Линклар

"Ўзбекистон халқи учун яна бир ëмон хабар"

  • Ҳасанжон

Transparency Internationalнинг янги ҳисоботи хулосаси 17 ноябр куни ташкилотнинг Берлиндаги бош идорасида ўтказилган матбуот анжумани давомида эълон қилинди.

Transparency Internationalнинг янги ҳисоботи хулосаси 17 ноябр куни ташкилотнинг Берлиндаги бош идорасида ўтказилган матбуот анжумани давомида эълон қилинди.

Коррупция муаммолари билан шуғулланувчи Transparency International ташкилотининг 2009 йилги “Коррупцияни баҳолаш индекси”га кўра¸ Ўзбекистон 180 давлат ичида 174-ўринга қўйилди.

Transparency International қўллаган методикага кўра, 10 баллга яқин баҳо олган мамлакатда коррупция даражаси энг паст, қуйи нуқта 0 га яқин баҳо олган мамлакатларда коррупция даражаси энг юқоридир

Масалан, Янги Зеландияга ташкилот рўйхатидаги биринчи ўрин берилган ва бу мамлакатдаги коррупция даражаси 9,4 балл билан баҳоланган.

Дания ва Сингапур 9,3 ва 9,2 балл билан “Transparency International” рўйхатидаги иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган.

Ташкилот рўйхатидаги 180та давлатдан фақат 60таси 5 ва ундан ортиқ балл олган холос.

Марказий Осиё республикаларидан Қозоғистон 2,7 балл билан 120, Тожикистон 2,0 балл билан 158, Қирғизистон 1,9 балл билан 162, Туркманистон 1,8 балл билан 168 ва Ўзбекистон 1,7 балл билан 174 ўринни эгаллаган.

“Transparency International” ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Миклош Маршалл Озодлик билан суҳбатда 2009 йилги индексга кўра Ўзбекистоннинг янада рўйхат қуйисига тушганини изоҳлайди:

Миклош Маршалл: Қисқа жавоб, вазият жуда ёмон. “Коррупцияни баҳолаш индекси”нинг бу йилги рўйхатига киритилган 180 давлат ичида Ўзбекистон 174 ўринни эгаллаган. Чад, Ироқ, Судан, Мянмар, Афғонистон ва Сомали эса Ўзбекистондан кейинги ўринларни эгаллаган. Менимча, бу Ўзбекистон халқи учун жуда ёмон ва нохуш хабар. Чунки бу халқаро бизнес жамоатчилиги томонидан ушбу мамлакат коррупция кенг тарқалган, бизнес юритишда катта рискка дуч келиш мумкин бўлган давлат сифатида тан олинганини англатади. Коррупция даражасини акс эттирувчи 10 балли шкалада Ўзбекистон 1,7 балл олган холос.

Озодлик: Ўзбекистонда коррупция қайси соҳаларда энг кўп тарқалган?

Миклош Маршалл: Ўзбекистонда коррупция энг кўп жамоатчилик сектори ва ҳукумат тизимларида кенг тарқалган.

Озодлик: “Коррупцияни баҳолаш индекси”ни тузишда “Transparency International” ташкилоти қандай мезонларга асосланган, қандай манбалардан маълумот тўплаган? Ўзбекистонликлар орасида сўров ўтказилганми?

Миклош Маршалл: Ўзбекистон нисбатан ёпиқ мамлакат бўлгани учун вазиятни чуқур таҳлил қилиш осон эмас. Шу боис биз бошқа ташкилотлар ўтказган тадқиқотлардан фойдаланамиз. Хусусан¸ ҳисобот тайёрлашда Осиё тараққиёт банки, Economic Intelligence Unit, Freedom House каби нуфузли олти ташкилот ўтказган тадқиқотларга асосландик. Бу ташкилотлар ҳаммаси мустақил равишда тадқиқот ўтказган ва биз уларнинг коррупцияга оид қисмидан фойдаландик.

Озодлик: 2009 йилги ҳисоботдан Ўзбекистондаги коррупция даражасининг аввалги йилларга қараганда ёмонлашгани кўриниб турибди. Сизнингча, Ўзбекистондаги коррупция билан боғлиқ вазият келгуси йилларда қандай бўлиши мумкин?

Миклош Маршалл: Марказий Осиёда коррупция билан боғлиқ ҳозирги вазият оғир бўлишига қарамай, мен оптимистман. Менимча, эртами, кечми вазият ўзгаради. Чунки бу катта ресурсларга эга бўлган хорижий сармояларни ўзига жалб этувчи стратегик минтақа. Менимча, бу давлатлар секин аммо бир маромда ташқи дунёга очилади. Яқин келажакда вазият сезиларли яхшиланмаслиги мумкин. Узоқ муддатда минтақа давлатлари жумладан Ўзбекистон, Туркманистон ва бошқа қўшни давлатларда вазият яхшиланади. Чунки уларда бошқа танлов йўқ.

Озодлик: Ўзбекистонда коррупция билан боғлиқ вазиятни яхшилаш учун қандай чоралар кўриш керак¸ деб ўйлайсиз?

Миклош Маршалл: Менимча, иқтисодни модернизация қилиш, сиёсий тизимни очиш керак. Ҳокимиятдагилар, ҳукумат расмийлари қилаётган ишлари учун масъул эканликларини ва бунинг учун жавоб беришлари кераклигини тушунишлари лозим.

Бундан ташқари¸ мамлакатда матбуот эркин бўлиши керак. Бюрократия чекланиши керак. Бизнес муҳити яхшиланиб¸ Ўзбекистонда бизнес юритиш осон бўлиши керак. Битта ёки иккита чорани кўриш орқали коррупция билан боғлиқ вазият яхшиланмайди. Сиёсий ислоҳотлар ва иқтисодий модернизацияни ўз ичига олган яхши мувофиқлаштирилган, ўнлаб чоралар босқичма-босқич амалга оширилсагина вазият ўнгланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG