Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 01:31

Косово сайлов натижаларини кутмоқда


Косово Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, сайлов натижаларини эълон қилишдаги кечикиш овоз бериш участкаларидан маълумотларни йиғиш борасида пайдо бўлган техник мураккабликлар билан боғлиқ.
Косово Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, сайлов натижаларини эълон қилишдаги кечикиш овоз бериш участкаларидан маълумотларни йиғиш борасида пайдо бўлган техник мураккабликлар билан боғлиқ.

Косово мустақилликка эришганидан бери ушбу ўлкада ўтказилган илк сайловларнинг дастлабки натижалари ҳали эълон қилинмай туриб, бош вазир Ҳошим Тачи бошчилигидаги Косово Демократик лигаси ўзини ғолиб, деб эълон қилди.

Аммо якшанба куни ўтказилган сайловларнинг расмий натижаларини эълон қилиш кечикмоқда.

Марказий сайлов комиссияси расмийларига кўра, кечикиш овоз бериш участкаларидан маълумотларни йиғиш борасида пайдо бўлган техник мураккабликлар билан боғлиқ.

Сайлов жараёнини кузатган халқаро мутахассислар овоз бериш жиддий нуқсонларсиз, халқаро нормалар доирасида ўтганини билдиришган.

- Овоз беришда фаол қатнашган Косово фуқароларини табриклаш керак. Бўлиб ўтган сайловлар Косоволикларнинг мустақиллик бу қўшимча масъулият эканини англашларини намоён этди, деди Европа парламенти кузатувчилар гуруҳи раҳбари Дорис Пак.

АҚШнинг Косоводаги элчиси Кристофер Делл ҳам якшанба куни ўтказилган сайловларни олқишлади.

- Сайловчилар ва сиёсатчилар жаҳонга мустақил Косово демократия гуркираб яшнайдиган ўлка бўлиши мумкинлигини намоён этишди, деди АҚШ элчиси.

Косовода якшанба куни ўтказилган овоз беришда сайловчиларнинг фаоллиги кутилганидан суст бўлди.

Косово Марказий сайлов комиссияси раиси Несрин Луштанинг билдиришича, Косоводаги овоз беришда сайлаш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 45 фоизи қатнашган.

- Якшанба кунги овоз беришда 709362 сайловчи қатнашди. Бу Косоводаги сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 45.36 фоизини ташкил қилади, деди Несрин Лушта.

Ўлкадаги Озодлик мухбирининг хабар беришича, ўлка шимолида яшовчи серблар Белград чақириқларига бўйсуниб, сайловни бойкот қилган.

Шунга қарамай, Косовонинг марказий ҳудудлари ва жанубдаги анклав ҳудудларда яшовчи серблар овоз беришда қатнашган.

Ўзини Валентин Растич деб танитган Косоволик серб туғилиб ўсган ўлка равнақи учун сайловда қатнашгани ва овоз берганини айтади.
- Биз ўзгаришлар бўлишига умид қилаяпмиз, дейди Растич.

Грацаницалик Стаменко Миленкович эса сайловда қатнашмади.

- Барибир менинг овозим ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Мен авваллари ҳам, Сербия даврида ўтказилган сайловларда ҳам қатнашмас эдим. Чунки ҳокимиятдагиларга ишончим йўқ. Улар бизни фақат сайлов кунлари эслашади. Бошқа пайт халқ уларни эсидан чиқади, дейди Миленкович.
XS
SM
MD
LG