Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:01

Новқатлик диндорлар ҳижратни афзал кўрмоқда


Қирғизистонлик диндорлар ўтган йилнинг 1 октябрида Новқат шаҳрида содир бўлган тартибсизликлардан кейин ўзларига нисбатан тазйиқ ва таъқиблар кучайганини таъкидламоқдалар.
Қирғизистонлик диндорлар ўтган йилнинг 1 октябрида Новқат шаҳрида содир бўлган тартибсизликлардан кейин ўзларига нисбатан тазйиқ ва таъқиблар кучайганини таъкидламоқдалар.

Қирғизистонда диний эътиқоди учун таъқиб қилиниши оқибатида мамлакатдан чиқиб кетиб¸ хориждан бошпана сўраётган мусулмонлар сони тобора кўпайиб бораяпти.

Хориждан бошпана сўраётган диндорларнинг асосий қисми Ўш вилоятининг Новқат туманидан экани айтилмоқда.

2008 йилнинг октябр ойида Қирғизистон жанубидаги Новқат шаҳрида тартибсизликлар содир этилган ва ҳуқуқ-тартибот тузилмалари бу тартибсизликларда “Ҳизбут-Таҳрир” партиясини айблаган, тартибсизликлар фаоллари саналган 30 дан диндор узоқ йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилгандилар.

Хориж давлатларидан бирида бошпана излаётган новқатликларнинг айтишларича, диндорларга нисбатан таъқиблар тартибсизлик иштирокчиларига нисбатан суд жараёни якунлангач кучайган.

Уларнинг айтишларича, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларини тартибсизлик иштирокчилари сифатида айбланган 32 диндорнинг бирортаси ҳам судда оқланмагани ва узоқ йилларга қамоққа ҳукм этилгани илҳомлантириб юборган.

Ўзини Абдуллоҳ деб таништирган қирғизистонлик қочқиннинг айтишича, новқатлик диндорлар жон сақлаш учун асосан Россияга келмоқдалар.

- Ҳозир қочқинлар жуда кўп. Новосибирскда, Якутскда жон сақлашиб юришибди. Уларнинг сони қанчалигини аниқ билмайман, лекин жуда кўп, дейди Абдуллоҳ.

Таъқиблардан қочиб Россияга кетишга мажбур бўлган Абдуллоҳнинг айтишича, қочқинларнинг ижтимоий-моддий вазияти ўта оғир аҳволда.

- Тирикчилик ўтказиш оғир. Русларга раҳмат, “Сизлар эътиқодингиз учун шу ерларда сарсон бўлиб юрибсизлар” деб, егани озиқ-овқат бериб туришади. Бундан ташқари, бу ерда ўзбекистонлик ва қирғизистонлик савдогарлар ҳам бизни қўллаб, уч-тўрт сўм бериб туришибди. “Ишлайлик” десак, иш йўқ, “ишга рухсатнома олиш учун расмий органларга мурожаат қилайлик” десак, бизни Қирғизистонга қайтариб юборишларидан чўчиймиз, дейди Абдуллоҳ.

Айни пайтда Москвада яшаётган ва БМТнинг Россиядаги ваколатхонасига қочқинлик мақоми олиш учун ҳужжатларини топширган Солиҳага кўра, унинг оиласи ҳам айнан диндорлиги учун тазйиққа учраган.

- Болаларим Новқатдаги мактабда ўқишар эди. “Сени отанг ваҳҳобий” деб, бир боламни мактабдан ҳайдашди. Қизимга “Отаси ваҳҳобий экан” деб, паспорт ҳам беришмади. Ҳолбуки, биз ҳеч қандай диний оқимларга алоқаси бўлмаган оддий диндорлармиз, дейди Солиҳа.

Унинг айтишича, шу кунларда Новқат туманида ҳижобли аёлларни таъқиб қилиш авж олган.

Бироқ Қирғизистон бош прокурори Элмурза Сотиболдиев бундай иддаоларни рад этади. Унинг айтишича, Қирғизистонда ҳеч ким сиёсий ва диний эътиқоди туфайли таъқиб қилинмайди.

- Бу ҳақда фақат битта гап айтиш мумкин: сиёсий қувғин йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Биз фақат жиноятчиларни таъқиб қилмоқдамиз. Жиноятчилар эса жамият эътиборини ўзига қаратиш учун жиноий таъқибни сиёсий таъқиб сифатида тақдим этишга уринмоқда, деди Элмурза Сотиболдиев.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар Қирғизистонда инсон ҳуқуқлари вазияти йилдан-йилга ёмонлашиб бораётганидан бонг урадилар. Халқаро ташкилотлар ҳисоботларида айтилишича, бу мамлакатда мухолифат вакиллари ва диндорларни таъқиб қилиш ҳолатлари кўпайган.

Қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азиза Абдурасулова халқаро ташкилотлар хулосасига қўшилади.

Ҳуқуқ фаоли Қирғизистонда нафақат мухолифат вакиллари ва диндорлар, балки мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганиш учун келган хорижликлар ҳам таъқиб қилинаётганини айтади.

Масалан, бундан аввалроқ Қирғизистонга Москвадаги “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Виталий Пономарёвнинг киритилмагани, Ўшга 2008 йилнинг октябр ойидаги Новқат воқеалари сабабларини ва диндорлар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларини ўрганиш учун борган москвалик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳром Ҳамроевнинг Миллий хавфсизлик хизмати томонидан 18 ноябрда қўлга олиниб, бир кеча қамоқда сақланиши бунга мисол бўла олади.

- “Мемориал” ташкилоти, Виталий Пономарёв Новқат воқеалари ва Миллий хавфсизлик хизматининг диндорлар ҳуқуқини бузаётганини ўрганиб, бу ҳақда халқаро жамоатчиликка ҳақиқатни еткизаётган эди. Шунинг учун ҳам Миллий хавфсизлик хизмати ўз ходимларининг ноқонуний ҳаракатлари элга ошкор бўлишидан қўрқиб, бу воқеаларни ўрганаётган шахсларни ҳам таъқиб қилмоқда, дейди Азиза Абдурасулова.

2008 йилнинг 1 октябр куни Новқат тумани марказига йиғилган диндорлар Рўза ҳайитини шаҳар бош майдонида тантанали тарзда ўтказилишини талаб қилиб, намойишга чиққан эдилар. Бу намойиш тартибсизликка айланиб кетган ва туман ҳокимияти биноси тошбўрон қилинган эди.

Пировардида тартибсизлик иштирокчилари сифатида айбланган 32 диндор эса 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинган эди.
XS
SM
MD
LG