Линклар

Ўзбекистонда давлат бюджети тасарруфидаги ташкилотлар бошқарув персонали 15 фоизга қисқартирилади. Ўзметроном сайти хабарига қараганда, бу ҳақдаги фармойишни куни кеча Ўзбекистон президенти имзолаган.

Шуни айтиш керакки, тилга олинган ҳужжат тўғрисидаги хабарни тасдиқловчи хабар на президент матбуот хизмати сайтида, на ЎзА ахборот агентлиги сайтида бор.

Лекин бундай нохуш хабарларни Ўзбекистон ҳукумати, одатда, эълон қилавермаслиги, бошқарув аппаратида қисқартиришлар иқтисодий инқироз туфайли постсовет давлатларининг деярли барчасида амалга оширилаётгани назарда тутилса, Ўзметроном хабари асоссиз эмаслигига ишониш мумкин.

Бу борада фикр олиш учун ўзбекистонлик мустақил журналист Шароф ака Убайдуллаевни суҳбатга тортдик. У мустақилликнинг дастлабки 2 йилида Ўзбекистон президенти девонида хизмат қилган ва кадрлар сиёсати билан боғлиқ масалалар шуғулланган.

Шароф ака билан суҳбатимиз энг янги тарихдан - мустақиллик арафасидаги гаплардан бошланди.

Шароф Убайдуллаев: Совет даврининг ҳам энг катта шиорларидан биттаси деярли ҳар йили кадрларимизнинг беқиëс семириб кетаëтганлиги¸ штатлари кенгайиб кетаëтганлиги ҳақида жуда кўп бонг уриб туриларди. Мисол учун, бир рақам эсимда. "Иттифоқ миқëсида 18 миллион одам ишламасдан тишлайди" деган гап бор эди. Ўтган коммунистик жамиятдан кўп нарсалар қатори мана шу ишламай тишлайдиганларнинг штатини ҳам мерос қилиб олганмиз. Илгари райкомпартия деган идорада 20-30 та штат бўларди. Катта районларда 30 та¸ кичик районларда 20 та. Ҳозир ҳокимият структурасининг умуман санаб адоғига етиб бўлмайди. Уй-жойдан фойдаланиш ҳам¸ иморатни сотиш ҳам¸ ерни ўлчайдиган ҳам¸ кўчада турадиган даллоли ҳам бир чеккаси бориб ҳокимият штатига тақалиб ëтибди.

Озодлик: Райком бор пайтда ижроқўм ҳам бор эди. Балки ўша ижроқўмнинг штати билан райкомнинг штатини қўшиб ҳисобласак¸ ҳозирги ҳокимликларнинг штатига тўғри келиб қолар? Ëки барибир ҳокимликларники кўпми ҳозир?

Шароф Убайдуллаев: Мен буни оз-моз хабардор бўлганим учун айтаман. Бевосита ҳокимиятнинг штати чексиз даражада кенгайиб кетган. Исполком ўрнидаги функцияси эса уларнинг ҳаммаси ўз жойида турибди. Ҳокимиятнинг бошқарув аппарати жуда кенгайиб кетган. Мен янаям конкретроқ айтай. Бу нарса юқорининг ўзида ҳам жуда кенгайиб кетган. Илгариги министрлар советини оладиган бўлсак¸ у бинода илгари учта катта ташкилот функция юритарди. Эски Қизил майдондаги ўша бинода министрлар совети турарди¸ Олий совет президиуми турарди¸ Госплан турарди. Ҳозир битта бош вазирликнинг ўзи. Унинг ҳам айрим бошқарув аппаратлари сиғмайди¸ деб гапиришади.

Озодлик: Иккаламизнинг суҳбатимизни эшитиб турган тингловчида “Нима учун?” деган савол туғилиши табиий. Балки шунга зарурат бордир?

- Менинг назаримда¸ бошқарув аппаратига бўлган эҳтиëж доимо пастда эмас¸ тепада пайдо бўлади. Порага ўхшаган-да. Пора ҳеч қачон тепадан пастга тушмайди¸ пастдан тепага чиқади. Ўшанга ўхшаб бошқариш иштиëқи тепада туғилиб¸ тепада ҳал бўлади. Ҳозир олий мақомдаги айрим идораларимизга “Ҳей¸ нима қилаяпсан?” дейдиган ташкилот йўқ. "Қаëққа қараяпсан?" дейдиган ҳам ташкилот йўқ¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Суҳбат давомида кекса журналист Шароф ака Убайдуллаев матбуотга раҳбарлик қиладиган кадрлар кейинги йилларда беқиёс кўпайиб кетганига эътиборимизни қаратди.

- 70-йиллар¸ 80-йиллар марказий комитет идеология бўлимида ишлаганимизда¸ ҳозир 5000 чиқаëтган "Ўзбекистон овози" ўрнидаги "Қизил Ўзбекистон" 900 минг чиқарди. Ҳозирги "Тошкент оқшоми" газетаси "Вечерний Ташкент" билан 540 минг чиқарди. Ҳозир булар 5000-3000 чиқаяпти. Мен нима демоқчиман? Ҳар газетанинг чиқаëтган сонига тескари пропорционал бугун президент аппаратида матбуот раҳбарлари ўтирибди. Бир пайтлар ҳатто матбуот маркази тузилди. Унда 30-40 одам ишлади. Чиқаëтган газета 100 марталаб¸ 1000 марталаб қисқариб кетаяпти¸ аппарат 10 марталаб¸ 1000 марталаб кенгайиб кетаяпти. "Газеталар мустақил" деймиз¸ "цензурани олиб ташладик" деймиз¸ шунга муносиб бўлишимиз учун буларни қисқартириб ташласак бўлмайдими? Редакторларнинг ўзлари хушëр одамлар-ку. Балки ўта хушëр. Уларнинг ҳаммаси аппаратдан чиққан одамлар. Энди уларнинг юқорисига иккинчи қатор одамларни қўйишимиз кулгидан бошқа нарса эмас¸ дейди Шароф Убайдуллаев.

Шароф ака Убайдуллаев билан суҳбатимиз бугунги кун кадрлари сонидан сифатига - уларнинг савиясига кўчди. Суҳбатдошим яқинда Озодлик ҳикоя қилган Жиззахдаги бир воқеа қаҳрамони Ўктам Турсуновни эслаб қолди.

Вазирлар маҳкамасининг Жиззах вилоятидаги махсус вакили Ўктам Турсунов маҳаллий фермерлардан бирини ўзига гўр қазишга мажбурлагани тўғрисида жиззахликларнинг ўзлари айтиб берган эди.

Шароф ака Турсуновни шахсан танир экан.

- Мен шу йигитни жуда яхши танир эдим. 90-йиллар бошида бу Мирзо Улуғбек ҳокимиятида ишлар эди. Ўзи кичкинагина. Менимча¸ ë Қашқадарëдан ë Сурхондарëдан. Қандайдир бир ишончга кирган¸ чаққон¸ хушфеъл. Мен кўрганман. Бир қанча жиззахлик ҳамшаҳарлар билан ҳам боғландим. Бу йигитнинг бу қилган ишлари ҳолва экан-ку. Бу йигит 15 йилдан бери жиззахликларни террор қилар экан. Одамларни мажлисларда каратэ қилар эмиш. Мана кадр. Ўктам Мингбоевич ҳам бугунги замоннинг кадри. Мана бугунги кадрларнинг савиясини кўрсатадиган¸ маркасини белгилайдиган бир тимсол бу киши. Республика бош вазирлиги идорасининг атрофида ҳануз айланиб юрибди. Ҳали ҳеч ким мушугини пишт дегани йўқ¸ дейди ўзбекистонлик кекса журналист Шароф ака Убайдуллаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG