Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:26

Бир саволга 5 жавоб - Порахўрлик ўзбекка сут билан кирганми?


Чақалоқ туғилганида суюнчи¸ боғча-мактабга борганида совға¸ ўқишга борганида харажат¸ тўйга тўëна¸ келинга кўрмана¸ дўхтиру гўркову жаноза ўқиганга - хизмат ҳаққи. Бешикдан қабргача қизил ип бўлиб ўтгувчи бу "тортиқ"лар порахўрликнинг асрлар бўйи ўзбеклар маданий-маиший ҳаëтида илдиз отиб улгургани аломатларими?

Жорий ҳафта сешанба куни жаҳон давлатларидаги коррупция вазиятини тадқиқ қилиш билан шуғулланувчи Transparency International ташкилоти 2009 йилги "Порахўрликни баҳолаш индекси"ни эълон қилди.

180 давлатдаги тадбиркор ва сармоядорлар орасида ўтказилган сўров асосида ҳозирланган янги ҳисоботда¸ Ўзбекистон дунëда коррупция энг кенг тарқалган мамлакат деб баҳоланди. Рўйхатнинг охирги ўнлиги - 174 ўриндан жой олган Ўзбекистонда вазиятнинг йилдан-йилга ëмонлашаëтгани айтилган ва дунëда фақат Чад, Ироқ, Судан, Мянмар, Афғонистон ва Сомалидагина коррупция вазияти Ўзбекистондан кўра ëмонроқ деб топилган.

Маркази Берлинда жойлашган Transparency International ташкилоти ўзининг бу хулосасини "Ўзбекистон халқи учун яна бир ëмон хабар" дея тақдим этди ва Озодликка келаëтган шарҳлардан¸ муштарийларимизнинг ҳам бу хулосани айнан шундай қабул қилаëтгани кўринади.

“Ўзбекистонда ҳамма нарса сотилади ва сотиб олинади. Пора олиш учун пора бериш керак! Ким пора бермоқда? Ўзини муслимман деб кўкракка ураëтганлар. Пора олишдан кўра пора таклиф қилишнинг гуноҳи оғирроқ. Порахўрлик ўзбекка сут билан кирган”, деб ëзди ўзини Германиядан Абдуллоҳ Тошкандий деб таништирган муштариймиз.

Коррупцияга оид янги глобал ҳисобот хулосаси¸ айни пайтда¸ айрим ўзбекистонликлар орасида тарқалган "порахўрлик ўзбекка қон билан кириб¸ жон билан чиқадиган иллат" деган қараш¸ "Бир саволга 5 жавоб"нинг навбатдаги саволини белгилаб берди.

Хўш¸ Ўзбекистонда кун сайин урчиб бораëтган порахўрлик мамлакатдаги жорий иқтисодий-ижтимоий вазият ҳосиласими ëки унинг илдизлари ўзбеклар миллий ва диний зеҳниятига бориб тақаладими?

Светлана Ортиқова¸ Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати раҳбари:

Светлана Ортиқова
Сизнинг саволингиз менга авваламбор¸ Ўзбекистон республикаси фуқароси сифатида¸ Ўзбекистон республикаси Бош прокуратурасининг матбуот хизмати раҳбари сифатида¸ қолаверса инсон сифатида¸ ўзбек аëли сифатида ëқмади.

Сабаб¸ ижтимоий-иқтисодий вазият маҳсули деб халқаро ҳамжамият томонидан коррупцияга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияда ҳам коррупциянинг мазмуни ëритилмаган. Чунки ҳар битта давлатда коррупциянинг илдизи¸ коррупциянинг келиб чиқиш сабаб ва шароитлари ўзгача¸ алоҳида ва ўша давлатнинг ривожланишига¸ ўша давлатда яшайдиган аҳолининг уни миллатидан қатъий назар. Қани ер юзида коррупция умуман йўқ давлатни кўрсатингчи? У миллатидан қатъий назар инсон зотига хос ва мос иллат бу. Бу иллатга қарши халқаро ҳамжамият курашаяпти¸ шу қаторда Ўзбекистон ҳам шу конвенцияни ратификация қилган. Ҳақиқатан ҳам бизнинг давлатимизда шу иллат бор. Ўзбекистон шу иллатга қарши курашиш учун тайëр. Унинг учун қанча чора-тадбирлар кўрилаяпти.

Мана иккинчиси¸ ўзбеклар миллий зеҳниятида норма деб қабул қилинган¸ деган гапга ҳам мутлақо қаршиман. Ривожланган давлатга боринг¸ қолоқ давлатга боринг. Яна бир бор сиздан сўраяпман¸ қаерда коррупция йўқ? Бу нафақат ўзбекларга¸ яна бир бор қайтараяпман¸ балки инсон зотига мос ва хос хусусият. Қонун нормаларини ўта туриб ëки бир пора бериб¸ ўзига ижобий ҳаракатларни қилиш ëки қанақадир бюрократ¸ манфаатдор шахснинг ҳаракатини ëки қоғозини сотиб олиш - қаерда унақа жиноятлар йўқ? Ер юзида шунақа жиноятлар бор.

Бу сиз билан бизга ҳам боғлиқ. Мен талабалар ëнига¸ маҳаллага¸ у-бу жойга бориб маърузалар билан қатнашганимда¸ албатта¸ битта савол беришади: "Нима учун бизда порахўрлар кўп?" Ўша коррупциянинг битта илдизи бу пора олиш. Пора берманг. Порахўрларни ўзимиз туғдирамиз. Қонунни бўйлаб ўтиб¸ қонуний нормаларни билмасдан ëки била туриб¸ уларни бузиш ҳолларига ўзимиз йўл-йўриқларни кўрсатамиз. Порани берманг. Порахўрларни туғдирманг¸ ўстирманг. Шундагина порахўрлик бўлмайди. Инсон зоти билимли бўлса¸ дунëқараши кенг бўлса¸ савияси юқори бўлса¸ ҳеч қачон ҳеч кимга пора бермайди ва пора олмайди. Оммавий ахборот воситалари шу нуқтаи-назарни амалга ошириши керак. Нимагаки омма орқали шу иллатга инсоннинг қарашини¸ эътиборини қарата билиш керак. Сиз билан биз эса мана шунақа саволларни тузамиз. Менинг фикримча¸ бу саволни давлатга ва миллатга тегинмасдан умумий тарзда берсак¸ яхши бўларди.

Баҳодир Мусаев¸ Ўзбекистондаги мустақил социолог¸ порахўрлик муаммосига оид қатор тадқиқотлар муаллифи:

Баҳодир Мусаев
Бизнинг давлатимизга хос ва мос бўлган энг кучли носоғлом хусусиятлардан бири¸ коррупцияни жиловлаш механизмининг йўқлигидир¸ деб айтган бўлардим.

Сизнинг саволингизга келсак¸ мен коррупция муаммосининг бундай қўйилишига қўшилмайман. Коррупция – бутун инсониятга хос нарса¸ турли жамиятларда давлат тизимларида ишловчиларни турли йўл ва турли баҳога сотиб олиш мумкин. Коррупция тараққий қилган Европада ҳам бор аммо у ерда¸ биздагидан фарқли¸ бунга қарши курашишади¸ бизда эса¸ коррупция фақат гуллаб бормоқда. Асосий сабаб эса¸ қонунларнинг ишламаслигидир.Ўзбекистонда қонун ишлагудек бўлса¸ бундан ҳайратга тушган бўлардим. Давлат тепасида ўтирган биринчи шахсдан тортиб қолган амалдорларнинг бутун ҳатти-ҳаракатлари фақат қонунни бузиш бўлган мамлакатда қандай қилиб қонун ишлаши мумкин? Давлат тизимига келганлар¸ ҳокиму ҳокимваччалар икки нарсани яхши биладилар. Биринчиси¸ ўз ихтиëрларида беш қўлни баравар оғизга тиқиш учун чекланган вақт борлиги¸ иккинчиси эса¸ олганларининг бир қисмини тепага узатиб турсалар¸ ўзларининг жазосиз қолишларидир.

Вақт-вақти билан¸ коррупцияга қарши кураш баҳонасида амалдорларнинг алмаштирилиши эса¸ фақат кланлар ëки турли иқтисодий тўдалар ўртасидаги зиддият маҳсули¸ холос.

Бизнинг жамиятимизда давлат ва коррупция айни маъно ташийдиган синонимга айланиб улгурган. Шу боис¸ на ҳукумат тепасидагилар ва на халқ қонунга мувофиқ эмас¸ балки худди “зона”даги каби¸ ëзилмаган тушунча-қоидалар бўйича яшамоқда. Давлат тепасидагилар хулқи бутун жамият хулқини ичдан чиритмоқда. Бугун омма бирор ишнинг қонунга мувофиқ¸ порасиз битишига мутлақ ишонмай қўйган. Бир пайтлар¸ коллектив зеҳниятимизга хос энг яхши фазилатлар – бирдамлик¸ раҳмдиллик¸ беғараз ëрдам бериш мужассами бўлган ўзбекчилик тушунчасининг ўзи буткул емирилиб битган. Улар бугун тескари мазмун ташийди ва жамиятда ғараз ва таъма аралашмаган иш қолмади.


Алишер Таксанов¸ собиқ дипломат¸ мустақил журналист ва таҳлилчи:

Алишер Таксанов
Бу ўринда¸ осиëликлар¸ ëхуд шарқий ҳамжамият зеҳниятининг бугунги замонавий дунëда коррупция деб қаралаëтган ва мантиқан давлат тизимининг таркибий қисми бўлмаслиги лозим деб топилган тизимдан анча узоқлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Зотан¸ қадимдан Шарқда¸ бизнинг халқлар орасида амалдорларга тортиқ қилиш пора бериш эмас¸ балки у ëки бу муаммони тезроқ ҳал қилиш учун ҳукуматдорлар рағбатини олиш йўли деб қараб келинган. Лекин айни пайтда¸ биз кейинги тарихимизнинг 70 йилдан ошиқроқ даврини дунëвий тузум¸ социализмда яшаганимизни ва бу тузумда¸ қонунга мувофиқ коррупция жиноят қилиб белгиланганини ҳам унутмаслигимиз лозим.

Бозор иқтисоди муносабатларининг тараққий қилиши демократик бошқарув билан қўшилган ҳолда босқичма-босқич коррупция илдизларини қирқади. Масалан¸ Швейцариянинг бундан 100 йил аввалги тарихига назар ташласангиз¸ унинг Европадаги энг коррупциялашган давлат бўлганига гувоҳ бўласиз. Бугунга келиб эса Швейцарияни постсовет ëхуд Осиë ва Африка давлатларидаги вазиятга солиштирсангиз¸ бу ерда коррупция йўқ ҳисоби.

Шундан келиб чиқиб мен¸ иқтисодий муносабатлар етарлича тараққий қилмаган ва ҳукумат фаолияти устидан назорат йўқ юртларда коррупция гуллаб-яшнайди¸ деган фикрга келдим. Коррупциянинг ўчоғи¸ айнан амалдорлар муҳитида. Айнан давлат амалдорлари сармоянинг эркин ҳаракатланиши йўлига тўсиқ қўядилар¸ айнан амалдорлар иқтисодий механизмларнинг ишлаши йўлини тўсадилар. Бундай вазиятда оддий одамлар¸ ўзи қонун бўйича шундоқ ҳам ҳақлари бўлган ишни битириш учун¸ ана шу тўсиқлардан айланиб ўтиш учун¸ амалдорга пора беришга мажбур бўлади.

Бундай жамиятда¸ порахўрликнинг эркин яшаши ва гуллаши учун психологик муҳит яратилади. Албатта¸ кичикми¸ каттами порахўрлик ҳамма замон ва ҳамма маконларда бўлган ва бўлади ҳам. Аммо порахўрликдан порахўрликнинг фарқи бор. Ўзбекистондаги каби коррупция бу одамларнинг шунчаки кундалик ишини битириши учун бераëтган ва олаëтган майда порахўрлик эмас¸ балки жамият барқарорлигига жиддий таҳдиддир. Бундай иқтисодий ва руҳий муҳитда ҳокимият тепасига келганлар давлат бойликларини қайта тақсимлаб¸ давлат¸ миллатга тегишли бўлган ҳамма нарсани ўзлаштиришга киришадилар¸ пастдагилар ҳам¸ ўзини айни хулқни давом эттиришга маънан ҳақли деб биладилар. Бу эса¸ ижтимоий беқарорликка элтувчи йўлдир.


Обидхон қори Назаров¸Тошкентдаги "Тўхтабойвачча" масжидининг собиқ имоми¸ таниқли уламо:

Обид қори Назаров
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

Порахўрлик Ислом динида қаттиқ қораланишини ҳамма билади. Буни такрорлашга ҳожат йўқдир. “Порани берган ҳам¸ олган ҳам дўзахдадир” деганлар Пайғамбаримиз (с.а.в). Бу иллатнинг илдизи¸ унинг сабаблари қидириладиган бўлса¸ дарҳол оддий халқ томонга буриш¸ оддий одамларни айблаш нотўғри¸ ноинсофлик бўлади. Чунки жамиятдаги ютуқларнинг ҳам¸ иллатларнинг ҳам сабабчиси бошқарувда бўлади. Шунинг учун айни мана шу масалада ҳам шу ишнинг илдизи ëки жавобгарлигининг эгасини қидирсак¸ узоққа бормаслигимиз керак¸ бу 99 фоиз ҳукумат зиммасида бўлади.

Сиëсат¸ тарбия қандай ҳолатда ҳозир? Таълим-тарбия¸ маънавият қайси томонга қараб кетаяпти? Шунинг натижаси. Бу ерда Ўзбекистоннинг мусулмон ўлкаси эканлигининг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. “Мусулмонликда қораланади бу. Аҳолининг 80-90 фоизи мусулмон бўлган Ўзбекистонда нима учун бу ривожланиб кетиши керак? Мусулмонликнинг эътибори қани?” деб айтадиган саволнинг ўзи мантиқсиз. Чунки ҳозир аҳвол маълум Ўзбекистонда. Қонун тизимлари ишдан чиққан¸ муқобил қоидалар ишламайди. Масалан¸ диний қонун-қоидалар¸ исломий тартиб-қоидалар одамларнинг маиший ҳаëтида давом этаяпти. Никоҳ¸ талоқ ва ҳоказо масалалар доимо амалда бўлиб келган. Порахўрлик оиланинг ичидаги муносабат эмас. У оила остонасидан ташқарида юз беради ва бу ўз-ўзидан давлат қонунларининг ичига кириб кетади. Бу ерда муқобил қоидага¸ яъни исломий қоидага ўрин йўқ. Бу исломий қоидалар¸ урф-одатлар ҳатто жиноят саналиб турган пайтда натижа мана шундан бошқача бўлиши мумкин эмас. Мусулмонлик десак¸ қамоқда¸ қийноқ остида экан биз мусулмонликдан бу ўринда нажот кутишимиз ўринсиз¸ мантиқсиз. Мусулмонликни дарахт деб билсак¸ ундан ҳозир мева кутсак бу бўлмайди. Чунки бу дарахтнинг илдизлари қирқилмоқда¸ суви тўхтатиб қўйилди аввало. Дарахтнинг тарбияси¸ парвариши қилинаëтгани йўқда¸ эсимизга келганда ëки зарур бўлганда бундан мева кутиб “Нимага бу дарахт мева бермаяпти?” дейишимиз мантиқсиз бўлиб қолади.

Ўша ҳисоботда жамоатчилик тизимида тарқалган ëки ҳукумат органларида тарқалган деган ибора билан икки қисмга бўлинган¸ десак бўлади. Бу ўринда мен шахсан ўша ҳисоботни тайëрлаганларга бир таклиф қилмоқчи эдим. Улар бу ишларини яхши қилишган. Мана шу ишни давом эттириш керак¸ такомиллаштириш керак. Ўзбекистондаги коррупция жадвалини тузишса ҳам яхши бўларди. Унда ҳукумат амалдорлари орасида айланаëтган пулларни¸ ҳаракат троекторияси деймизку¸ ўшандай бир тасвири туғилиши керак ëки маблағ миқдорлари кўрсатилиши керак. Шу билан бир қаторда жамоатчилик тизимида айланаëтган пора¸ пулларнинг миқдори кўрсатилиши керак. Бу ҳаққоний вазиятни яққол намоëн қилади ва бу ерда катта нарсалар кўринади.

Агар амалдорлар ўртасида айланаëтган пора-пулларнинг картаси чизилса¸ оддий халқ ўртасида айланаëтган поралар чизилса¸ ер билан осмонча фарқ бўлса керак. Бу ëқда миллиард-миллиард долларлар¸ бу ëқда жуда ҳам оз қисми кўринса керак. Менинг назаримда¸ ҳукумат сиëсатни ўзгартирса¸ бу нарсалар ўзгаради. Баъзиларнинг “Бир авлод яшаб ўтиши керак” деб айтадиган гаплари нотўғри. Бу халқни камситиш бўлади¸ ҳозирги одамларни ерга уриш бўлади. Мана 70 йил совет даври нималар қилмади. Ўзи тўрт йил эркинлик бўлди. Икки йил Горбачëв даврида¸ икки йил мустақилликдан кейин эркинлик бўлди. Мана шу қисқа давр ичида жуда ҳам катта ўзгаришлар амалга ошди¸ юз берди¸ алҳамдилуллоҳ. Агар давлат ҳукуматни ўзгартирмаган тақдирда ҳам ўзининг фикрини¸ ниятларини ўзгартирса¸ яъни сиëсатда кескин бурилиш қилиш керак. Аввало сиëсатда ўзгариш бўлиши керак. Подшо қаëққа қараб бошласа¸ халқнинг каттакон қисми ўша ëққа юради. Шунинг учун одамлардан хафа бўлишга ўрин йўқ. Тўғри бир фоизга мумкиндир. 99 фоизга эса қилаëтган ишни қилаëтганларнинг бўйнида бўлади.


Миклош Маршалл
¸ дунë бўйлаб коррупцияга қарши курашувчи Transparency International ташкилотининг Марказий Осиë бўйича директори:

Миклош Маршалл
Мен бу саволингизга дангал жавоб бераман. Бизнинг ишончимизга кўра¸ коррупция бу давлат тизимларининг инқирозга юз тутишидан туғиладиган ҳосиладир. Шу боис мен¸ Ўзбекистондаги каби коррупциянинг авж олиши учун айбнинг 90 фоизини тузум зиммасига юклаган бўлардим. Зотан¸ одамлар айнан мамлакатда ўрнатилган тузум кучи билан порахўрликка маҳкум қилинмоқда.

Бугун ўзбекистонликлар олдида пора олиш-олмаслик ëхуд пора бериш-бермаслик деган танлов йўқ – уларнинг деярли бари пора бериш ва олишга мажбур. Ўзбекистон каби мамлакатларда давлат ва жамоатчилик маъмурияти асл функциясини бажармай қўйган¸ полиция жамоат тартибини қўриқлаш ўрнига унинг ўзи жамоатчилик учун таҳдид манбаига айланган. Қисқача айтганда¸ Ўзбекистонда давлат тизимлари барбод бўлган. Бундай вазиятда эса¸ одамлар ўз ишларини битириш учун қонун эмас¸ унга муқобил бўлган йўллардан фойдаланишга мажбур қилинмоқда. Ишни битиришнинг энг осон¸ айни пайтда энг нопок йўли эса¸ пора беришдир. Шу боис мен ҳеч иккиланмай¸ давлат¸ жамоат сектори ўз ишини қилмай қўйган жойда порахўрлик гуллаб-яшнайди¸ дея оламан.

Энди саволнинг иккинчи қисмига ўтсам – албатта¸ давлат тизимлари узоқ давр мобайнида ишламаса¸ инқироз бир марталик эмас¸ балки сурункали табиат касб этса¸ бу ўзига хос маънавий муҳит яратмай қолмайди. Бундай муҳитда¸ одамлар пора беришга ҳам¸ пора олишга ҳам ўрганиб қоладилар¸ бу жиноят улар кундалик турмушининг нормал қисмига айланади. Бутун бошли авлодлар¸ ўз ишини битиришнинг порасиз йўли ҳам бўлиши мумкинлигини¸ давлат дегани ўзлари учун хизмат қилиши лозим тизимлар мажмуи эканини мутлақ унутиб қўядилар ва порахўрлик кўникмага айланади. Бу кўникма зеҳниятнинг¸ маданиятнинг бир қисмига айланади.

Шундай бўлса-да¸ мен Ўзбекистон каби давлатларда кенг тарқалган порахўрлик учун оддий одамларни эмас¸ балки уларни шунга зўрлаëтган тузумни айблаш керак¸ деган ишончдаман.

Азиз муштарий!

Сиз нима дейсиз:

Ўзбекистонда кун сайин урчиб бораëтган порахўрлик мамлакатдаги жорий иқтисодий-ижтимоий вазият ҳосиласими ëки унинг илдизлари ўзбеклар миллий ва диний зеҳниятига бориб тақаладими?
XS
SM
MD
LG