Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:23

Ўзбекистонлик амалдор ҳаромдан ҳазар қиладими?


Мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистонда коррупциянинг давлат миқëсидаги муаммо эканини айтишади.
Мустақил кузатувчилар¸ Ўзбекистонда коррупциянинг давлат миқëсидаги муаммо эканини айтишади.

Transparency International ташкилотининг Ўзбекистондаги коррупция вазиятига доир янги хулосалари муносабати билан Озодлик ўтказган кичик сўров саволга савол билан тугади.

Демак, Transparency International қўллаган методикага кўра, 10 баллга яқин баҳо олган мамлакатда коррупция даражаси энг паст, қуйи нуқта – 0 га яқин баҳо олган мамлакатларда коррупция даражаси энг юқоридир.

Transparency Internationalга кўра, Ўзбекистон - коррупция энг ривожланган мамлакатлардан бири. Ташкилот бу мамлакатга 1,7 балл берган.

Келинг, энди ўзбекистонликларнинг мамлакатдаги коррупция даражасига берган баҳолари билан танишайлик.

Коррупция даражаси тўғрисидаги саволимизни респондентларимизга Transparency International қўллаган методикадан келиб чиқиб бердик. Яъни, баллнинг юқорилиги коррупциянинг йўқлиги, баллнинг пастлиги эса коррупциянинг кучлилиги аломатидир.

Тошкентлик тадбиркор берган баҳо:

- Менимча¸ беш-олти балл берган бўлардим. Ўрта. Бизда йўқ ҳам эмас¸ бор деб туриб¸ жуда ривожланган ҳам эмас¸ лекин бор.

Фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчисининг фикри:

- Нари борса тўрт¸ уч балл билан.

Самарқандлик собиқ милиция ходими фикри:

- Бизларда шу бир балл. Энг кўпи бизда¸ Ўзбекистонда.

Марғилонлик оддий фуқаронинг фикри:

- Ўзим яшаб турган Марғилонга бир балл ҳам кўплик қилади.

Тошкентлик ҳуқуқшунос Суҳроб Исмоилов берган баҳо:

- Менимча¸ уч-тўрт балл бўлса керак.

Коррупция даражаси тўғрисидаги саволимизни респондентларимизга Transparency International қўллаган методикадан келиб чиқиб бердик. Яъни, баллнинг юқорилиги коррупциянинг йўқлиги, баллнинг пастлиги эса коррупциянинг кучлилиги аломатидир.

Демак, сўровимизда 5 киши иштирок этди. Улар берган баҳоларнинг умумий миқдори 14,5 баллни ташкил қилади. (“3-4 балл”ни 3,5; “5-6 балл”ни 5,5 деб олдик)

14,5 баллни сўровда иштирок этган 5 кишига бўлсак, 2,9 баллдан тегади.

Бизнинг натижа Transparency Internationalникидан (1,7 балл) оптимистикроқ бўлиб чиқди.

Мана энди сўровимизда қатнашганларнинг ўзлари берган баҳо юзасидан айтган изоҳларини эшитинг.

Тошкентлик тадбиркор:

- Собиқ СССР парчаланиб кетгандан кейин рэкет деган нарса чиқди. Ҳозир Ўзбекистонда рэкет бор¸ деб айтиб бўлмайдию¸ лекин шунинг қанақадир официалний версияга ўхшаган нарсалари пайдо бўлган. Тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилишда¸ лицензия олишда¸ айрим муаммоларни ҳал қилишда бу нарса бор. Очиқдан очиқ “Мана шунча берасан. Мана шу ишингни ташкиллаштириб берамиз” деган нарса йўқку¸ лекин ўз ўзидан ҳеч қанақа фаолият учун лицензия ëки ташкиллаштириш ҳал бўлиб қолмайди. Албатта, узатишингиз керак, деди исмини айтмаслигимизни сўраган тошкентлик тадбиркор.

Фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси:

- Ҳар қалай коррупциясиз иш битиришнинг ҳам имкони бор Ўзбекистонда. Катта-катта ишларни қилса бўлади. Саккизта-тўққизта жиноят ишида ўзимча маҳалладошларимнинг манфаатларини ҳимоя қилиб¸ жамоатчи-ҳимоячи сифатида қатнашган бўлсам¸ бир тийин ҳам ишлатмасдан 80-90 фоизини ютганман. Истаган ташкилот ва корхоналарга бориб туриб¸ ўзимнинг қонуний ҳаққимни¸ ҳуқуқимни даъво қилиб ҳеч бир тийинсиз эришганман¸ дейди фарғоналик иқтисодиëт ўқитувчиси.

Агар аҳвол шу қадар яхши бўлса, фарғоналик иқтисодиёт ўқитувчиси нима учун 10 балл бериб қўяқолмади, “нари борса 4 – 3 балл” берди?!

Самарқандлик собиқ милиция ходими:

- Ўзим органда ишлаганманда. Бизда фақат коррупцияда ишлаëтган болаларни (коррупцияга қарши кураш бўлими ходимлари назарда тутилмоқда –таҳр.) жуда ҳам қийнашади. Кечалари келмайди. Милицияхоналарда ëтади. Келолмайди¸ чунки начальниклари қисиб¸ қаердан бўлса ҳам жиноятчини топасан¸ дейди. Жиноят қилганми¸ қилмаганми фарқи йўқ¸ ушлаб келгин дейди.

Озодлик: Агар ходимларга “Кўпроқ ишла. Коррупционерларни топиб кел” деса¸ нимаси ëмон?

- Булар жиноятчи бўлмаган кишиларни туҳмат қилиб¸ жиноятчи деб ушлаб келадилар. Мана шуниси бор. Ҳеч илож топа олмагандан кейин битта-яримтага наша ташлайдими¸ қурол ташлайдими¸ хат ташлайдими¸ пистолет ташлайдими – шунақа қилиб ушлаб келиши керак.

Озодлик: Агар жиноятчиларни топиб олиб кел десаю¸ улар бегуноҳ одамларга наша ташлаб олиб келадиган бўлса¸ демак¸ жиноятчи ўзи аслида йўқ эканда. Демак¸ коррупционер¸ жиноятчи ўзи аслида йўқ бўлиб чиқаяптида¸ шунақами?

- Йўқ¸ порахўрлар бор. Уларнинг ҳаммаси ката хўжайинларнинг қариндош-уруғлари. Буларга бу бечоралар тега олмайди. Тегишга қўрқади. Чунки ҳамма қариндош-уруғи прокуратурада¸ судда ишлашади. Унга тегиниш мумкин эмас. Умуман тегиниш мумкин эмас. Тегса¸ “Кўзинг кўрмиди¸ буни ушлаб келдинг” деб ўзини жавобгар қилади¸ деди самарқандлик собиқ милиционер.

Эслатиб ўтаман, исмини айтмаслигимизни сўраган самарқандлик бу собиқ милиционер Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ ўта аянчли, деб уни 1 балл билан баҳолади.

Ўзини Абдуҳошим, деб таништирган мана бу марғилонлик ҳам коррупция даражасини баҳолар экан, “1 балл ҳам кўплик қилади” деган эди.

- Бундан уч кун олдин¸ оқшом¸ соат 23.00 дан кейин кўчада¸ милиция патрул машианси ўзича рейд қилаяпти. Шаҳар айланиб юрибди. Мен ўзимнинг ишим бўйича дорихонага дори олгани чиққан эдим. Дорихоначини кутиб турган эдим¸ ўзларининг махсус машинасида келишди. “Нимага бу ерда турибсан?” деб аввало сенсиради. “Ўғлим¸ мени сенсираманг. Менинг ëшим катта” дедим. “Пулингиз борми?” деди. Нимага¸ десам¸ керак деди. “Болам мен дорига чиққанман” дедим. Кейин ëнидагига туртиб кетдик деди¸ дейди марғилонлик Абдуҳошим ака.

Марғилонлик Абдуҳошим аканинг фикрича, милиция ходимларининг бундай ўзбошимчалиги ҳам коррупциянинг авж олгани белгисидир.

Энди навбат тошкентлик ҳуқуқшунос, маҳаллий экспертларнинг “Ҳозиржавоб гуруҳ” нодавлат ташкилоти аъзоси Суҳроб Исмоиловга.

- Ўзбекистонда коррупция жуда кенг тарқалган¸ лекин очиқ-ойдин эмас. Бизда мансабдор шахслар коррупцияни турли хил йўллар билан яширишга ва хаспўшлашга уринишади. Мен ўйлайманки¸ бунинг сабабларидан биттаси мусулмон жамиятида ҳалол бўлмаган сифатда пуллар топишнинг қораланиши ҳамда мана шу ҳаракатларнинг қонун остида Ўзбекистондаги маъмурий кодекс ëки жиноят кодексидаги ҳуқуқбузарлик сифатида тан олиниб¸ шунинг жазоланиши. Мана шунақа факторлар ушлаб турганлиги сабабли Ўзбекистонда коррупция жуда кенг тарқалган бўлса ҳам лекин мана шу ҳолатлар хаспўшлашга уринилади¸ дейди Суҳроб Исмоилов.

“Ўзбекистонлик амалдор ҳаром луқмадан ва қонундан қўрқмоқда”.

Суҳроб Исмоиловнинг мана шу фикри билан тугатмоқчимиз лавҳамизни.

Жаноб Исмоиловнинг фикри вазиятни тўғри акс эттира оладими - ўзбекистонлик амалдор ҳаромдан хазар қилаяптими, қонундан қўрқаяптими?
XS
SM
MD
LG