Линклар

"Бахмал инқилоби"га 20 йил тўлди


Бундан роппа-роса 20 йил аввал Прага марказига тўпланганлар¸ ўзлари ва болалари учун озодлик ва ҳурлик талаб қилдилар.

Бундан роппа-роса 20 йил аввал Прага марказига тўпланганлар¸ ўзлари ва болалари учун озодлик ва ҳурлик талаб қилдилар.

17 ноябр куни Чехия ва Словакияда “бахмал инқилоби“нинг 20 йиллиги нишонланди. Берлин деворининг қулаши билан бирин-кетин юзага чиққан бу инқилоб¸ Европада коммунистик диктатуранинг қулашини бошлаб берди.

1989 йилнинг 17 ноябр куни Прага марказига йиғилган Чехославакия талабалари¸ ўз ҳаракатларининг тарихга “бахмал инқилоби” деб кирадиган буюк жараëнга дўнишию¸ бу норозилик маҳсули ўлароқ дунë харитасидан Чехославакия деб номланган давлатнинг ғойиб бўлишини кўп ҳам хаëлларига келтирмаган эдилар.

Нафақат Чехославакия ëинки Марказий ва Шарқий Европа¸ балки замонавий дунë тарихида янги жараëнлар¸ хусусан мустабид тузумларни тинч йўл билан ағдариш силсиласини бошлаб берган бу воқеаларнинг қисқа тадрижи мана бундай:

17 ноябр куни¸ Берлин девори қулаганидан икки ҳафта ўтиб¸ Чарлз университетининг аксар факултетлари жойлашган Праганинг Албертов районида девор қулашидан илҳомланган талабаларнинг расман рухсат берилган норозилик намойиши бошланaди.

Кўп ўтмай сони бир неча минг¸ айрим тахминларга кўра¸ 15 мингга етган талабалар Прага қоқ маркази - Вацлав майдонига қараб юриш бошлайди. Бу юришга тўсқинлик қилган полиция билан тўқнашув юзага чиқaди¸ юзлаб талабалар калтакланaди.

Чехославакия махфий хизмати¸ одамларни қўрқитиш учун атайин талабалардан бирининг ўлдирилгани ҳақида миш-миш тарқатади. Аммо бу миш-миш режим кутганига терс натижа беради ва талабанинг ўлими ҳақдаги хабардан қаттиқ ғазабланган халқ Прага марказига оқиб кела бошлайди.

17 ноябр кунги талабалар намойиши шу тарзда юз минглаб чехославакияликларнинг 12 кунлик норозилик намойишини бошлаб беради. “Хартия-77” – фуқаролик ташаббуси асосчилари¸ биринчи галда диссидент драматург Вацлав Ҳавел ва бошқа чехославак мухолифатчилари мазкур намойишларни бошқаришни ўз зиммасига олади.

27 ноябр куни Чехославакия бўйлаб¸ намойишчиларни қўллаш мақсадида икки соатлик умуммиллий иш ташлаш бўлиб ўтади.

28 ноябр куни Чехославакия коммунистлари ҳокимиятдан воз кечганини эълон қилади ва 5 декабр куни муваққат ҳукумат ташкил этилади.

29 декабрга келиб эса¸ аксариятини ҳамон ашаддий коммунистлар ташкил этувчи парламент Вацлав Ҳавелни мамлакат президенти этиб сайлайди.

Бу воқеалардан 20 йил ўтиб¸ Вацлав Ҳавел 17 ноябр кунги талабалар юриши¸ халқ исëнига туртки бўлгани¸ коммунистик истибдоддан сабр косаси тўлган халқ¸ эртами-кечми бундай улкан ўзгариш қилишга пишиб етилганини айтади.

- Ўшанда талабалар ўз норозиликларининг қайга элтиши ва бир тутам қор думалашининг қор кўчишига олиб келишини тасаввур ҳам қилганлари йўқ эди. Албатта¸ биз ҳам бу воқеаларнинг шундай тугашини олдиндан кўра олганимиз йўқ эди. Биз¸ дер экан мен “77-лар”ни¸ диссидентларни назарда тутаяпман. Аммо айни пайтда¸ аввал ҳам кўп гапирганим каби¸ бу қор кўчишининг қачондир бошланиши аниқ эди. Ҳеч ким бу кўчишнинг айнан қачон ва қандай бўлишини билмас эди¸ зотан биз фолбин эмас эдик. Аммо бу воқеаларнинг эртами кечми бўлишига шубҳа йўқ эди¸ дейди “Бахмал инқилоби” арафасида Озодлик мухбирлари билан суҳбатлашган собиқ президент Вацлав Ҳавел.

1989 йил бошида қамоқдан чиққан диссидент ижодкорнинг йил охирига бориб Чехославакиянинг кейинги 40 йиллик тарихида илк бор сайланган президентига айланиши¸аниқроғи¸ халқнинг ўз фикри ва талабини кўчаларга чиқиб¸ тинч ва уюшган ҳолда айта бошлагани бутун комммунистик блок ҳудудларида халқ исëнлари ва ўзгаришлар фаслини бошлаб берди.

1991 йилга келиб¸ СССР деб номланган қудратли давлатнинг тарих қатларига киргани ҳам¸ тарихчилар фикрича¸ айни жараëнларнинг мантиқий давомидир.

Бахмал инқилобидан 20 йил ўтиб¸ Прагада бу тарихий сана хотирланар экан¸ аксар кузатувчилар¸ мамлакатда байрам руҳининг йўқлигини қайд этмоқдалар.

Демократик капитализм¸ бойлар ва камбағаллар орасидаги жарликни кучайтирди¸ кўп-партиявий демократия ҳам халқ умидларини оқламади¸ дейишмоқда бу жараëннинг қоронғу жиҳатларини бўрттираëтган кузатувчилар.

Аммо 1993 йили тинч йўл билан Чехия ва Словакияга бўлиниб кетган икки давлат фуқароларининг аксари¸ айниқса¸ ëшлари¸ бугунги имконларни бундан 20 йил олдингиси билан қиëслашга ўрин ҳам йўқлигини айтишмоқда.

-"Бахмал инқилоби"дан аввал нима эдию¸ ундан кейин нима бўлди¸ деб ҳатто қиëслаб ҳам бўлмайди. Аммо айни пайтда¸ халқнинг ¸ жумладан зиëлиларнинг ҳам¸ кейинги 20 йил ичида бўлган кўп жараëнлардан ҳафсаласи пир бўлгани бор гап¸ дейди машҳур чех ижодкори Давид Черний.

XS
SM
MD
LG