Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:17

Тумовдан чегарачилар қўрийди


Ўзбекистон 15 ноябрдан бошлаб Қозоғистон билан бўлган чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини ёпди. Бу тадбир чўчқа гриппи Ўзбекистонга кириб келишининг олдини олиш учун қўлланилгани айтилмоқда.

Ўзбекистоннинг Қозоғистонга туташ чегара назорат-ўтказиш пунктлари ёпилганини тошкентлик Бахтиёр ака ҳам тасдиқлайди.

- Тошкентдан Қозоғистонга чиқадиган учта пост ëпилганлигини бугун эшитдим. Бу ëққа фақат телеграммаси борлар¸ фавқулодда ҳодиса бўлсагина, яқин одамларини ўтказар экан. Қолган одамларни ўтказмас экан. "Чўчқа гриппи" дейишаяпти. Бунинг устига ҳозир Тошкентдаги баъзи маҳаллаларда гап юрибди. Юнусободнинг нариги четида мактаб бор. Шу мактабда чўчқа гриппи билан шубҳа қилишган. Мактабда вақтинча ўқишни тўхтатиб қўйишган шекилли¸ дейди Бахтиëр ака.

Тошкент вилоят божхона қўмитасининг ўзини таништирмаган ходимининг айтишича, ўтказиш пунктлари тамоман ёпилгани йўқ. Зарур иш билан бораётган ёки келаётган одамлар икки томонга ҳам ўтказилаяпти.

- Ëпилмаган. Асос билан чиқарилади. Бутунлай ëпилмаган. Асос билан. Телеграмма бўлса¸ таклифнома бўлса¸ таъзия бўлса¸ командировка¸ иш билан борадиган бўлса¸ чиқарилади¸ дейди божхона ходими.

Божхона қўмитаси мулозими сўзларига кўра, чўчқа гриппининг кириб келишини олдини олиш учун чегара-ўтказиш пунктларида карантин эълон қилинган. Бироқ Қозоғистондаги ўзбекистонликлар ёки Ўзбекистондаги қозоғистонликлар бемалол ўз юртларига қайтиши мумкин. Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги айни пайтда мамлакатда чўчқа гриппи билан оғрига беморлар йўқлигини айтмоқда. Бироқ мустақил манбалар мамлакатда ўнлаб фуқаролар чўчқа гриппи билан касалхоналарга ётқизилганини таъкидламоқда.

Ўзбекистоннинг қўшниси Қирғизистонда чўчқа гриппи билан хасталанганлар сони 38 кишига етди. Бу одамларнинг 24 нафари Қозоғистон ва Россиядаги меҳнат муҳожирларидир. Бу ҳақда Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазири Собиржон Абдикаримов журналистларга хабар берди.

Фарғона вилоятининг Қирғизистонга туташ чегара ўтказув пунктлари эса ҳозирча ёпиб қўйилгани йўқ. Бу ҳақда вилоят божхона қўмитасининг ходими айтиб берди.

- Қирғизистон билан пиëда борди-келди бор. Карантин служба қилинган. Одамлар кириб чиқишаяпти.

Озодлик: Бемалолми ëки рухсат билан кириб чиқилаяптими?

- Асосан бу энди вилоят яшовчилари кириб чиқаяпти. Андижон вилоятиники ўша ëқдан ўтади. Биздан фақат Фарғона вилоятиники ўтади. Чегара очиқ. Фуқаролар кириб чиқишаяпти. Очеред бор. Навбат билан ўтказилаяпти¸ дейди Фарғона вилоят божхона қўмитасининг ходими.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология бошқармасининг ўзини таништирмаган ва овозини ёзиб олишимизни истамаган мулозимининг айтишича, шу пайтгача 2000 нафардан ортиқ одам текширувдан ўтказилган, лекин чўчқа гриппи билан хасталанган бемор қайд қилинмаган. Бироқ, бошқарма мулозимига кўра¸ ўткир респиратор касаллиги ОРВ ва мавсумий грипп ўтган йилга нисбатан бир оз кўпайган. "Чўчқа гриппида гумонланиб 9 нафарга яқин бемор касалхонага ётқизилиб, замонавий жиҳозлар ёрдамида текширилди ва улардаги бу касаллик тасдиқланмади", дейди бошқарма мулозими.

Унинг сўзларига кўра, касалликнинг Ўзбекистонга кириб келмаслигига ҳеч ким кафолат беролмайди, чунки қўшниларда чўчқа гриппи қайд қилинмоқда. "Бироқ биз бунга тайёр турибмиз", дейди бошқарма мулозими.
XS
SM
MD
LG