Линклар

Карзай қасамёдга келтирилди

  • Ҳасанжон

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга Қуръони Каримни ўпиб қасамёд қилди.

Афғонистон президенти Ҳамид Карзай ўз вазифасини сидқидилдан бажаришга Қуръони Каримни ўпиб қасамёд қилди.

Афғонистон пойтахти Кобулда 19 ноябр куни Ҳамид Карзайни қасамёдга келтириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур маросимда 800 дан зиёд киши иштирок этди.

Инаугурация маросимида афғонистонликлардан ташқари юздан зиёд чет эллик юқори мартабали меҳмонлар қатнашдилар. Покистон президенти Осиф Али Зардорий, АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Буюк Британия, Германия, Франция ва Россия ташқи ишлар вазирлари шулар жумласидандир.

Маросимда сўзлаган Ҳамид Карзай коррупцияга алоқадор ҳукумат расмийлари таъқиб қилиниши ва бундан буён Афғонистонда жиноят содир этган шахслар жазосиз қолмаслигига ваъда берди.

- Мен қудрати улуғ, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан муқаддас Ислом дини арконларига риоя қилишни рағбатлантиришга ва уни ҳимоя қилишга, Конституция ва бошқа барча қонунларга риоя қилишга, уларнинг бажарилишини назорат қилишга қасамёд қиламан, деди Ҳамид Карзай.

Қасамёд маросими тугаганидан сўнг чиқиш қилган Карзай келаси беш йил давомида ислоҳотлар ўтказиш, Афғонистон кучлари хавфсизликни таъминлаши ва мамлакат назоратини тўлиқ ўз назоратига олиши учун янги ҳукумат бор имкониятни ишга солишини урғулади.

- Биз мамлакатда ижтимоий, юридик ва маъмурий ислоҳотлар ўтказишга ҳаракат қиламиз. Президент бўлиш оғир вазифа. Аммо биз ўз вазифамизни сидқидилдан, ҳалол бажаришга ҳаракат қиламиз, деди Афғонистон президенти Ҳамид Карзай.

Ўтган саккиз йил давомида йўл қўйилган хатолик ва камчиликлардан хулоса чиқариш кераклигини таъкидлаган Ҳамид Карзай Афғонистонда “халқаро терроризм муаммоси” ҳал этилишига ишонишини айтди.

Яна беш йил Афғонистондаги энг олий лавозимни эгаллайдиган Ҳамид Карзай дастлаб 2004 йилнинг октябрида мамлакат президенти этиб сайланганди. Ўшанда у сайловчиларнинг 55% овозини олишга муваффақ бўлганди.

Ҳамид Карзай жорий йилнинг 2 ноябр куни ҳам президентлик сайлови ғолиби деб эълон қилинди. Бунга қайта сайловларда президент Карзай билан беллашиши кутилган рақиби доктор Абдуллоҳ Абдуллоҳнинг сайлов жараёнида иштирок этмаслик қарори сабаб бўлди.

Мамлакат собиқ ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳ ўз қарорини биринчи давра сайловларида кузатилган сохтакорликларнинг яна такрорланиши мумкинлиги билан изоҳлаган.

Айни пайтда иккинчи марта Афғонистон президенти этиб сайланган Ҳамид Карзай бугун ўз сиёсий рақиблари билан ҳамкорлик қилиш ниятидан воз кечмаганини яна бир марта қайд этди.

- Мен президентликка номзод барча биродарларни мамлакатда яхшироқ келажак қуриш учун биз билан бирга ишлашга яна бир бор таклиф қиламан, деди Ҳамид Карзай.

XS
SM
MD
LG