Линклар

Осиё тараққиёт банки расмийлари ташкилотга аъзо 63 давлатга мурожаат қилиб, уларни энергетик инқироз ёқасига бориб қолган Тожикистонга кўмаклашишга чақирадиган бўлди.

Осиё тараққиёт банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Мосару Ҳонма 19 ноябр куни Тожикистон президенти Имомали Раҳмон билан учрашди.

Учрашувдан сўнг кўп сонли журналистларга матбуот анжумани берган Осиё тараққиёт банки расмийси суҳбат давомида Тожикистондаги энергетик муаммолар атрофида кўпроқ маълумотга эга бўлганини билдирди.

- Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ягона энерготизимидан чиқиб кетишига оид қарори ортидан Тожикистонда энергетик вазият ўтган йилларга қараганда янада муаммоли тус олганидан ташвишдамиз.

Ҳар йили Тожикистон томони ташкилотимизга 60-80 миллион долларга тенг 10-12 та лойиҳа тақдим этади. Аммо биз Тожикистонга кўмак масаласида шу маблағ билан чегараланиб қолмоқчи эмасмиз.

Тожикистонга молиявий кўмак кўрсатиш баробарида бу мамлакат шимолидаги Қайроққум ГЭСини замонавий техник ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда қатор энергетик лойиҳаларни молиялаштиришга ҳам ҳозирмиз, деди Мосару Хонма.

Осиё тараққиёт банки Марказий Осиё бўйича минтақавий директори ўз идорасининг 63 та аъзо давлатга мурожаат этиб, Тожикистонга энергетик муаммоларини ҳал этиши учун кўмаклашишга даъват этажагини билдирди.

Осиё тараққиёт банки расмийси Тожикистонга йилига 60-80 миллион доллар миқдорида сармоя ётқизаётганини билдириб турган бир пайтда мамлакатга четдан келаётган сармояларни назорат қилиш билан шуғулланувчи Тожикистон давлат мулкини бошқариш ва сармоя жалб қилиш қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Абдуғаффор Раҳимов бу борада аниқ маълумотга эга эмаслигини айтди.

Аснода маҳаллий мустақил таҳлилчилар Осиё тараққиёт банки расмийларининг Тожикистонга энергетик муаммоларни бартараф қилиш бўйича ёрдам бериш ваъдасига ишончмасликларини таъкидламоқдалар.

- Тожикистонга энергетик муаммоларини ҳал этишда кўмаклашиш ёки бўлмаса энергетик лойиҳаларни молиялаштириш борасидаги ваъдаларга кўпам ишониш керак эмас. Чунки ўтган шу 15 йил мобайнида Осиё тараққиёт банки ҳали бирор марта Тожикистондаги муҳим стратегик иншоотлардан бирортасига ўз улушини қўшмаган, дейди кузатувчи Рашид Ғани Абдулло.

Аммо бошқа бир кузатувчи, иқтисод фанлар доктори Ҳожимуҳаммад Умаров эса айнан Осиё тараққиёт банки молиявий ёрдамлари туфайли Тожикистон қатор иқтисодий ва ижтимоий лойиҳаларини муваффақиятли якунлаётганини маълум қилди.

- Тожикистонда қашшоқликни тугатиш, қишлоқ хўжалиги секторини ривожлантириш ҳамда республика энерготармоқларини реконструкциялашга оид лойиҳалар шулар жумласидандир, дейди Ҳожимуҳаммад Умаров.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Осиё тараққиёт банки молиявий кўмагида Тожикистонда 128 миллион долларга тенг бир неча лойиҳа амалга оширилмоқда. Улар энергетика, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳасига боғлиқ лойиҳалар экани билдирилди.
XS
SM
MD
LG