Линклар

Қирғизлар қароқчиликка қарши курашмоқчи


Қирғизистонда сотилаётган CD ва DVD дискларнинг аксарияти контрафакт маҳсулотлар бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистонда сотилаётган CD ва DVD дискларнинг аксарияти контрафакт маҳсулотлар бўлиб ҳисобланади.

Қирғизистонда ноқонуний йўл билан ишлаб чиқарилган ва сотилаётган маҳсулотлар 97 фоизни ташкил қилади. Қирғиз бозорини ўрганган мутахассислар ана шундай хулосага келдилар.

“Қирғизпатент” ташкилоти расмийлари берган маълумотда айтилишича, Қирғизистон бозорларидаги ноқонуний йўл билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар фуқароларга нафақат маънавий, балки моддий ва жисмоний зарар еткизмоқда. Масалан, ана шундай йўл билан ишлаб чиқарилган дори-дармонлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмолчилар саломатлигига катта зиён етказиши мумкин.

- Қирғизистон бозори кичкина, шунга қарамай, ноқонуний йўл билан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар бу бозорнинг 97 фоизини эгаллаб олган. Айрим мутахассислар бундан ҳам каттароқ рақамларни айтмоқдалар.

Айни пайтда Қирғизистонда ноқонуний йўл билан маҳсулот ишлаб чиқаришга қарши кескин курашиш вақти келди. Бу кураш самарали бўлиши учун қонунларимизни мукаммаллаштиришимиз, ижобий натижа бера оладиган механизмни ишлаб чиқишимиз керак. Афсуски, ҳозирча бу механизм бизда шакллантирилмаган, деди “Қирғизпатент” раҳбари ўринбосари Турусбек Қўёналиев.

Қирғизистонлик мутахассисларнинг айримлари ноқонуний маҳсулот ишлаб чиқаришга қарши курашда Ўзбекистон тажрибасини ўрганишни таклиф қилаётирлар. Яқинда Бишкекда бўлиб ўтган “Интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш” масалаларига оид анжуманда Ўзбекистонда ноқонуний маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи ва сотувчи шахсларга минимал ойлик иш ҳақининг 3-5 баробари миқдорида жарима солиниши, бундай фаолият билан иккинчи марта қўлга тушган одам уч йилгача озодликдан маҳрум этилиши ҳақида маълум қилинди. Анжуманда айтилишича, Ўзбекистонда 2009 йил давомида саноат қароқчиларига қарши икки мингта рейд уюштирилиб, 2 миллион долларлик контрафакт маҳсулотлар мусодара этилган.

- Бизда жарималар миқдори жуда кам. Бир ишбилармон контрафакт маҳсулот ишлаб чиқариб сотиш орқали миллион сўмлаб даромад қилмоқда. У қўлга тушиб қолса, арзимаган миқдордаги жаримани тўлаб қўяди-да, яна қароқчиликни давом эттираверади. Шунинг учун ҳам биз қўшни давлатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, парламентга Қирғизистон Жиноят Кодексига янги моддалар киритиб, қароқчиларга қарши жазо чораларини кучайтириш таклифларини киритганмиз, деди “Қирғизпатент” раҳбари ўринбосари Турусбек Қўёналиев.

Қирғизистонлик мутахассислар мамлакатда озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори-дармонлар ҳам ноқонуний йўллар билан ишлаб чиқарилаётгани жуда ташвишли ҳолат эканини айтмоқдалар.

Қирғизистон молия полицияси тарқатган маълумотларда айтилишича, бу маҳсулот турларининг асосий қисми Бишкек шаҳрида ишлаб чиқарилади ҳамда республика бўйлаб тарқатилади.

- Бу маҳсулотларнинг асосий қисми Бишкекда ишлаб чиқарилаётгани, пойтахтда саноат қароқчилигига қарши кўпроқ амалиётлар ўтказиш зарурлигини кўрсатиб турибди. Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда контрафакт дори-дармонлар ишлаб чиқарувчи шахсларга қарши чоралар кўра бошладик, дейди Қирғизистон молия полицияси расмийси Улан Эсенбеков.

Бироқ мустақил кузатувчилар Қирғизистонда саноат қароқчилигига қарши кураш самарали бўлишига шубҳа билдирмоқдалар. Уларнинг айтишларича, бунга мамлакатда авж олган коррупция ва аҳолининг асосий қисми қашшоқ экани тўсқинлик қилади.

Кузатувчиларнинг айтишларича, контрафакт маҳсулотлар арзон бўлгани учун ҳам аҳоли орасида катта талабга эга. Қароқчиликка барҳам бериш учун эса аҳолининг харид салоҳиятини ошириш талаб қилинади.

Бишкекдаги “Сонун музик” ширкати раҳбари Тинчтиқбек Қўжўбеков эса масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратади.

- Бахтга қарши композиторлар, машшоқлар, ашулачилар ўз меҳнатлари учун жон куйдирмайдилар. Жуда кўп санъаткорлар ўз асарларини ёзиб олиш ва тарқатишни саноат қароқчиларига топширадилар. Чунки бу йўл билан санъаткор тезроқ оммалашади, чунки қароқчилик маҳсулотлари жуда арзон. Санъаткорлар ўз асарларини лицензияланган тарзда оммалашувидан манфаатдор эмаслар. Негаки, лицензияланган маҳсулот жуда қиммат ва уни аҳолининг асосий қисми харид қилолмайди. Бунинг устига, лицензияланган маҳсулот учун санъаткорларга жуда кам ҳақ берилади, дейди Тинчтиқбек Қўжўбеков.

Мутахассис фикрича, аудио-видео қароқчиликка барҳам бериш учун энг аввало санъаткорлар манфаатдорлигини ошириш, лицензияланган маҳсулотлар учун тўланадиган ҳақ миқдорини кўпайтириш зарур.

Бироқ “Қирғизпатент” расмийларига кўра, ижодкорлар қалам ҳақини ошириш учун маблағ етишмайди.
XS
SM
MD
LG