Линклар

Обама Хитойда сўзлашувлар ўтказди


АҚШ президенти Барак Обама Пекинда Хитой президенти Ху Цзинтао билан сўзлашувлар ўтказди.

Президентлар учрашувида бир қатор муҳим масалалар, жумладан, давлатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожи, Эрон ва Шимолий Корея ядровий дастури, глобал молиявий бўҳрон ва глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш каби масалалар муҳокама қилинди.

Сўзлашувлардан сўнг ўтказилган матбуот анжуманида Обама хитойлик ҳамкасби билан жаҳоннинг баҳсли муаммоларини ҳал этиш ҳамда икки давлат ўртасида мавжуд савдо-иқтисодий кескинликни юмшатиш борасида биргаликда ишлашга келишиб олганликларини билдирди.

Эрон масаласига тўхталган АҚШ президенти¸ агар Эрон ўз ядровий дастури тинчлик мақсадларга йўналтирилганини исботлай олмаса, бунинг салбий оқибатларидан огоҳлантирди.

-Биз Эрон Ислом республикаси ўз ядровий дастури шаффоф ва тинчлик мақсадларга йўналтирилганини халқаро ҳамжамиятга исботлаши шарт, деган фикрда якдил бўлдик. Бу масалада АҚШ ва Хитой, қолаверса 5+1 сўзлашувларидаги ҳамкорларимиз бирлашган. Ҳозир Эронда ўз ҳаракатларини исботлаш учун имконият мавжуд, бироқ агар бу имконият қўлдан бой берилса, Теҳронни салбий оқибатлар кутмоқда, деди Барак Обама.

Хитой президенти Теҳрон ядровий дастури атрофидаги бўҳрон мулоқот ва сўзлашувлар йўли билан ҳал этилиши лозим, деган фикрни билдирди.

Хитой президенти, шунингдек, икки давлат савдодаги протекционизм иллатларидан воз кечиши лозим, дея таъкидлади.

Барак Обама, ўз навбатида, Хитой раҳбариятини Тибет буддавийларининг сургундаги руҳоний етакчиси Далай Лама билан мулоқот бошлашга чақирганини билдирди.
XS
SM
MD
LG