Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:09

Ўзбек элчиси "ювош мина"лардан баҳс этди


Тожик расмийлари чегараолди ҳудудларида кўмилган миналар маҳаллий аҳоли учун ҳамон катта хавф манбаи бўлиб қолаётганини таъкидламоқдалар.
Тожик расмийлари чегараолди ҳудудларида кўмилган миналар маҳаллий аҳоли учун ҳамон катта хавф манбаи бўлиб қолаётганини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломов ўзбек-тожик чегараларида пиёдаларга қарши кўмилган миналар ҳеч кимга халақит бермаслигини таъкидлади.

17 ва 18 ноябр кунлари Душанбе шаҳрида миналарни зарарсизлантириш масалаларига бағишлаб ўтказилган минтақавий анжуманда қатнашган Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчиси Шоқосим Шоисломовнинг маълум қилишича, Афғонистондаги вазият барқарорлашмагунига қадар ўзбек чегаралари миналардан тўла тозаланмайди.

Кўп сонли журналистларнинг “Мазкур анжуманда ўзбек-тожик чегараларига кўмилган миналарни зарарсизлантириш масаласи ҳам кун тартибида жой олганми?” саволига жавоб берар экан, ўзбек элчиси чегараларда рўй бераётган фожиаларга сабаб ўлароқ¸ ҳадеб ўзбек миналарини рўкач қилавериш нотўғри эканини айтди.

- Бугунги тадбирнинг ўзбек-тожик чегараларидаги миналарни зарарсизлантиришга умуман алоқаси йўқ. Кўпинча¸ ўзбек-тожик чегараларида бошдан-оёқ кўмилган миналар ва улар туфайли юзага келаётган фожеаларга урғу берилади. Аслида бундай эмас. Чегараларнинг қўриқлаш қийин бўлган ҳудудлари контрабанда, наркотик моддалар, террорчи гуруҳлар ва жангарилар ўтишининг олдини олиш мақсадида ўз вақтида миналаштирилган эди. У миналар ҳеч кимга халақит бермайди, деди ўзбек дипломати.

Шоқосим Шоисломов фикрича, 4 минг метр баландликка фақат чегарани ноқонуний кесиб ўтиш ниятида бўлган кишигина чиқиши мумкин, у ёққа чорва ҳам зўрға чиқади. Шу нуқтаи назардан ҳар гал миналар хавфи кўпроқ ўзбек-тожик чегараларида мавжудлигига урғу бериш инсофдан эмас.

Ўзбек элчисининг бундай баëнотига зид равишда¸ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот маркази раҳбари Давлат Назриев 12 йил аввал ўзбек-тожик чегараларига Ўзбекистон томонидан кўмилган миналардан фақат тинч аҳоли вакиллари зарар кўраётганини таъкидлади.

- Мамлакатимиз шимолидаги ўзбек-тожик чегараларига кўмилган миналардан ҳали бирорта террорчи зарар кўргани йўқ. Аёллар, болалар ва тирикчилик ортидан билмай минани босиб қўйган тинч аҳоли вакиллари, такрор айтаман - фақат тинч аҳоли вакиллари зарар кўрмоқда. Уларнинг кўпи минага учиб ҳаётдан кўз юмди, аксарияти бир умрга мажруҳ бўлиб қолди, деди тожик расмийси.

Ташқи ишлар матбуот маркази раҳбари Душанбеда бўлиб ўтган икки кунлик анжуманнинг асл мақсадига тўхталар экан, “бугунги тадбирнинг асосий мақсади ҳам ўзбек-тожик чегараларига кўмилган миналардан ким қай даражада манфаатдорлигини аниқлаш ва бу муаммога ечим топиш йўлларини қидириш экани”ни маълум қилди.

Тожик расмийсининг билдиришича, Ўзбекистон томони Тожикистоннинг бу йўналишда ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан таклифига ҳалигача ижобий жавоб берганича йўқ.

Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази масъулларининг билдиришича, Ўзбекистон миналар кўмилган ҳудуд харитасини тожиклар ихтиёрига топширмагани боис мазкур идора ўзбек-тожик чегарасида яшовчи аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб боришдан нарига ўта олмаётирлар.

- Тожикистонда минага учиш илк бор ўзбек-тожик чегараси яқинидаги Исфаранинг Офтобрўя қишлоғида қайдга олинган эди. Ўшанда тўртта аёл ҳалок бўлиб, яна уч киши мажруҳ бўлиб қолганди. Сўнгги йилларда аҳоли орасида мина хавфи борасида тушунтириш ишлари олиб бораётганимиз туфайли жорий йилда бу ҳудудда аввалги йилларга нисбатан қурбонлар, зарар кўрганлар сони анча кам, деди Тожикистон миналарни зарарсизлантириш маркази масъули Шаҳринисо Давлатова.

Унинг билдиришича, ўтган шу давр ичида ўзбек миналаридан тахминан 150 тожик фуқароси зарар кўриб, шундан 71 нафари ҳалок бўлган.

Расмий маълумотларга кўра, Тожикистонда миналар хавфи кучли бўлган учта ҳудуд мавжуд. Улардан яна бири Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарадош жанубий ҳудудидир. Миналарни зарарсизлантириш маркази расмийларининг билдиришича, бу ҳудудда Совет армияси Афғонистон тупроғига кирган даврда кўмилган миналар ҳамон сақланиб қолган.

Миналарни зарарсизлантириш маркази раиси Жонмуҳаммад Ражабовнинг маълум қилишича, 1992 йилдан буён Тожикистон ҳудудида тахминан 800 киши миналардан зарар кўрган. Шулардан 350 дан ортиқ киши қурбон бўлган.

Марказ расмийсининг билдиришича, Оттава Конвенциясига биноан Тожикистон 2010 йилнинг 1 апрелига қадар ўз ҳудудини миналардан батамом тозалаши кўзда тутилган.

- Мамлакат ҳудудининг яна 11 миллион квадрат метри миналардан тозаланмай қолганини назарга олган ҳолда, биз бу муҳлатнинг яна 10 йилга узайтирилиши таклифи билан чиққанмиз, деди Жонмуҳаммад Ражабов.

Расмийнинг маълум қилишича, мазкур масаланинг 29 ноябрдан 4 декабргача Колумбияда бўлиб ўтадиган миналарни зарарсизлантириш масаласига бағишланмиш иккинчи ҳисобот конфренциясида кўриб чиқилиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG