Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:41

"Обменникнинг ўз эгалари бор"


Шу кунда Ўзбекистонда 1000 АҚШ доллари олмоқчи бўлган одам қора бозор саррофларига 2 миллион сўмни қуртдай санаб беришдан бошқа чораси йўқ.
Шу кунда Ўзбекистонда 1000 АҚШ доллари олмоқчи бўлган одам қора бозор саррофларига 2 миллион сўмни қуртдай санаб беришдан бошқа чораси йўқ.

Ўзбекистон қора бозорида АҚШ доллари курси 2000 сўмдан ошди. Марказий банк шу кунда АҚШ долларини 1506 сўмдан баҳолаётган эса-да, оддий ўзбекистонликлар долларни бу баҳода сотиб олиш деярли имконсизлигини айтмоқдалар.

Жаҳон бозорида АҚШ доллари кундан-кунга заифлашиб бораётганига қарамасдан, унинг Ўзбекистонда қимматлашиб бораётгани турлича изоҳланмоқда. Кимдир бунга яқинлашаётган Ҳаж мавсумини сабаб ўлароқ кўрсатаётган бўлса, яна кимдир буни хорижда меҳнат қилаётган ўзбек мардикорлари юбораётган пулларнинг миқдори камайгани билан боғламоқда.

***

Озодлик: Алло¸ ассалому алайкум.

- Да.

Озодлик: Яхшимисиз?

- Раҳмат.

Озодлик: Қанақа бўлаяпти бугун курс?

- 2000 сотаяпмиз.

Озодлик: Сотиб олиш қанақа бўлаяпти?

- 1980.

Озодлик: Нимага бунақа бирданига кўтарилиб кетди?

- Билмадим.

Озодлик: Бу Ҳаж билан боғлиқми?

- Ҳа¸ шунақа.

Бу суҳбатдошимиз Тошкент бозорларидан бирида пулни-пулга “уриштириб” кун кўрадиган “мутахассис”. Маълум сабабларга кўра, у кишининг исмини ошкор қила олмаймиз.

Ўзбекистон расмий молия идораларидан бирининг мутасаддисига кўра, шу кунда бир АҚШ долларининг расмий баҳоси 1506 сўм. Биз билан микрофонсиз суҳбатлашишга рози бўлган амалдор қора бозордаги "ҳамкасб"ининг доллар қимматлашишишга Ҳаж мавсуми сабаб бўлаётганига оид фикрига қўшилмайди.

Унинг айтишича, долларнинг қимматлашишига хорижда меҳнат қилаётган миллионлаб ўзбек мардикорлари яқинларига юбораётган пул миқдорининг кескин камайиб кетгани сабаб бўлмоқда.

“Жорий йилда меҳнат муҳожирлари юбораётган пул миқдори 30-35 фоизга камайиб кетди, айни пайтда долларга бўлган талаб ошмоқда ва шу сабабдан унинг қора бозордаги нархи ҳам қимматлашаяпти”, дер экан суҳбатдошимиз жорий йилда Марказий банк сотувга чиқарган валюта миқдори ошганини ҳам қўшимча қилди.

Хўш, Марказий банк айланмадаги валюта миқдорини ошираётган бўлса, нега қора бозорда савдо авжида?

Долларини сўмга айлантирмоқчи бўлган одам учун пулни 1500 сўмдан алмаштиргандан кўра 2000 дан алиштириш маъқулроқ, албатта.
Лекин сўмини долларга алиштирмоқчи бўлганлар учун 2000 сўмдан кўра 1500 дан сотиб олиш фойдалироқ-ку?

Фарғоналик тадбиркор Акмалжоннинг айтишича, бугун Ўзбекистонда валюта айирбошлаш шаҳобчаларида доллар сотиб олишнинг имкони бўлмагани учун оддий ўзбекистонликлар қора бозорга мурожаат қилишга мажбур.

Акмалжон: Бизда давлат курси бошқа¸ қора бозор бошқа-ку.

Озодлик: Нимага одамлар давлат курсида олишмайди?

Акмалжон: Чунки давлат банкида етарли пул бўлмайди. Шунинг ҳисобига олиша олмайди.

Озодлик: Айтайлик¸ сизга 5000 доллар керак бўлиб қолди...

Акмалжон:
Гапнинг очиғи, қора бозордан оламиз. Бозор нархида клиентлардан сўм қабул қилиб оламиз.

Озодлик: Нимага обменникка бормайсиз?

Акмалжон: Обменникда нима қиласиз? Ëпиб юборган-ку.

Озодлик: "Сен обменниксан¸ бер" деб талаб қилмайсизми?

- "Бер" деб мен ўзим талаб қилганим билан менинг айтганимни қилмайди-ку, дейди Акмалжон.

Исми сир тутилишини истаган молия идораси ходими "Нега валюта айирбошлаш шаҳобчаларидан доллар сотиб олиш имкони йўқ?" деган саволимизга, “Чунки ҳар бир “обменникда” ўзининг одами бор”, дея жавоб қайтарди.

Энг қизиғи, ўзбек расмийси билан унинг қора бозордаги "ҳамкасб"ининг бу саволга берган жавоби бир хил бўлди.

Озодлик: Обменникларда бераяптими?

- Йўқ¸ сиз ололмайсиз ундан.

Озодлик: Нимага?

- Ўзининг одамлари бор.

Озодлик: Кимлар улар ўзининг одамлари?

- Ўзининг одамлари, хотинлар борда. Улар қўйишмайди.

Озодлик: Обменникда 1500 сўм-а?

- Ҳа.

Озодлик: Сизларга ҳам бермайдими?

-Йўқ¸ бизлар ололмаймиз, дейди қора бозор вакилларидан бири.

Ўзбекистон молия идорасининг расмийсидан: "Камина доллар сотиб олгани расмий валюта айирбошлаш шаҳобчасига борса, нима бўлади?" деб сўрадик. Суҳбатдошимиз маъноли сукут сақлаб, бу саволни жавобсиз қолдирди.

Тошкент қора бозорида пулни пулга уриштирадиган “мутахассис"лардан яна бири эса, каминанинг саволига жавобан мана бу маслаҳатни берди.

- Брат, бундай-да. Обменникка сиз бундай катта сумма билан бориб ўтирманг. Подстава қилиб кетади. Обменникка яқинлашманг. Обменникнинг ўз эгалари бор. Сиз билан мен у ерга бориб бурун тиқа олмаймиз.

Озодлик: Ким унинг эгалари? Ўшалар билан гаплашсак бўлмайдими?

- Ўша бозорнинг уголовниги¸ СНБси. У ерга сиз билан мен бориб бурун тиқа олмаймиз.

Озодлик: Менга 20 минг керак. Ҳеч бўлмаса, 1800 дан қилиб берганларингда яхши бўларди.

- (кулиб) 1800?

Озодлик: Ҳа.

- 1980 сўмдан олаяпмиз, ака.

Озодлик: Ҳеч иложи йўғ-а?

- Ўзи 98 дан олаяпмиз, ака. Қандай иложи бўлиши мумкин?

Озодлик: Айтмоқчи бўлганим - обменникларда таниш-билишлар бўлса...

- Унақа қилиб ўтирманг, ака. Обменникка осилиб ўтирманг.

Озодлик: "20 минг оламан" деб обменникка борсам¸ нима бўлади? Олиб кетишадими мени?

- Брат¸ обменникда ишлайдиган битта-яримтасини танийсизми-йўқми?

Озодлик: Йўқ¸ танимайман ҳеч кимни.

- Биринчидан¸ калтак ейсиз. Иккинчидан¸ пулингиздан ҳам айрилиб қоласиз.
XS
SM
MD
LG