Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:13

Кореяда Азиз Юсуповни кўрган борми?


Азиз Юсуповнинг оиласи унинг Кореядан юборган сўнгги суратини Озодликка йўллади.
Азиз Юсуповнинг оиласи унинг Кореядан юборган сўнгги суратини Озодликка йўллади.

Ўзбекистон расмий идораларидан суриштиришнинг бесамарлигидан толиққан айрим ўзбекистонликлар муҳожиратга кетиб¸ дом-дараксиз йўқолган яқинларини Озодлик орқали излашга уринмоқдалар.

“Укам Азиз Юсуповнинг Жанубий Кореяга ишлагани кетганига 8 йил бўлди. Уч йилдан буён ундан дом-дарак йўқ. Уни топишда ёрдам беринглар”. Тошкентлик Сария Иброҳимова ана шундай мурожаат битилган мактуб йўллади.

Тошкент шаҳрининг Қўйлиқ мавзесида яшаган 53 ёшли Азиз Юсупов 2001 йилда сайёҳлик визаси билан Жанубий Кореяга бориб, Ўзбекистонга қайтиб келмаган. Унинг опаси Сария Иброҳимованинг айтишича, Азиз олти йил давомида ўша ерда ишлаб, оиласига пул жўнатиб турган¸ лекин сўнгги уч йилда ундан бирор бир хабар бўлмаган:

Сария: У ëқда ишламоқчи эди¸ оиласи учун пул топмоқчи эди. Бу ердан кетишнинг иложи бўлмади ва кейин шунақа қилиб кетган эди¸ сайëҳлик визаси билан. Охири марта суриштирдим. Кореяда Тандемон деган шаҳар бор экан шекилли. Ўша ерда ишлаган экан.

Озодлик: Нима иш қилган экан?

- Унисини билмайман. Энг биринчи кетганида қанақадир заводдами ишлаган у. Кейин қанақадир черковда яшаб юрибди¸ деб эшитган эдик. Суриштиришса¸ кейин бунақа бўлиб чиқмади¸ дейди Сария.

Сария айтган Тандемон деган мавзе Сеул шаҳрида жойлашган. Кореядаги меҳнат муҳожирларининг айтишларича, Тандемон ўзбекистонликлар гавжум яшайдиган жой. Ўзини тошкентлик Ғариб деб таништирган суҳбатдошимиз ҳам бундан 11 йил аввал сайёҳлик визаси билан Кореяга келиб, шу ерда қолиб кетганлардан. У Азиз Юсуповни танимаслиги¸ бироқ унинг турли сабаблар важидан ўзи ҳақида хабар бермаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилади:

- Бир хил болалар карислашиб кетади ëки бу ердан параходда Японияга чиқиб кетади. Японияда каттароқ пул топса бўлади. Ëки корейс аëлга уйланиб олган. Бу корейсдан хотинини хабардор қилмайди. Ўрислар билан қанақа бўларди¸ олдин ота-онага билдирмай. Яна битта тарафи¸ энди Худо кўрсатмасин¸ тилига эҳтиëтроқ бўлмаса¸ мана яқинда битта савдогарни ўлдириб¸ уч бўлак қилиб сувга ташлаб юборишди. Битта самарқандликни ўзимизнинг ўзбек болалар 17 бўлак қилиб¸ сувга ташлаб юборишибди¸ дейди ўзини тошкентлик Ғариб деб таништирган суҳбатдошимиз.

Кореядаги яна бир меҳнат муҳожири Рустамжон Азиз билан бирор кор-ҳол рўй берганига ишонмайди. Унинг айтишича, Кореяда одам изсиз йўқолиши мумкин эмас.

- Кореяда бирор фалокат бўлса¸ тез хабари чиқади. Ўзбекистондан одам кўп. Ҳар жойда одам бор. Топилади. Энди бу одамнинг ўзидан телефон қилмаслик¸ бошқаси¸ дейди Рустамжон.

Унинг айтишича, ҳозир Кореяда ғайриқонуний ишлаб юрган ўзбекистонликлар жуда кўп.

Рустамжон: Самарқанддан бир кишини кўрдик. 11 ми¸ 12 ми йил бўлди деганди.

Озодлик: У ҳам сайëҳлик визаси билан келиб¸ қолиб кетганми?

Рустамжон: Ҳа¸ шунақа бўлган.

Озодлик: Қолиб кетиб¸ улар қандай яшайди? Виза оладими¸ қочиб юрадими?

Рустамжон: Қочиб юришади.

Озодлик: Кореяда Ўзбекистондан борган нолегаллар кўпми?

- Бор. Тирикчилик қилаяпти¸ уч-тўрт сўм пул топиб¸ бола-чақасини ҳам боқаяпти. Ўзимизда иш йўқку. Нолегал топаëтган пулини ўзимизда топа олмайди¸ дейди Рустамжон.

Бироқ тошкентлик Ғариб бу фикрларга қўшилмайди. Унинг айтишича, бу ерда ҳам коррупция чуқур илдиз отган. Меҳнат муҳожири муҳожирлик хизмати ходимлари билан келишиб, йиллар давомида расмий қайддан ўтмасдан ишлаб юриши мумкин.

- Корея коррупциялашган давлат. Масалан¸ милицияга тушиб қолсангиз ëки бир-ики аварияларга тушиб қолсангиз¸ қўлига корейс пули билан 5 миллион берсангиз бўлди¸ дейди тошкентлик Ғариб.

Унинг фикрича, Азиз Юсупов ҳақида бирор бир маълумот олиш учун расмий идораларга мурожаат қилишдан фойда йўқ. Чунки, унинг номи ҳеч қаерда қайд этилмаган. Ягона умид, Кореяда Озодлик радиосини эшитадиган ва унинг интернет сайтини ўқийдиган меҳнат муҳожирларидан. Азиз Юсуповнинг опаси Сария Иброҳимова ҳам ана шу илинж билан Кореядаги ўзбекистонликларга мурожаат қилади.

- Ҳурматли ўзбекистонлик биродарлар¸ укаларим¸ акаларим. Илтимос сизлардан. Иложи бўлса¸ менинг укамни топишга ëрдам берсангизлар. Юсупов Азиз Азимович¸ 1956 йилда туғилган. Тошкент шаҳрида Қўйлиқ мавзесида яшаган. Кореяга 2001 йилда кетиб мана уч йилдан бери дом-дараксиз. Иложи бўлса¸ қидиришга ëрдам берсангизлар. Жуда ҳам миннатдор бўлардим. Жуда ҳам интиқлик билан кутаяпман. Оила аъзолари ҳам¸ бизлар ҳам бирорта хабар бўлса¸ хурсанд бўлардик. Раҳмат¸ дейди Сария Иброҳимова.

Агар сиз ҳам Азиз Юсупов ҳақида бирор бир маълумотга эга бўлсангиз, Озодликнинг “Эркин микрофон”и - +420 602 612 713 рақамига қўнғироқ қилиб ёки СМС ёзиб¸ хабар беришингизни сўраймиз.
XS
SM
MD
LG