Линклар

Карзай қасамёдга келтирилди


Иккинчи муддатга Афғонистон президенти этиб сайланган Ҳамид Карзай 19 ноябр куни Кобулда қасамёдга келтирилди.

Ушбу маросимда Афғонистон ҳукумати расмийлари, маҳаллий қабила етакчилари, юздан зиёд чет эллик юқори мартабали меҳмонлар, жумладан, Покистон президенти Осиф Али Зардорий, АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтон, Буюк Британия, Германия, Франция ва Россия Ташқи ишлар вазирлари иштирок этдилар.

Ҳамид Карзай қасамёд чоғида коррупцияга алоқадор ҳукумат расмийлари таъқиб қилиниши ва бундан буён Афғонистонда жиноят содир этган шахсларнинг жазосиз қолмаслигига ваъда берди.

- Мен қудрати улуғ, меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан муқаддас Ислом дини арконларига риоя қилишни рағбатлантириш ва уни ҳимоя қилишга, Конституция ва бошқа барча қонунларга риоя қилишга, уларнинг бажарилишини назорат қилишга қасамёд қиламан, деди Ҳамид Карзай.

Ўтмишда қилган хатоларини қайтармасликка ваъда берган Ҳамид Карзай президент сайловидаги асосий рақиби собиқ Ташқи ишлар вазири Абдуллоҳ Абдуллоҳни миллат равнақи учун биргаликда ишлашга чақирди.

Абдуллоҳ Абдуллоҳ сайловнинг иккинчи босқичида иштирок этишдан бош тортгандан сўнг Ҳамид Карзай 2 ноябр куни мамлакатнинг қонуний сайланган президенти этиб эълон қилинди.
XS
SM
MD
LG