Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:43

Қозоқ журналистлари учун майдон яна торайди


Танқидчиларга кўра¸ қозоқ парламенти қабул қилган янги қонун аслида ҳукумат эгалари дахлсизлигини кучайтиришга хизмат қилади¸ холос.
Танқидчиларга кўра¸ қозоқ парламенти қабул қилган янги қонун аслида ҳукумат эгалари дахлсизлигини кучайтиришга хизмат қилади¸ холос.

Қозоғистонда фуқаролар¸ жумладан ҳукумат амалдорларининг шахсий ҳаётига оид маълумотларни ошкор этиш 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланиши мумкин.

4 ноябр куни Остонада қозоқ парламенти депутатлари фуқаролар шахсий ҳаёти дахлсизлиги бўйича қонун қабул қилдилар. Адлия вазири ўринбосари Марат Бекетаев, мазкур қонунга асосан қозоғистонликлар шахсий ва оилавий ҳаёти, хатлари ва электрон ёзишмалари, телеграф хабарлари ва телефон сўзлашувларини ошкор қилган киши жиноий жавобгарликка тортилишини маълум қилди.

- Журналистлар ўзларини босиқ ҳолда ушлашлари лозим, шахсий ҳаётни ҳимоя қилувчи қонуннинг қабул қилингани баъзи одамларни ҳаяжонлантиргани тушунарли ҳолат. Ҳозир журналистлар бу қонун инсон ҳуқуқлари ва унинг эркинлиги ўртасидаги мувозанатни бузиб, коррупция билан курашишга тўсиқ бўлаётгани ҳақида гапиришмоқда. Уларга кўра, биз демократиядан узоқлашаётгандекмиз. Аммо халқни ўша демократия билан ҳам қийнаб юбориш мумкин. Озодлик худди спиртли ичимликка ўхшайди, баъзиларни у ҳушига келтирса, баъзиларни ақлдан оздиради, деди қозоқ парламенти депутати Владимир Нехорошов.

Шунингдек, сўзи давомида у журналистларни тезкор ва уникал маълумот етказиш мақсадида, баъзан одамларни бахтсиз қилишгача бориши ва шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўйича қонуннинг қабул қилинишига авваламбор, оммавий ахборот воситалари вакиллари сабаб бўлганини айтиб ўтди.

- Журналистларнинг хуш кўрган таоми шов-шувли хабарлардир. Аммо бу хабарларда чегаралардан ўтиб кетмаслиги керак. Журналистнинг вазифаси маълумот йиғишда профессионал қатъият кўрсатиш билан биргаликда, иш юзасидан мажбуран шахсий ҳаёти акс эттирилаётган одамларга нисбатан ҳурмат ва раҳм-шавқат қилишдир¸ дейди Владимир Нехорошов.

Бундан аввал Қозоғистон парламенти фуқаролик кодексига ўзгартиришлар киритиб, шахс обрўсига путур етказиш учун жавобгарлик жорий этган эди.

“Одил сўз” ташкилоти раҳбари Тамара Калеева, кодексга киритилган бу ўзгартишлар фақат амалдорлар обўсини ҳимоя қилиши, жазо эса, оддий одамларга эмас, балки асосан журналистларга нисбатан қўлланилишини айтади.

- Илгари журналист қамоқдан қўрқмаслиги мумкиндек туйилганди. Аммо шахслар обрўсига путур етказганлик, улар шахсий ҳаётини ошкор қилганлик бўйича жавобгарликка тортиш ҳақида иккита қонун кучга киргандан сўнг вазият ўзгарди. Бу қонунлар фақат журналистларни жазолаш учунгина хизмат қилмоқда. Бундай ҳолат мамлакатдаги сўз эркинлиги вазиятига жиддий путур етказади, албатта, дейди Тамара Калеева.

Журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, кўплаб оммавий ахборот воситалари вакиллари Қозоғистон ҳукуматидаги амалдорлар обрўсига путур етказганлик айблови бўйича йирик жарималарга тортилиб, баъзилари турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган.

Масалан, ўтган йили “Ташжарған” газетасининг бош муҳаррири Бахитгул Мекенбай ана шундай айблов билан судланиб, суд ҳукмига асосан уй-жойидан маҳрум қилинган эди. Ушбу газета журналисти Ермурод Бапи эса, ўз мақоласида қозоқ депутати Ромин Мадинов шаъни ва обрўсига путур етказгани учун қамоққа олинганди.

Бир йил давомида Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг собиқ куёви, ҳозирда Австрияда бошпана топган Роҳат Алиев интернет орқали президент ва ҳукуматдаги йирик амалдорларга қарши компроматларни очиқлаб келмоқда. Улар орасида Назарбоевнинг мамлакатдаги йирик тадбиркорлар, ҳукуматдаги йирик амалдорларининг ҳар бирини ҳукмрон “Нур Отан” партияси ғазнасига 3 миллиондан то 10 миллионгача АҚШ доллари маблағ ўтказишга мажбурлаётгани каби баъзи ножўя телефон сўзлашувлари ҳам интернет орқали жамоатчиликка ошкор қилинганди.

Шу боис кузатувчилар қозоғистонликлар шахсий ҳаёти дахлсизлиги бўйича қонун авваламбор, президент ва ҳукумат амалдорларини Роҳат Алиев тўплаган компроматлардан ҳимоя қилиш учун зарур бўлганини билдирмоқдалар.
XS
SM
MD
LG