Линклар

ҲРУ Ҳамроевнинг қўйиб юборилишини сўрамоқда


Баҳром Ҳамроев Қирғизистонга 10 ноябр куни бу мамлакат жанубида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини ўрганиш мақсадида келган эди.

Баҳром Ҳамроев Қирғизистонга 10 ноябр куни бу мамлакат жанубида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини ўрганиш мақсадида келган эди.

Ҳюман Райтс Уотч халқаро ташкилоти қирғиз расмийларини ҳибсга олинмиш ҳуқуқ фаоллари Баҳром Ҳамроев ва Иззатулло Раҳматуллаевни зудлик билан қўйиб юборишга чақирди.

Россиялик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев чоршанба куни кечқурун Ўшда ҳибсга олингани ҳақида “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази хабар тарқатган эди.

Ташкилотнинг Марказий Осиё дастури раҳбари Виталий Пономаревнинг айтишича, у билан бирга Иззатилла Раҳматуллаев ҳам Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик хизматининг Ўш вилоят бошқармасига олиб кетилган.

- Ўшдаги ҳамкасбларимиздан бири билан боғландик. Шу ҳамкасбимиз Баҳром Ҳамроев ва ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Раҳматуллаев кеч соат тўққизда ҳам МХХ идорасида ушлаб турилганини тасдиқлади. Шунингдек, Иззатулло
Раҳматуллаевнинг уйида тинтув ҳам ўтказилган. Бу ҳақда унинг уйидагилардан маълумот олинди, деди Пономарев.

Россиялик ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев ҳибсга олинган пайтда Озодлик мухбири Шерзод Юсуф уни ёнида бўлган.

- Иккаламиз бир жойда учрашиб ўтирган эдик, орқамиздан милиционерлар келди. Бир милиционер уни ушлаб тортиб кетди, мени бошқаси тортиб кетди. Мени Ўш шаҳар ички ишлар бошқармасига олиб боришди. Баҳром акани тортиб кетган мелиса орқамдан келди. Ундан: “Шеригим қани?” деб сўрасам, “шеригингни қўйиб юбордик”, деди. Баҳром акага телефон қилсам телефонини олмаяпти. Йўқ у киши, деб айтган эди Шерзод Юсуф 18 ноябр оқшомида.

Айни пайтда Қирғизистон давлат миллий хавфсизлик хизматининг ўзини таништирмаган расмийси Баҳром Ҳамроев ва Иззатулло Раҳматуллаевларнинг қўлга олинганларини тасдиқлади, бироқ бу борада маълумот беришдан бош тортди.

Баҳром Ҳамроев Қирғизистонга 10 ноябр куни бу мамлакат жанубида инсон ҳуқуқлари бузилиши ҳолларини ўрганиш мақсадида келган эди.

Ўш вилоятининг Новқат туманида ўтган йилнинг октябр ойида бўлиб ўтган норозилик акциясида қатнашган ва кейинчалик экстремизмда айбланиб ҳибс этилганларнинг яқинлари билан суҳбатлар олиб боришар экан, Баҳром Ҳамроев ва Иззатулло Раҳматуллаев хавфсизлик идораларининг доимий кузатувида бўлганлар.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти вакилларига кўра, 13 ноябр куни хавфсизлик ходимларидан бири улардан Новқатни зудлик билан тарк этишни сўраган. Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти тадқиқотчиси Андреа Берг икки ҳуқуқ ҳимоячисининг қўлга олиниши уларнинг касбий фаолияти билан боғлиқ эканини айтади.

Ҳамроев Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази аъзоси ҳамда Марказий Осиё сиёсий муҳожирлари жамияти раҳбаридир. Сўнгги йилларда у марказий осиёлик меҳнат муҳожирлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан ҳам шуғулланиб келаётган эди.

Олинган сўнгги маълумотларга кўра, ўшлик ҳуқуқ фаоли Иззатулло Раҳматуллаев қўйиб юборилган, Баҳром Ҳамроев эса ҳамон Миллий хавфсизлик хизмати Ўш вилоят бошқармасида ушлаб турилибди. Ҳуқуқ ҳимоячисига қандай айблов қўйилаётгани ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
XS
SM
MD
LG