Линклар

Ихтиëрий - мажбурий ватанпарварлик

  • Гулнора Равшан

Россиядан кутган ëрдамини ололмаган Душанбе раҳбари¸ энди Роғунни халқ пулига қурмоқчи.

Россиядан кутган ëрдамини ололмаган Душанбе раҳбари¸ энди Роғунни халқ пулига қурмоқчи.

Имомали Раҳмон Роғун ГЭСини фуқароларга акция сотиш йўли билан қурмоқчи. Тожикистон президенти тегишли идора ва вазирликларга Роғун акцияларини тезда сотувга чиқариш борасида топшириқ берди.

16 ноябр куни ҳукумат вакиллари, президент ижроия девони ҳамда бир қатор вазирликлар раҳбарлари қатнашган навбатдаги йиғилишда гапирган Тожикистон президенти Имомали Раҳмон “Мамлакатимизнинг порлоқ келажаги Роғунга боғлиқ. Буни англаб етган ҳар бир фуқаро унинг қурилиши учун¸албатта¸ ўз улушини қўшади”, дея ишонч билдирди.

17 ноябрда эса “Ховар” давлат агентлиги ҳамда Тожикистон Журналистлар уюшмаси масъуллари мамлакатдаги барча оммавий ахборот воситалари вакилларини Роғун қурулиши учун ўз улушини қўшишга чақирди.

Тожикистон президенти матбуот хизматидан олинган маълумотларга кўра, давлат раҳбари топшириғига биноан Роғун акцияси 2010 йил бошида сотувга чиқарилиши лозим.

Роғун акциясига доир саволлар юзасидан Тожикистон Молия вазирлигининг қимматбаҳо қоғозлар бўйича агентлигига мурожат этдик.

Мазкур идора раиси ўринбосари Жамшид Шерматовнинг маълум қилишича, мамлакат Молия ва Адлия вазирликлари президент топшириғи бўйича бугундан ишга киришган.

- Айни пайтда вазирлигимиз мутахасислари томонидан Роғун ҳиссадорлик жамияти акцияларини чиқариш ва уларни реализация қилиш механизимлари ишланмоқда, дея билдирди Молия вазирлиги расмийси.

Роғун акциялари сотувда эркин¸ дер экан вазирлик расмийси¸ акциялар миқдори, нархи ва қаерда чоп этилиши ва акция харидорларига бериладиган имтиёзлар ҳозирча номаълумлигини билдирди.

Собиқ иттифоқ даврида лойиҳалаштирилган Роғун ГЭСи қурилиши ўтган асрнинг 90-йиллари бошида - иттифоқ тарқаб кетганидан сўнг тўхтаб қолди. ГЭСнинг 1988 йилда қурилган тўғони йиллар ўтиши билан сурункали селлар туфайли емирилиб кетди.

Сўнгги 15 йил давомида Россия Роғунга катта сармоя ётқизиш ваъдасини бериб келди.
Ниҳоят 2004 йили Тожикистон ҳукумати билан Россиянинг РУСАЛ ширкати ўртасида Роғун ГЭСини қуриш бўйича икки томонлама шартнома имзоланди.
Аммо кўп ўтмай РУСАЛ раҳбари Олег Дерипасканинг Тошкентда президент Ислом Каримов билан учрашгани ва Каримовнинг Роғун тўғони баландлигини 280 метрдан оширмаслик талабини қўйгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

РУСАЛнинг Роғун ГЭСи тўғонини босқичма-босқич қуриш ва унинг баландлигини 280 метрдан оширмаслик режаларидан қониқмаган Тожикистон томони 2007 йилда шартномани бир томонлама тарзда қилиб, РУСАЛни мамлакатдан чиқариб юборди.
2008 йил бошида Тожикистон илк бор Роғунни ўз кучи билан қуриш режасини эълон қилди.
Минтақа мамлакатларидан Ўзбекистон ва Қозоғистон шу йил декабр сўнггига қадар Маразий Осиё ягона энерготизимидан ажралиб чиқишига қарор қилганидан сўнг Тожикистон ҳукумати қай йўсин бўлмасин Роғунни тезроқ қуриш ва электр энергиясига оид қўшнилар қарамлигидан қутилиш йўлларини ишга солишга киришди.
Тожикистон президентининг “Роғун акциясини чоп қилиш ва уни тезроқ сотувга чиқариш” борасидаги топшириғи¸ кузатувчиларга кўра¸ 1941-45 йиллардаги “Ҳамма нарса фронт учун, ҳамма нарса Сталин учун” шиорини эсга солади.
Хўш тожикистонликлар “бору йўғини Роғун учун“ сарфлашга ҳозирмилар?
- 75 % қашшоқликда кун кечираётган аҳолидан Роғун қурилишига ўз улушини қўшишни талаб қилиш бу инсофдан эмас¸ ўртоқлар. Хусусан журналистларни бу иншоот қурилиши учун даъват қилиш бир кулгили ҳолдир.

Масалан¸ менинг редакциямда фаолият қилаётган журналистлар маоши уларнинг бола-чақаси билан яхши кун кечиришига етмайди. Яна қайси юз билан уларнинг иш ҳаққини Роғун учун ушлаб қолиш мумкин, дейди “Фараж” мустақил рўзномаси бош муҳаррири Хуршид Атоулло.

Хуршид Атоулло Тожикистон ҳукумати “Сангтўда-1” ГЭСи қурилишида бундай тажрибани бир марта ишга солгани ва аҳолига сотилган акция тушуми турли доиралар томонидан ўзлаштирилганидан сўнг ҳукуматга ишонч йўқолганини айтади.

Бу фикрни мавзу юзасидан суҳбатлашганимиз кўпчилик тожикистонликлар қувватлашди.

Бироқ мустақил таҳлилчи Нўмонжон Фахриддинов эса Роғун ГЭСи акцияси кўнгилли экани айтилса-да, турли механизмлар билан акция мажбуран аҳолига сотилади¸ деган ишончда.

- Ҳукуматга ишонмаса бизда бошқача йўл тутиш механизмларимиз кўп ку. Асосан идораларда ишлайдиган¸ ойлик оладиганлар маошидан ушлашадида. Ёки бўлмаса бирор идорага иш билан мурожат қилса, “Роғунга пул ўтказдингми, бўлмаса бор пул ўтказиб кел, квитанциянгни кўрсат¸ кейин ишинг битади” деган йўл билан ҳам пул ундириш мумкин. Йўллари кўп, дейди мустақил таҳлилчи.
XS
SM
MD
LG