ахборот воситалари орқали яна бир марта чиқиш қилиб, мамлакат чўчқа гриппидан ортиқча хавотирга асос йўқлиги, аммо, эҳтиёт чоралари сифатида АH1N1 вирусига қарши вакцина олиш қатъиян тавсия қилинишини эслатган эди.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса 22 ноябрга қадар мамлакат аҳлини тўлиқ вакцина билан таъминлашни мақсад қилган ва вазир Фуад ал-Форсийнинг ўзи ўнлаб телекамералар қаршисида вакцина олган эди. Шунингдек, вазирлик Рамазон ойи давомида келаётган зиёратчилар орасида чўчқа гриппига чалинган 30 киши қайд этилганини маълум қилган эди.

Шу боис, Саудия Арабистони Ҳаж ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги чўчқа гриппига қарши вакцина олиш имконига эга бўлмаган давлатлардан келаётган зиёратчилардан мавсумий гриппга қарши вакцина олишни талаб қилган ва чўчқа гриппига чалинган зиёратчилар учун масъулиятни ўз зиммасига олмаслигини айтган.

Ҳозир барча давлат зиёратчилари соғлиги ҳимояси учун ўз имкони диорасида чора кўрмоқда. Бу ҳақда Озодлик саволларига Тошкент шаҳар бош имом хатибининг ўринбосари Эргашали Рустамов жавоб берар экан, ўзбекистонлик зиёрачилар мавсумий гриппга қарши эмланганини маълум қилди.

Расмийнинг сўзларига кўра, айнан шу касаллик боис зиёратчиларнинг сони ва ёшига кўра ҳеч қандай чеклов жорий этилмаган.

Эргашали Рустамов: 2009 йил Ҳаж сафарига бораман деб пулларини тўлаган ҳожиларимиз навбат билан муборак ҳаж сафарига жўнатилаяпти.

Озодлик: Ҳеч қандай чекловларсиз-а?

Эргашали Рустамов: Ҳеч қанақа чеклов-пеклов йўқ. Чўчқа гриппи билан шунча одам қолдирилсин¸ деган ҳам ҳаммаси миш-миш гап.

Озодлик: Вакцина масаласи нима бўлди?

Эргашали Рустамов: Тиббиëт ходимлари¸ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва раҳбарияти томонидан бу масалага алоҳида эътибор берилди. Минингит¸ ўша оғир гриппга қарши вакцина¸ уколлар олинди. Ҳажга кетадиган ҳожиларимизнинг ҳаммаси 100 фоиз уколларини¸ вакциналарини олиб бўлди. Уларнинг қўлига расмий сертификат ҳам берилди.

Озодлик: Бу гриппнинг оғир турига қарши эмланган деган ҳужжат-а?

- Шундай. Яна бир нарса Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ташаббуси билан қилинди. Ҳар бир ҳожимизнинг бўйнига тақиладиган H1N1 чўчқа гриппига қарши бўлган қўлланмалар¸ нима қилиш керак¸ қачон ва қанақа ҳолатларга эътибор бериш керак¸ инсон ўзида нохушлик сезадиган бўлса¸ нима қилиш ва кимга мурожаат қилиш кераклиги тўғрисида йўриқнома берилди¸ деди Тошкент шаҳар бош имом хатиби ўринбосари Эргашали Рустамов.

Бу йил аввалги йиллардан фарқли равишда зиёратчилар ўзлари яшаб турган ҳудудлардан зиёратга отланди ва бундан бошқа, Ҳаж зиёрати билан боғлиқ янгиликлар бу йил ҳам деярли кузатилгани йўқ.

Ўз қариндошини зиёратга жўнатган қўқонлик суҳбатдошимизга кўра, бу гал ҳам зиёратчилар сафар учун 5 миллион ўзбек сўмидан харажат қилган.

Ҳар йили тилга олинган муаммолар эса ўша-ўша турибди. Яъни, зиёратчилар сони ва ёши жуда чекланган.

- Атрофимиздаги бошқа давлатларга нисбатан энг кўп хоҳловчилар менимча Ўзбекистонда бўлса керак. Битта умранинг нимасига “Пулимизни қайтиб олсак бўладими?” десак¸ 3000 та ариза турибди деган эдида. Демоқчиманки¸ битта умрага 3000 нафар одам ариза берган бўлгандан кейин Ҳажга ундан ҳам кўп бўлиши керак. Чеклов албатта бор. Ëшлар қўйилмаяпти. Ëшлардан жуда кам. Ортиқча янгилик бўлгани йўқ.

Озодлик: Нима учун ҳожилар сонига чеклов қўйилган экан? Нима деб ўйлайсиз?

- Борган одам дин томонидан кўпроқ маълумот олиб қўймаслиги учунмикан¸ заҳарланиб дегандай. Буларнинг терминида энди. Союзнинг нимасига ўхшаган излояциянинг бир турида бу ҳам. Қариларнинг ибодатдан бошқа нарса билан иши бўлмайди. Ҳеч қанақа хавф йўқ¸ дейди қўқонлик суҳбатдошимиз.
XS
SM
MD
LG